So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Qonunchilik / Xalqaro hujjatlar / Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-КОНВЕНЦИЯ
maj-mehnat00

Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-КОНВЕНЦИЯ

Мажбурий меҳнат тўғрисидаги

29-КОНВЕНЦИЯ

Женева, 1930 йил 28 июнь Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош Конференциясининг 14-Сессиясида қабул қилинган.

ЎзР Олий Мажлисининг 1997 йил 30 августдаги 492-I-сон Қарорига мувофиқ ратификация қилинган

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Бош конференцияси,

Халқаро Меҳнат Бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан Женевада чақирилиб ва 1930 йилнинг 10 июнида ўзининг ўн тўртинчи Сессиясига тўпланиб,

зўраки ёки мажбурий меҳнатга оид бир қанча таклифларни қабул қилишга қарор чиқариб ва бу Сессия кун тартибининг биринчи банди ҳисобланиб,

мазкур таклифларга халқаро конвенция шаклини беришга қарор қилиб,

бир минг тўққиз юз ўттизинчи йил июнь ойининг йигирма саккизинчи кунида, Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг қоидаларига мос равишда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг аъзолари томонидан ратификация қилиниши мақсадида, қуйидаги «Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 1930 йилги Конвенция» деб номланиши мумкин бўлган Конвенцияни қабул қилди:

1-модда

  1. Ушбу Конвенцияни ратификация қиладиган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси зўраки ёки мажбурий меҳнатни қўллашнинг барча шаклларини имкон қадар қисқа муддатда бекор қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
  2. Бунинг тўла бекор қилиниши мақсадида, зўраки ёки мажбурий меҳнат ўтиш даврида фақат жамоат мақсадларида ва истисно тариқасида қуйидаги моддаларда кўзда тутилган шарт ва кафолатлар билан қўлланиши мумкин.
  1. Ушбу Конвенция кучга кирган санадан бошлаб беш йил ўтгач, Халқаро Меҳнат Бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан қуйида келадиган 31-модда қоидаларига биноан маъруза тайёрланаётганида, мазкур Маъмурий кенгаш зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини кейинги ўтиш даврига узайтирмай бекор қилиш имкониятини ҳамда бу масалани Конференция кун тартибига киритиш кераклигини ёки керак эмаслигини кўриб чиқади.

2-модда

  1. Ушбу Конвенция мақсадлари учун «зўраки ёки мажбурий меҳнат» атамаси ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф этмаган ҳар қандай шахсдан ҳар қандай жазолаш таҳдиди остида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматни англатади.
  2. Лекин «зўраки ёки мажбурий меҳнат» атамаси ушбу Конвенция мақсадлари учун қуйидагиларни ўз ичига олмайди:

а) мажбурий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунлар кучига кўра талаб қилинадиган ва ҳақиқий ҳарбий тусдаги ишларга қўлланиладиган ҳар қандай ишни ёки хизматни;

  1. b) тўла ўзини-ўзи бошқарадиган мамлакат фуқароларининг одатдаги фуқаролик бурчларининг бир қисмини ташкил қиладиган ҳар қандай иш ёки хизматни;

с) ҳар қандай шахсдан суд органининг ҳукми оқибатида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ва хизматни, агар мазкур иш ва хизмат давлат ҳокимият органларининг кузатуви ва назорати остида бажарилса ҳамда мазкур шахс хусусий шахслар, компаниялар ёки бирлашмалар тасарруфига ўтказилмаса ёки берилмаса;

  1. d) фавқулодда ҳолатлар шароитида, яъни уруш ёки фалокат, ёки фалокат таҳдиди холатларида, масалан, ёнғин, сув тошқини, очлик, зилзила, кучли эпидемия ёки эпизоотик касаллик, зарарли ҳайвонлар, ҳашаротлар ёки паразитларнинг ҳужуми ҳолларида ва умуман жами аҳоли ёки аҳоли бир қисмининг ҳаёти ёки барқарор ҳаётий шароитини хавф остига қўядиган ёки қўйиши мумкин бўлган вазиятлар шароитида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматни;

е) жамоанинг майда хизматларини, яъни жамоанинг бевосита фойдаси учун шу жамоа аъзолари томонидан бажариладиган ва шу туфайли жамоа аъзоларининг одатдаги фуқаролик бурчлари деб ҳисобланиши мумкин бўлган ишларни, фақат ушбу жамоа аъзолари ёки унинг бевосита вакиллари шу ишларнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича маслаҳатлашиш ҳуқуқига эга бўлиши шарти билан.

3-модда

Ушбу Конвенция мақсадлари учун «ваколатли ҳокимият органи» атамаси метрополия ҳокимиятини ёки тегишли ҳудуднинг олий марказий ҳокимият органини англатади.

4-модда

  1. Ваколатли ҳокимият органи хусусий шахслар, компаниялар ёки бирлашмалар манфаати учун зўраки ёки мажбурий меҳнат тайинламайди ёки тайинланишига рухсат бермайди.
  2. Агар Ташкилотнинг ҳар қандай аъзосининг ушбу Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжати Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директори томонидан рўйхатга олинган пайтда унинг ҳудудида шунга ўхшаш зўраки ёки мажбурий меҳнат шакли хусусий шахслар, компаниялар ёки бирлашмалар манфаати учун мавжуд бўлса, унда мазкур Ташкилот аъзоси унинг учун ушбу Конвенция кучга кирган пайтдан бошлаб шундай зўраки ёки мажбурий меҳнатни тўла бекор қилади.

5-модда

  1. Хусусий шахсларга, компанияларга ёки бирлашмаларга берилган ҳеч бир концессия, шу хусусий шахслар, компаниялар ёки бирлашмалар томонидан фойдаланишга ёки сотишга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки тўплаш мақсадида зўраки ёки мажбурий меҳнат шакли қўлланилишига олиб келмайди.
  2. Агар шунга ўхшаш зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг шакли қўлланилишига олиб келувчи концессия қоидалари мавжуд бўлса, унда ушбу концессия қоидалари мазкур Конвенция 1-моддасининг кўрсатмаларини бажариш мақсадида имкон қадар қисқа муддатда бекор қилинади.

6-модда

Маъмурият амалдорлари, ҳатто уларнинг вазифаси уларга ишониб топширилган аҳолини қандайдир меҳнат шакли билан банд қилишга кўмаклашишдан иборат бўлса-да, ушбу аҳоли ёки алоҳида шахсларни хусусий шахслар, компаниялар ёки бирлашмалар учун ишлашга мажбур қилмайдилар.

7-модда

  1. Маъмурий мажбуриятларни бажармаётган бошлиқлар зўраки ёки мажбурий меҳнатга таяна олмайдилар.
  2. Маъмурий мажбуриятларини бажараётган бошлиқлар ваколатли ҳокимият органининг махсус рухсати билан ушбу Конвенциянинг 10-моддасида кўзда тутилган шартлар асосида зўраки ёки мажбурий меҳнатни қўллашлари мумкин.
  3. Лозим тарзда тан олинган ва бошқа шаклларда кераклича ҳақ олмайдиган бошлиқлар тегишли тартиб-қоидаларга мувофиқ шахсий хизматлардан фойдаланишлари мумкин, фақат бунда таҳқирлашларнинг олдини олиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилган бўлиши лозим.

8-модда

  1. Зўраки ёки мажбурий меҳнатни қўллаш зарурлиги ҳақидаги ҳар қандай қарор учун мазкур ҳудуднинг юқори фуқаролик ҳокимияти масъулдир.
  2. Шу билан бирга, мазкур ҳокимият юқори маҳаллий ҳокимият органларига зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳуқуқини бериши мумкин, агар бу меҳнаткашларнинг одатдаги турар жойларидан кўчирилишига олиб келмаса. Мазкур ҳокимият, шунингдек, ушбу Конвенциянинг 23-моддасида кўзда тутилган тартиб-қоидаларда белгиланган шартлар асосида ва муддатда, юқори маҳаллий ҳокимият органларига маъмурият амалдорларининг ўз вазифаларини бажариш пайтида кўчишини енгиллаштириш мақсади учун ва маъмурият юкларини ташиш мақсади учун меҳнаткашларнинг одатдаги турар жойларидан кўчирилишига олиб келувчи зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳуқуқини беришлари мумкин.

9-модда

Ушбу Конвенциянинг 10-моддасида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳуқуқига эга ҳокимият органи шу меҳнат шаклини қўллашга рухсат беришдан аввал қуйидагиларга олдиндан ишонч ҳосил қилади:

а) бажарилиши лозим бўлган хизмат ёки ишга мурожаат қилган жамоа учун ушбу хизмат ёки иш бевосита муҳим аҳамият касб этишига;

  1. b) шу хизмат ёки иш ҳозир ва яқин вақтларда зарур бўлишига;

с) шу ҳудудда шунга ўхшаш хизмат ёки иш соҳасида ўрнатилган иш ҳақидан ва шароитдан кам бўлмаган иш ҳақи ёки шароит таклиф қилинганига қарамай, шу хизмат ёки ишни бажариш учун ихтиёрий иш кучи олиш иложи бўлмаганлигига;

  1. d) мавжуд иш кучини ва унинг шу ишни бажариш қобилиятини эътиборга олиб, бу иш ёки хизмат оқибати аҳоли учун жуда оғир юк бўлмаслигига.

10-модда

  1. Солиқ сифатида талаб қилинадиган зўраки ёки мажбурий меҳнат ҳамда жамоат ишларини бажариш учун маъмурий вазифаларни бажараётган бошлиқлар мурожаат қиладиган зўраки ёки мажбурий меҳнат аста-секин бекор қилинади.
  2. Шу тугатилгунга қадар, зўраки ёки мажбурий меҳнат солиқ сифатида талаб қилинадиган ҳолларда ҳамда зўраки ёки мажбурий меҳнатга жамоат ишларини бажариш учун маъмурий вазифаларни бажараётган бошлиқлар мурожаат қилаётган ҳолларда тегишли ҳокимият олдиндан қуйидагиларга ишонч ҳосил қилади:

а) бажарилиши лозим бўлган хизмат ёки ишга мурожаат қилган жамоа учун ушбу хизмат ёки иш бевосита муҳим аҳамият касб этишига;

  1. b) шу хизмат ёки иш ҳозир ва яқин вақтларда зарур бўлишига;

с) мавжуд иш кучи ҳамда унинг шу ишни бажариш қобилиятини эътиборга олиб, бу иш ёки хизмат оқибати аҳоли учун жуда оғир юк бўлмаслигига;

  1. d) шу иш ёки хизматни бажариш меҳнаткашларни уларнинг одатдаги турар жойларидан кўчишга мажбур этмаслигига;

е) шу иш ёки хизмат бажарилишига раҳбарлик дин, жамоат ҳаёти ва қишлоқ хўжалик талабларига мувофиқ тарзда олиб борилишига.

11-модда

  1. Зўраки ёки мажбурий меҳнатга фақат катта ёшли, меҳнатга лаёқатли ва ёши ўн саккиздан кам бўлмаган ва қирқ беш ёшдан катта бўлмаган эркаклар жалб қилиниши мумкин. Ушбу Конвенциянинг 10-моддасида кўзда тутилган тоифадаги ишлардан ташқари, қуйидаги чеклашлар ва шартлар қўлланилади:

а) маъмурият томонидан тайинланган врачнинг мазкур шахсларнинг юқумли касалликлар билан оғримаганини ҳамда улар талаб қилинаётган иш ва меҳнат шароитлари учун жисмонан яроқлилигини имкон қадар олдиндан аниқлаш;

  1. b) мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларни, шунингдек умуман, маъмурият меҳнаткашларини озод қилиш;

с) ҳар бир жамоада оилавий ва ижтимоий ҳаёт учун зарур бўлган катта ёшли меҳнатга лаёқатли эркаклар сонини қўллаб-қувватлаш;

  1. d) оилавий ва эр-хотинлик алоқаларни ҳурмат қилиш.
  2. Мазкур модда 1-бандининг «с» кичик бандида кўрсатилган мақсадларда ушбу Конвенциянинг 23-моддасида кўзда тутилган қоидалар доимий аҳолининг катта ёшли меҳнатга лаёқатли эркаклар улушини белгилайди, бироқ улар айни пайтда зўраки ёки мажбурий меҳнатга шундай шарт билан жалб қилиниши лозимки, бу улуш ҳеч бир ҳолда мазкур аҳолининг 25 фоизидан ошмаслиги керак. Мазкур улушни белгилашда ваколатли ҳокимият органи аҳоли зичлигини, шу аҳолининг ижтимоий ва жисмоний ривожини, йил фаслини ва шу шахслар томонидан уларнинг турар жойларида ва уларнинг номидан бажарилиши керак бўлган ишларни ҳисобга олади ва умуман мазкур жамоа нормал турмушининг иқтисодий ва ижтимоий эҳтиёжларини эътиборда тутиши лозим.

12-модда

  1. Ҳар қандай шахсни турли шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб этиш мумкин бўлган энг кўп муддат йилига олтмиш кундан ошмаслиги керак, бунда иш жойига бориш ва қайтиш вақти шу олтмиш кун ичига киритилади.
  2. Зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган ҳар бир меҳнаткашга у ишлаган шу меҳнат даври кўрсатилган гувоҳнома берилади.

13-модда

  1. Зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган ҳар бир шахснинг нормал иш куни давомийлиги эркин ёлланган меҳнаткаш меҳнат шароитлари учун амалда қўлланиладиган иш кунининг давомийлигидек бўлиши керак ва одатдаги нормадан ташқари ишланган вақтга худди эркин ёлланган меҳнаткашга одатдаги иш вақтидан ташқари ишга ҳақ тўланадиган миқдоридек ҳақ тўланади.
  2. Ҳар қандай шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган барча шахсларга ҳафтада бир марта дам олиш куни берилади ва бу кун имкон қадар мазкур ҳудуд ёки минтақанинг анъаналари ҳамда одатлари билан белгиланадиган кунга тўғри келиши лозим.

14-модда

  1. Ушбу Конвенциянинг 10-моддасида кўзда тутилган зўраки ва мажбурий ишлардан ташқари, барча шаклдаги зўраки ёки мажбурий меҳнат учун, меҳнатга жалб қилинган ёки ёлланган ҳудудда шундай турдаги ишларга нисбатан қўлланилаётган миқдордан кам бўлмаган миқдорда, юқори миқдор қандай бўлишидан қатъи назар, нақд пулда ҳақ тўланади.
  2. Иш маъмурий вазифаларни бажарувчи бошлиқлар томонидан тайинланган бўлса, аввалги банднинг қоидаларига мувофиқ шартларда, имкон қадар қисқа муддатда ҳақ тўлаш жорий қилинади.
  3. Иш ҳақи ҳар бир меҳнаткашга шахсан берилиши керак, унинг бошлиғига ёки қандайдир бошқа ҳокимият органига берилмайди.
  4. Иш ҳақини олиш мақсадида иш жойига бориш ва қайтиб келиш учун кетган кунлар ишланган кунлар деб ҳисобланади.
  5. Ушбу модда меҳнаткашларга одатдаги озиқ-овқат паёкларини иш ҳақининг бир қисми сифатида беришни тақиқламайди, фақат бу паёклар қиймати камида уларга таклиф қилинган маблағ миқдорига тенг бўлиши керак. Лекин иш ҳақидан на солиқ учун, на меҳнаткашларни алоҳида меҳнат шароитларида ишни давом эттира оладиган ҳолатда сақлаш мақсадида алоҳида овқатлантириш, кийинтириш учун ёки турар жой билан таъминлаш учун, на уларга иш асбоблари берганлик учун ҳеч қандай чегирмалар ушлаб қолинмайди.

15-модда

  1. Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари учун компенсация беришга оид ҳар қандай қонун ҳужжатлари ҳамда шу ҳудудда ишлаган ёки ишлайдиган, вафот этган ёки меҳнат лаёқатини йўқотган меҳнаткашларнинг қарамоғида турган шахсларга нафақалар тўланишини кўзда тутувчи ҳар қандай қонун ҳужжатлари зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган шахсларга нисбатан худди эркин ёлланган меҳнаткашларга қўлланиладигандек тенг асосда қўлланилади.
  2. Ҳар қандай ҳолатда, меҳнаткашни зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилаётган ҳар бир ҳокимият органи зиммасига, агар ушбу меҳнаткаш ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида ҳаётий эҳтиёжлар учун ишлаш қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотган бўлса, ушбу меҳнаткашнинг ҳаёт кечиришини таъминлаш, шунингдек вафот этган ёки иш натижасида меҳнат қобилиятини йўқотган мазкур меҳнаткаш қарамоғида ҳақиқатан турадиган ҳар қандай шахсни боқишни таъминлаш чораларини кўриш мажбурияти юклатилади.

16-модда

  1. Зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган шахслар, фавқулодда зарурат ҳолларидан ташқари, овқатланиш шароити ва иқлим шароити одатдаги ҳаёт шароитидан соғлиққа хавф соладиган даражада ажралиб турадиган ҳудудларга ўтказилмаслиги керак.
  2. Меҳнаткашлар шароитга мослашиши учун ва улар соғлиғини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган гигиена ва уй-жой шароитига нисбатан барча чора-тадбирлар қатъий амалга оширилмагунича меҳнаткашларни бундай ўтказишга ҳеч қандай ҳолда рухсат берилмаслиги керак.
  3. Агар шундай ўтказишнинг олдини олиш мумкин бўлмаса, ваколатли тиббиёт муассасаси маслаҳати асосида меҳнаткашларнинг янги овқатланиш ва иқлим шароитига аста-секин мослашувини таъминловчи чора-тадбирлар кўрилиши керак.
  4. Агар мазкур меҳнаткашлар улар учун одатдаги бўлмаган мунтазам иш бажаришга жалб қилинган бўлса, уларни ишнинг шу турига мослашувини таъминлаш учун, жумладан, аста-секин ўқитиш, иш соатлари, дам олиш учун танаффуслар билан таъминлаш ва зарур бўлганича овқат рационини яхшилаш ёки кўпайтириш чора-тадбирлари кўрилиши керак.

17-модда

Меҳнаткашларни қурилиш ёки маъмурий ишларни бажариш учун зўраки ёки мажбурий меҳнатга, яъни оқибати узоқ вақт давомида мазкур меҳнаткашлар иш жойларида қолиб кетишга олиб келувчи меҳнатга жалб қилишга рухсат беришдан олдин, ваколатли ҳокимият органи қуйидагиларга ишонч ҳосил қилади:

1) меҳнаткашларнинг соғлиғини сақлаш учун ва зарур тиббий ёрдамни таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилишига ва жумладан:

а) меҳнаткашлар иш бошлангунга қадар тиббий кўрикдан ўтказилишига ҳамда улар ишда банд бўлган бутун муддат давомида муайян вақт оралиқларида тиббий кўрикдан ўтиб туришига;

  1. b) етарлича тиббий меҳнаткашлар билан таъминланишига, шу билан бирга, ҳар қандай эҳтиёжлари учун зарур диспансерлар, шифохоналар, госпиталлар бунёд қилинишига ва улар зарур жиҳозлар билан таъминланишига;

с) иш жойида қониқарли гигиеник шароит билан таъминланишига, меҳнаткашларнинг ичимлик суви, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи, шунингдек ошхона асбоб-ускуналари билан таъминланишига ва зарурат бўлган ҳолда қониқарли кийим-бош ва уй-жой бериш кўзда тутилишига;

2) меҳнаткаш оиласининг ҳаёт шароитини таъминлаш учун тегишли тадбирлар кўрилишига, жумладан, меҳнаткашлар иш ҳақининг бир қисмини уларнинг розилиги ёки илтимоси билан ишончли тарзда оилаларига юборилишини енгиллаштириш йўли билан;

3) меҳнаткашларнинг иш жойига бориши ва қайтиб келиши маъмурият томонидан унинг масъулияти остида ва унинг ҳисобига таъминланишига. Маъмурият эса, ўз навбатида, транспортнинг барча мавжуд воситаларидан имкон қадар кенгроқ фойдаланилишини таъминлаш орқали шу бориш-келишларни енгиллаштиради;

4) касаллик ёки бахтсиз ҳодиса туфайли меҳнаткаш меҳнат лаёқатини вақтинча йўқотган ҳолда меҳнаткаш маъмурият ҳисобидан репатриация қилинишига;

5) зўраки ёки мажбурий меҳнат муддати тугаган ҳар қандай меҳнаткаш эркин ёлланувчи меҳнаткаш сифатида қолишни истаса, икки йил давр мобайнида бепул репатриация қилиниш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаган ҳолда шундай қолишга рухсат берилишига.

18-модда

  1. Шахслар ёки юкларни ташиш мақсадидаги зўраки ёки мажбурий меҳнат, масалан, юкчилар ва эшкакчилар меҳнати имкон қадар қисқароқ муддатда бекор қилинади. Шунга қадар, ваколатли ҳокимият органи, жумладан, қуйидагиларни белгилайдиган тартиб-қоидаларни эълон қилади:

а) шу меҳнат шаклидан фақат маъмурият амалдорларининг ўз вазифаларини бажариш пайтида кўчишини енгиллаштириш мақсадида ёки маъмурият юкларини ташиш мақсадида, ёки амалдор бўлмаган бошқа шахсларни ташишга ниҳоятда шошилинч зарурат пайдо бўлганда фойдаланиш мажбуриятини;

  1. b) шу ишларга ёлланган меҳнаткашларни, агар бунинг иложи бўлса, соғлиғи мазкур ишларга тўғри келиши бўйича тиббий текширувдан ўтказишни; агар бунинг иложи бўлмаса, мазкур меҳнаткашларни ёллаган шахс шу меҳнаткашлар соғлиғи мазкур ишларга тўғри келишига ва улар юқумли касаллик билан оғримаслигига ишонч ҳосил қилиш масъулиятини олишини;

с) меҳнаткаш ташиши лозим бўлган юкнинг энг оғир вазнини;

  1. d) меҳнаткашлар уларнинг уйларидан жалб қилиниши мумкин бўлган энг узоқ масофани;

е) ойнинг ёки бошқа муддатнинг меҳнаткашлар меҳнатга жалб қилинишлари мумкин бўлган энг кўп кунлари миқдорини, жумладан, меҳнаткашлар уйларига қайтиши учун кетадиган кунларни қўшган ҳолда;

  1. f) зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг мазкур шаклига жалб қилиш ҳуқуқига эга шахсларни, шунингдек улар ваколатларининг чегараларини.
  2. Аввалги банднинг «с», «d» ва «е» кичик бандларида гап борадиган максимумни аниқлашда ваколатли ҳокимият органлари бу масалага тааллуқли барча тегишли омилларни, шу жумладан, меҳнаткашлар жалб қилинаётган аҳолининг жисмоний лаёқатини, меҳнаткашлар томонидан босиб ўтилиши лозим бўлган йўналиш хусусиятини, шунингдек иқлим шароитини ҳисобга олади.
  3. Бундан ташқари, ваколатли ҳокимият органи мазкур меҳнаткашларнинг кундалик нормал йўналиши ўртача иш кунидек саккиз соат давом этадиган масофадан ошмаслигини таъминлайди, бунда шу масофани аниқлаганда нафақат юк вазни ва йўналиш узунлиги, балки йўлнинг ҳолати, йил фасли ва шунга тааллуқли бошқа барча омиллар ҳам ҳисобга олинади, шу билан бирга, агар йўналиш вақти давомийлиги кундалик нормал йўналиш давомийлигидан ошса, у ҳолда оддий миқдордан ошадиган миқдор бўйича ҳақ тўланади.

19-модда

  1. Ваколатли ҳокимият органи ерга мажбурий ишлов беришни қўллашга фақат очлик ёки озиқ-овқат маҳсулотларининг етишмаслигининг олдини олиш мақсадларида ва ҳар доим бунинг натижасида олинган маҳсулотлар ёки озиқ-овқатлар уларни етиштирган шахслар ва жамоанинг ўзиники бўлиши шарти билан рухсат беради.
  2. Ушбу модда, жамоа аъзоларининг мажбуриятини, яъни қонунга ёки одатларга мувофиқ жамоада талаб этилаётган ишни бажариш мажбуриятини, — ишлаб чиқариш қонун ёки одатларга мувофиқ жамоавий асосида ташкил қилинса ва маҳсулотлар ёки шу маҳсулотларни сотишдан келган фойда жамоанинг ўзиники бўлиб қолса, — бекор қилишга асос бўла олмайди.

20-модда

Жамоани унинг ҳар қандай аъзоси томонидан содир этилган жиноятлари учун жазолашни кўзда тутувчи жамоавий жазолаш қонунчилиги жамоанинг зўраки ёки мажбурий меҳнатини жазо чораси сифатида кўзда тутувчи қоидаларни ўз ичига олмаслиги керак.

21-модда

Зўраки ёки мажбурий меҳнат шахталарда ер ости ишларини бажариш учун қўлланилмайди.

22-модда

Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилот аъзоларининг — ушбу Конвенциянинг амалга оширилиши юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги, Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг 22-моддаси қоидаларига мувофиқ Халқаро Меҳнат Бюросига тақдим этиладиган — ҳар йилги маърузалари имкон қадар қуйидагилар тўғрисида тўлароқ ахборотларни ўз ичига олиши керак: ҳар бир тегишли ҳудуд тўғрисида; шу ҳудудда зўраки ёки мажбурий меҳнатни қўллашнинг барча ҳолатлари тўғрисида; шу меҳнат қайси мақсадларда қўлланилиши тўғрисида; касалланиш ва ўлим даражалари тўғрисида; иш вақти; иш ҳақи тўлаш усуллари ва иш ҳақи миқдорлари тўғрисида; шунингдек шунга доир бошқа маълумотлар тўғрисида.

23-модда

  1. Ушбу модда қоидаларини ҳаётга татбиқ қилиш учун ваколатли ҳокимият органи зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг қўлланилишини бошқарувчи тўлиқ ва аниқ тартиб-қоидаларни белгилайди.
  2. Бу тартиб-қоидалар, жумладан, зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган ҳар бир шахсга, унга тақдим этиладиган меҳнат шароитларига нисбатан ҳокимият органларига ўз эътирозини билдиришга рухсат этадиган ва шу эътирознинг кўриб чиқилиши ва эътиборга олинишини кафолатлайдиган қоидаларни ўз ичига олади.

24-модда

Зўраки ёки мажбурий меҳнатнинг қўлланилишини бошқарувчи тартиб-қоидалар қатъий равишда ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш учун барча ҳолларда тегишли чора-тадбирлар кўрилади, хусусан, оддий меҳнатни назорат қилиш учун таъсис этилган ҳар қандай меҳнат инспекцияси органининг мажбуриятини зўраки ёки мажбурий меҳнатни назорат қилиш вазифаси билан кенгайтириш орқали ёки исталган бошқа мос келадиган усул ёрдамида. Шунингдек бу тартиб-қоидалар ҳақида зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган шахсларни хабардор қилиш чоралари кўрилади.

25-модда

Зўраки ёки мажбурий меҳнатга ноқонуний жалб қилиш жиноий тартибда таъқиб қилинади ҳамда ушбу Конвенцияни ратификация қиладиган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси қонунда кўрсатилган санкцияларнинг чинакам самарадорлигини ва уларга қатъий риоя қилинишини таъминлаши шарт.

26-модда

  1. Ушбу Конвенцияни ратификация қиладиган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси уни ўз суверенитети, юрисдикцияси, ҳимояси, сюзеренитети, васийлиги ёки бошқаруви остида турган ҳудудларга нисбатан, у ички юрисдикцияси масалаларига таъсир этиш ҳуқуқига эга бўлган даражада қўллаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Бироқ Ташкилотнинг ушбу аъзоси Халқаро Меҳнат Ташкилоти Устави 35-моддасининг қоидаларидан фойдаланишни истаса, у ўзининг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатига қуйидаги маълумотларни кўрсатувчи декларация илова қилади:

1) ушбу Конвенция қоидаларини ўзгартиришларсиз қўллашни мўлжаллаган ҳудудлар тўғрисидаги маълумот;

2) ушбу Конвенция қоидаларини ўзгартиришлар билан қўллашни мўлжаллаган ҳудудлар тўғрисидаги ва шу ўзгаришларнинг тафсилотлари тўғрисидаги маълумот;

3) ўз қарорини сақлаб туришни мўлжаллаган ҳудудлар тўғрисидаги маълумот.

  1. Кўрсатилган декларация ратификациянинг ажралмас қисми деб ҳисобланади ва ратификация кучига эга. Ташкилотнинг ҳар қандай аъзоси навбатдаги декларацияси орқали ушбу модда 1-бандининг 2 ва 3-кичик бандлари қоидалари кучига кўра унинг аввалги декларациясида айтиб ўтилган барча шартлардан ёки уларнинг бир қисмидан воз кечиши мумкин.

27-модда

Ушбу Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги расмий ҳужжатлар Халқаро Меҳнат Ташкилоти Уставининг қоидаларига биноан рўйхатга олиниши учун Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директорига юборилади.

28-модда

  1. Ушбу Конвенция, фақатгина, ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Халқаро Меҳнат Бюроси томонидан рўйхатга олинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг аъзоларинигина боғлайди.
  2. Ушбу Конвенция, Халқаро Меҳнат Ташкилоти икки аъзосининг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган санадан кейин ўн икки ой ўтгач кучга киради.
  3. Кейинчалик ушбу Конвенция Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси учун унинг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжати рўйхатга олинган санадан кейин ўн икки ой ўтгач кучга киради.

29-модда

Халқаро Меҳнат Бюросида Халқаро Меҳнат Ташкилоти икки аъзосининг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари рўйхатга олиниши билан, Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директори бу ҳақда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг барча аъзоларига хабар беради. Бош директор, шунингдек кейинчалик Ташкилотнинг бошқа аъзолари томонидан юбориладиган ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг рўйхатга олинганлиги ҳақида Ташкилотнинг барча аъзоларига хабар беради.

30-модда

  1. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг аъзоси Конвенция дастлаб кучга кирган санадан ўн йил ўтганидан кейин, Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директорига рўйхатга олиш учун юборилган акт орқали Конвенцияни денонсация қилиши мумкин. Бундай денонсация денонсация акти Халқаро Меҳнат Бюроси томонидан рўйхатга олинганидан кейин бир йил ўтгач кучга киради.
  2. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, юқоридаги бандда қайд этилган ўн йиллик муддат ўтганидан кейин бир йил ичида мазкур моддада кўзда тутилган денонсация ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, навбатдаги беш йиллик муддатни кутишга мажбур бўлади ва шунга мувофиқ, у мазкур модда шартлари бўйича ушбу Конвенцияни ҳар беш йиллик муддат тугаши билан денонсация қилиши мумкин бўлади.

31-модда

Ҳар гал, Халқаро Меҳнат Бюроси Маъмурий кенгаши зарур деб топганда, Бош конференцияга ушбу Конвенциянинг қўлланилиши тўғрисидаги маърузани тақдим этади ва уни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқиш ҳақидаги масалани Конференция кун тартибига киритиш кераклигини ёки керак эмаслигини кўриб чиқади.

32-модда

  1. Агар Конференция мазкур Конвенцияни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқадиган янги конвенция қабул қилса, Ташкилотнинг бирор-бир аъзоси томонидан қайта кўриб чиқилган янги конвенциянинг ратификация қилиниши, қонуннинг ўз кучи билан, муддатидан ва 30-модда қоидаларидан қатъи назар, мазкур Конвенциянинг зудлик билан денонсация қилинишига олиб келади, бунда қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган бўлиши керак.
  2. Янги, қайта кўриб чиқилган конвенция кучга кирган санадан эътиборан мазкур Конвенциянинг Ташкилот аъзолари томонидан ратификация қилиниши тўхтатилади.
  3. Ҳар қандай ҳолатда, мазкур Конвенция, уни ратификация қилган, аммо қайта кўриб чиқилган янги конвенцияни ратификация қилмаган Ташкилот аъзолари учун амалдаги шакли ва мазмуни ўз кучида қолаверади.

33-модда

Мазкур Конвенциянинг инглизча ва французча матнлари бир хил кучга эга.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг асосий конвенциялари ва тавсиялари, 2008 йил, 40-бет.

Ушбу ҳужжатни .docформатида қуйидаги ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

(Манба: www.kasaba.uz)

0
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

maj-mehnat00

Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-конвенция

Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-конвенция Женева, 1957 йил 25 июнь Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош Конференциясининг …