So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Ижодий таътилларни бериш тартиби

Ижодий таътилларни бериш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ижтимоий таътиллар ҳам бериш назарда тутилган ходимлар қуйидаги ижтимоий таътиллар олиш ҳуқуқидан фойдаланадилар:

 хомладорлик ва туғиш таътиллари (233-модда);

 болаларни арваришлаш таътиллари (232, 235, 235-моддалар);

 ўқиш билан боғлиқ таътиллар (252, 253, 254 ва 256-моддалар);

 ижодий таътиллар (258-модда). Бундай ижодий таътилларни бериш тартиби ва миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорида кўрсатилган.1

Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарорига 7-ИЛОВА

Ижодий таътиллар бериш

ТАРТИБИ

ИЖОДИЙ ТАЪТИЛЛАРНИНГ МУДДАТИ

1. Ишлаб чиқариш ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга муваффақиятли олиб борувчи шахслар учун илм толибларига номзодлик ва докторлик илмий даражаларини олиш диссертацияларини, шунингдек, дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларини тугаллашлари учун муаллифларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида асосий иш жойларидаги ўртача ойлик иш ҳақлари ва лавозимлари сақланган ҳолда:

номзодлик диссертациясини ва дарсликлар ҳамда ўқув-услубий қўлланмаларни тугаллашлари учун муаллифларга 3 ойгача;

докторлик диссертациясини тугаллаш учун 6 ойгача бўлган муддатга ижодий таътиллар берилади.

Ижодий таътилларга ҳақ тўлаш белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, шунингдек, илмий кадрлар тайёрлаш учун назарда тутиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

2. Жамоа шартномаларида ёки иш берувчи билан касаба уюшмаси Қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллар органи ўртасидаги битимга кўра мазкур Тартибнинг 1-бандида назарда тутилгандагига қараганда иш берувчининг маблағлари ҳисобига ижодий таътилларнинг муддати узоқроқ муддатга белгиланиши мумкин.

ДИССЕРТАЦИЯЛАРНИ ТУГАЛЛАШ УЧУН ИЖОДИЙ ТАЬТИЛЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ

3. Ижодий таътиллар:

давлат олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига — ушбу муассасалар Илмий кенгашининг тақдимномасига кўра директор (ректор) томонидан;

бошқа давлат корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари ходимларига — илм толиби бириктириб қўйилган олий ўқув юрти, илмий-тадқиқот муассасаси Илмий кенгашининг тақдимномасига кўра вазирлик (идора) томонидан берилади.

4. Илмий даражалар олувчи илм толибларига бериладиган ижодий таътилларни расмийлаштириш учун кафедра, шўъба, лаборатория ва шунга ўхшашлар Кенгашга сабаблари кўрсатилган илтимоснома юборади.

5. Ижодий таътил бериш тўғрисидаги тавсиянома илмий ишнинг муҳимлигини, олиб борилган тадқиқотларнинг ҳажмини ва диссертацияни таътил вақтида тугаллаш мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда Илмий кенгашлар томонидан берилади.

6. Илмий кенгаш тавсияномасида диссертацияни ниҳоясига етказиш учун зарур бўлган таътилни бериш вақти ва муддатлари кўрсатилади.

7. Ижодий таътил олган шахслар, таътил тамом бўлгандан сўнг, қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.

ДАРСЛИКЛАР ЁКИ ЎҚУВ-УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМАЛАР МУАЛЛИФЛАРИГА ИЖОДИЙ ТАЪТИЛЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ

8. Давлат олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига олий ўқув юрти, илмий-тадқиқот муассасаси Илмий кенгашининг тавсияномасига кўра дарсликлар ёки ўқув-услубий қўлланмалар ёзишлари учун асосий иш жойларидан ижодий таътил берилади.

9. Иш муаллифлар жамоаси билан ёзиладиган бўлганда ижодий таътил муаллифлар жамоасининг барча аъзолари томонидан тасдиқланган ёзма ҳолдаги аризага кўра муаллифлар жамоаси аъзоларидан бирига берилади.

10. Ижодий таътил тамом бўлгандан сўнг муаллиф олий ўқув юрти, илмий-тадқиқот муассасасининг Илмий кенгашига қўлёзма ҳолидаги ишни, асосий иш жойидаги муассаса, корхона, ташкилотнинг раҳбарларига эса ишнинг тугалланганлигини тасдиқловчи ҳужжат топширади.

ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

11. Нодавлат олий ўқув юртларида, илмий-тадқиқот муассасаларида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ижодий таътиллар бериш ҳамда уларнинг муддати жамоа шартномасида (агар у иш берувчи билан касаба уюшмалари қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллар органи ўртасидаги битимга кўра тузилмаган бўлса) ёхуд мазкур Тартибнинг 3-10-бандларида белгиланган тартибга мувофиқ ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланади.

12. Илмий даражалар олувчи илм толибларига, шунингдек, дарсликлар ёки ўқув-услубий қўлланмалар муаллифларига навбатдаги таътиллар, улар ижодий таътиллардан фойдаланганликларидан қатъи назар, қонун билан белгиланган тартибда берилади.

1 қТ. 1997 йил, 11-модда.