So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Adabiyotlar / Referatlar / Йиллик меҳнат таътили

Йиллик меҳнат таътили

КИРИШ

АСОСИЙ ҚИСМ

  1. Меҳнат таътиллари тушунчаси, уларнинг турлари
  2. Меҳнат таътилларини бериш ва улардан фойдаланиш тартиби. Меҳнат таътилини узайтириш, уни бошқа муддатга кўчириш ва қисмларга бўлиш. Ходимни меҳнат таътилидан муддатидан аввал чақириб олиш

III. Йиллик меҳнат таътиллари учун ҳақ тўлаш, меҳнат таътилини пуллик компенсация билан алмаштириш

ХУЛОСА

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

КИРИШ

Ўзбекистоннинг демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлига ўтиши ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларга янгича ёндашиш, эски андозалардан воз кечиш ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олишни объектив асосда талаб қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тан олинган барча қоидаларни ўзида мустаҳкамлагани ва демократийлиги билан ажралиб туради. Хусусан, Конституциянинг 38-моддасида ёлланиб ишлаётган барча фуқароларнинг дам олиш ҳуқуқига эга эканлиги, иш вақти ҳамда ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгилаб қўйилиши мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ходимларнинг иш вақти чегараси ва ҳақ тўланадиган дам олишнинг минимал муддатларини ва уларни тақдим этиш кафолатларини белгилаб қўйган.

Маълумки, Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 1936 йилги 52-сонли “Ҳақ тўланадиган таътил” ҳақидаги Конвенциясига қўшилган. Янги меҳнат қонунчилиги ҳақ тўланадиган таътил бериш соҳасида кафолатнинг янада юқори даражаси кўзда тутилган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 1970 йилги 132-сонли Конвенциясига кўп даражада яқинлаштирилганлиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган фуқароларнинг мазкур ҳуқуқларини амалга ошириш юзасидан мамлакатимизда кўплаб махсус қонунлар, қонуности норматив ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида[1]”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунлар фуқароларимизнинг меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқларни рўёбга чиқарилишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳамда адолатли меҳнат шароитларида ишлашга оид конституциявий нормаларни амалга ошириш юзасидан бир қанча қоидаларни ўзига бириктирган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ ходимларнинг ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш, муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш, қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқларини белгилаб қўйган.

 Мазкур норманинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 16-моддасида ходимларнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари белгилаб қўйган бўлиб улар қуйидагилардан иборат:

— ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш;

— муддатлари чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш, бир қатор касблар ва ишлар учун иш кунини қисқартириш, ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, байрам кунлари, шунингдек ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар бериш орқали таъминланадиган дам олиш;

— хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш;

— касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

— иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига ёки мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

— касаба уюшмаларига ҳамда ходимлар ва меҳнат жамоаларининг манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга бирлашиш;

— қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш;

— ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш;

— жамоаларга доир меҳнат низоларида ўз манфаатларини қувватлаш ҳуқуқига эгадир.

Ходимларнинг асосий меҳнат ҳуқуқлари модда матнидан кўриниб турибдики, унда фақат меҳнат ҳуқуқининг институтлари бўйича асосий меҳнат ҳуқуқлари санаб ўтилган холос. Бундан ташқари ходимлар қонун ҳужжатлари ва корхоналарнинг локал норматив ҳужжатларида белгиланган қўшимча ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Дам олиш вақтининг алоҳида тури бўлиб ҳисобланувчи меҳнат таътилларини олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ходимларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини устувор даражада ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Меҳнат таътиллари тушунчаси, уларнинг турлари

Ходимларнинг дам олиш вақти турлари ичида таътилларнинг ўрни жуда катта ҳисобланади. Буни уларнинг турларидан ҳам кўришимиз мумкин: меҳнат таътиллари, ижтимоий таътиллар, махсус таътиллар. Ушбу таътил турлари таътилларнинг деярли муҳим қисмини ташкил қилади. Энди таътилларнинг алоҳида тури сифатида меҳнат таътилларини кўриб чиқсак. Йиллик меҳнат таътили – бу вақтнинг шундай бир муайян даврики, унинг муддати қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганидан кам бўлмайди ва ҳар бир ходимга узлуксиз дам олиш ҳамда меҳнат қобилиятини тиклаш учун иш жойи(лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ҳар йили берилади.[2] Айни пайтда йиллик меҳнат таътиллари таътилларнинг бошқа турлари, хусусан ижтимоий таътиллар, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллардан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 133-моддасида мувофиқ, барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик бўйича ишлаётган ходимларга ҳам дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.

 Иш жойи(лавозими)сақланиши деган тушунча меҳнат таътилида бўлган вақтида ходимни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказиш мумкин эмаслигини, шунингдек у билан тузилган меҳнат шартномаси ана шу муҳлат мобайнида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмаслигини англатади. Ходим таътилда, жу жумладан меҳнат таътилида бўлган даврида белгиланган тартибда ариза беришга ва ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини таътил тугагунига қадар бекор қилишга ҳақлидир. Агар муддатли меҳнат шартномасининг тугаш муддати таътил даврига тўғри келиб қолган, тарафлар эса унинг амал қилиш муддатини узайтириш хусусида келишувга эришмаган бўлсалар, бундай меҳнат шартномаси таътил вақтида бекор қилиниши мумкин.

 Меҳнат шартномаси тузган ҳамда иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларни йўлга қўйган ҳар бир ходим муддати қонун ҳужжатларида белгиланган йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга. Ходимларнинг йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқи иш жойига, бажарадиган меҳнат вазифасига, корхонада амалга оширилаётган хўжалик фаолияти асосланган мулк шаклига, меҳнат шартномаси муддатига, иш вақти режимига ва шу кабиларга боғлиқ эмас.

 Маълумки, илгари меҳнат таътили олиш ҳуқуқидан вақтинча ишлаётган ва мавсумий ишларда ишлаётган ходимлар фойдаланмас эдилар. Ҳозирда ушбу тартиб бекор қилиниб, уларнинг ҳам йиллик меҳнаттаътилидан фойдаланиш ҳуқуқлари берилган.

 Йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқидан ўриндошлик асосида ишлаётганлар ҳам асосий, ҳам ўриндошлик иши бўйича, касаначилик қилаётган ходимлар, айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар, маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналарга жамоат ишларини бажариш учун белгилаб қўйилган минимал иш жойлари миқдори ҳисобидан юборилган ходимлар ҳамда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бошқа шахслар, шунингдек ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар умумий асосларда фойдаланадилар.

 Айтилганлардан хулоса шуки, ходимга ҳар қандай ҳолда ҳам иш берувчи ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътилини бериши шарт, бундай таътилнинг энг кам муддати у ёки бу тоифадаги ходимлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган ва кафолатлангандир.

 Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида йиллик меҳнат таътилларининг иккита тури, яъни асосий ва қўшимча таътиллар белгиланган. Асосий таътил ўз навбатида минимал асосий таътил ҳамда узайтирилган асосий таътилга бўлинади.

 Минимал асосий таътил қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 134-моддасига биноан унинг муддати ҳар бир иш йилида ўн беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак. Агар локал норматив ҳужжатларда ёки якка тартибдаги шартномавий асосда йиллик асосий таътил календарь кунлар билан белгиландиган бўлса, бундай ҳолларда ҳам таътил даври камида ўн беш иш кунига тўғри келиши керак.

 Узайтирилган асосий таътил – муддати ўн беш иш кунидан кўпроқ бўлган асосий таътиллардир. Меҳнат кодекси 135-модасининг биринчи қисмига биноан ёши ва соғилғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда муддати камида 30 календарь кундан иборат бўлган йиллик узайтирилган асосий таътил 18 ёшга тўлмаган шахсларга ҳамда I ва II гуруҳ ногиронларига белгиланиши мумкин.

 Меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, амалдаги қонун ҳужжатлари бошқа кўпгина тоифадаги ходимларга ҳам йиллик узайтирилган асосий таътил белгилашни назарда тутади.

 Жумладан, янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 75-модасига биноан мамлакатимизнинг амалдаги суд тизимига мансуб барча судьяларга 36 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган йиллик таътил тайин этилади. Узайтирилган асосий таътил хусусан қуйидагиларга:

— олий ўқув юртлари, малака ошириш институтларининг ўқитувчиларига мудати 48 иш кунидан иборат бўлган таътил берилади. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, мазкур ўқув юртларининг маъмурият ва ўқув-илмий бўлимлари ходимларига(ректорлар, директорлар), уларнинг илмий ва ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари, илмий котиблар, бўлинмалар мудирлари, илмий бўлимлар бошлиқлари, илмий-тадқиқот бўлимлари мудирлари, аспирантура, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиёти раҳбарлари, услубиятчилар, катта илмий ходимлар, илмий ходимлар муддати 24 иш кунидан иборат йилик узайтирилган таътил берилади. Бироқ юқорида айтиб ўтилган ўқув юртларининг ректорлари, уларнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректорлари, факультетларнинг деканлари, бўлинмалар мудирлари, илмий бўлимлар бошлиқлари, аспирантура ва талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиёти раҳбарлари, шунингдек илмий котиблар ўзларининг асосий ишлари билан бир қаторда шу ўқув юртида йиллик норманинг камида учдан бир миқдорида дарс берадиган бўлсалар, уларнинг йиллик таътили муддати 48 иш кунига қадар узайтирилади;

— мактаблар ва педагогика билим юртларининг директорлари, илмий бўлимлар мудирлари, ўқитувчилар, ҳарбий раҳбарлар ва мактаб инспекторлари, куни узайтирилган мактаблар ҳамда мактаблардаги куни узайтирилган гуруҳ тарбиячилари, мактаб-интернат тарбиячиларига муддати 48 иш кунидан иборат; лаборантларга муддати 24 иш кунидан иборат; алоҳида режимдаги мактабларининг тарбиячиларига муддати 48 иш кунидан иборат таътил берилади;

— болалар боғчаларининг мудирлари, тарбиячиларига, тўгарак раҳбарларига, мусиқа ходимларига муддати 36 иш кунидан иборат таътил берилади;

— болалар уйлари ҳамда алоҳида режимдаги болалар боғчалари, ходимларига;директорлари, уларнинг ўқув-тарбия бўйича ўринбосарлари, ўқитувчилари, тарбиячилари, тўгарак раҳбарлари, мусиқа ходимлари, меҳнат таълими йўриқчилари, эшитиш кабинетлари йўриқчиларига 48 иш кунидан иборат; бўлинмалар, устахоналар мудирлари, врачлар, фельдшерлар, тиббиёт ҳамширалари, эвакуаторлар, энага ҳамда кийим-кечак, ётоқ анжомларини берувчиходимларга 24 иш кунидан иборат таътил берилади;

— педагогика ва мактабгача тарбия услубият кабинетларининг мудирлари, услубиятчилари ва йўриқчиларига 36 иш кунидан иборат таътил берилади;

— мактабдан ташқари болалар муассасалари директорларига 24 иш кунидан, шу муассасалардаги тўгараклар раҳбарларига эса 36 иш кунидан иборат таътил берилади.

 Йиллик қўшимча таътил – айрим тоифадаги ходимларга асосий таътил, шу жумладан узайтиилган асосий таътилдан ташқари бериладиган таътилдир.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида” 1995 йил 21 декабрдаги қарорига мувофиқ, тегишли қонун қабул қилингунга қадар давлат органлари хизматчилари учун илгари белгиланган таътил муддати сақланиб қолган1.

 Шунингдек, меҳнат қонунчилигида айрим тоифа ходимлар учун қўшимча таътиллар бериш назарда тутилган ва тегишли қонун ҳужжатларида кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 136-моддасига мувофиқ, йиллик қўшимча таътиллар:

— меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган ходимларга (137-модда);

— оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга (138-модда);

— меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда берилади.

 Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузурида Меҳнат шароитлари давлат экспертизаси, унинг таркибий бўлинмаси сифатида фаолият кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 29 июлдаги 378-сонли қарори билан тасдиқланган Меҳнат шароитлари давлат экспертизаси тўғрисидаги низомга мувофиқ, бу органнинг асосий вазифаларидан бири ноқулай меҳнат шароитлари учун бериладиган имтиёз ва компенсаияларни тартибга солувчи норматив-услубий асосларни ишлаб чиқиш, меҳнат шароитлари бўйича қўшимча таътил ва қисқартирилган иш куни белгилананидиган рўйхатлар ва кўрсаткичларнинг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек бу руйхатларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида хулосалар тайёрлаш, меҳнат шароитларини баҳолаш, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш усуллари ва меҳнат шароитларини экспертиза қилиш учун нормативларни ишлаб чиқиш ва янгилаш каби масалалардан иборат1.

 Шунга мувофиқ, меҳнат шароитларини баҳолаш ва меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни Сақлаш вазирлиги билан келишиб тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 1996 йил 28 майда рўйхатга олинган Услубият асосида белгиланган.

 Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида” 2001 йил 11 майдаги 216-II-сон қонунига биноан аҳолига сил касаллигига қарши ёрдам кўрсатишда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимлар меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос ишларда банд бўлган шахслар жумласига киритилади ва уларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар берилади2.

 Меҳнат кодексининг 137-моддасида меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган ходимларга қўшимча таътил бериш кўзда тутилган. Бундай қўшимча таътил одатда иш жараёнида соғлиғига физикавий, кимёвий, биологик ва бошқа ишлаб чиқариш омиллари зарарли таъсир этадиган ходимларга ноқулай меҳнат шароитида ишлаганликлари учун берилади.

     Корхоналарда қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, таътилларнинг муддатлари, уларни бериш тартиби ва шартлари тармоқ келишувлари, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади. Агар бундай шартномалар тузилмайдиган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб иш берувчи томонидан белгиланади. Бу ҳужжатлар, албатта, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган Меҳнат шароитларини баҳолаш услубияти асосида белгиланади. Ҳозирги кунда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш жойларини аттестациядан ўтказиш услубияти тасдиқланиб, Адлия вазирлигида 1996 йил 28 майда 247-рақам билан рўйхатга олинган. Ушбу услубиятга мувофиқ, белгиланган қўшимча йиллик таътиллар муддати жамоа келишувлари ва шартномаларига киритилади.

 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 138-моддасида оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга йиллик қўшимча таътил бериш кўзда тутилган. Бундай қўшимча таътиллар, одатда, ходимларга оғир ва табиий-иқлим шароитида жиҳатидан ноқулай меҳнат шароитида ишлаганликлари учун берилади.

 Корхоналарда қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, таътилларнинг рўйхати, таътилларниг муддатлари, уларни бериш тартиби ва шартлари тармоқ келишувлари, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади. Агар улар тузилмайдиган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб, иш берувчи томонидан белгиланади. Қўшимча таътиллар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган Меҳнат шароитларини баҳолаш услубияти асосида белгиланади. Ҳозирги кунда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш жойларини аттестациядан ўтказиш услубияти тасдиқланиб, Адлия вазирлигида 1966 йил 28 майда 247-сон билан рўйхатга олинган.

 Ишнинг алоҳида тусдаги эканлиги, шунингдек ўта заҳарли ва ўта оғир меҳнат шароити учун қўшимча таътилнинг энг кам муддати, уни бериш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорига мувофиқ белгиланган. Шундай ишлардаги ходимлар учун қўшимча таътилларнинг энг кам муддати камида 12 иш куни этиб белгиланган1. Шуни ҳам айтиш жоизки, жамоа шартномаси ва келишувларида бу муддат бундан ҳам кўпроқ қилиб белгиланиши мумкин. Табиий-иқлим шароити оғир ва ноқулай жойлар рўйхати ҳамда йиллик қўшимча таътилнинг энг кам муддати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланади.

 Тармоқ келишувлари, жамоа шартномаларида табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бошқа ҳам ходимларга йиллик қўшимча таътил бериш назарда тутилиши мумкин.

 Йиллик меҳнат таътилларининг аниқ муддати корхоналарда локал тартибда, шунингдек ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномасида минимал асосий таътил, айрим тоифадаги ходимлар учун эса узайтирилган асосий таътил муддатини, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган қўшимча таътилларни инобатга олган ҳолда белгиланади.

Меҳнат таътилларини бериш ва улардан фойдаланиш тартиби. Меҳнат таътилини узаётириш, уни бошқа муддатга кўчириш ва қисмларга бўлиш. Ходимни меҳнат таътилидан муддатидан аввал чақириб олиш

Меҳнат кодексининг 139-моддасида календарь бўйича ходимнинг таътилда бўлиши муддатини ҳисоблаб чиқаришнинг умумий қоидаси мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур моддага мувофиқ, таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига иш кунлари деб ҳисобланмайдиган байрам кунлари тўғри келиб қолса, таътил муддатини ҳисоблашда бу байрам кунлари ҳисобга олинмайди. Бундай тартиб ҳам беш кунлик, ҳам олти кунлик иш ҳафтаси режимида таътилларнинг бир хил муддатли бўлишини таъминлайди. Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга, шу жумладан узайтирилган таътилларга ҳам қўшиб жамланади.

 Қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетмаслиги керак. Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил йили билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб олинади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

 Йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 142-моддасида белгиланган. Мазкур моддага мувофиқ, иш стажига қуйидагилар:

— иш йилида ҳақиқатда ишланган вақт;

— ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт;

— бундан болани парваришлаш учун қисман ҳақ тўланадиган таътил ва иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътиллар мустаснодир;

— меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги натижасида қилинган ҳақ тўланадиган мажбурий прогул вақти, башарти ходим кейинчалик аввалги ҳақ тўланадиган мажбурий прогул вақти, башарти ходим кейинчалик аввалги ишига тикланган бўлса;

— тармоқ келишувлари, жамоа шартномалари ва корхонанинг ўзга локал ҳужжатлари, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа даврлар киради.

 Жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида, меҳнат шартномасида, хусусан иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил муддати икки ҳафтадан кўп бўлмаган таътиллар вақтини ҳам йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қўшиш назарда тутилиши мумкин.

Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда йиллик қўшимча таътилларни олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқаришнинг алоҳида қоидалари ҳам назарда тутилиши мумкин.

 Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида” 2001 йил 29 августдаги қонунига биноан прокуратура органлари ходимларига муддати 30 календарь кундан иборат йиллик таътил берилади. Шунингдек 15 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимларига 5 календарь кун, 25 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга бўлганларга эса 10 календарь кун миқдорида қўшимча таътил берилади1.

 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 144-моддасига мувофиқ, йиллик меҳнат таътилларини бериш навбати ҳар бир календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқлайдиган жадвалга мувофиқ белгиланади.

 Меҳнат таътиллари жадвали бевосита Меҳнат кодексида назарда тутилган локал норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади ва у ҳар бир корхонада мажбурий тартибда ишлаб чиқилиши шарт.

 Йиллик меҳнат таътилларини бериш навбати жадвалда шундай мўлжал билан белгиланиши керакки, токи улардан фойдаланиш, нормал ишлаб чиқариш жараёнини бузмаслиги керак.

 Шунингдек, жадвални тузишда ходимларнинг айрим тоифалари учун меҳнат таътилларидан фойдаланиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган кафолатларга риоя этиш, корхонанинг бошқа ходимлари манфаатларини ҳисобга олиш зарур. Яъни, ходимларга меҳнат таътили, агар бу ишлаб чиқариш жараёнига ва корхонанинг нормал ишлаб туришига хаал бермаса, йилнинг улар учун қулай вақтида берилиши керак.Бироқ буни ҳар бир корхонада таъминлаш ҳамиша ҳам мумкин бўлавермайди. Шу сабабли айрим ходимларга таътилни бошқа вақтда бериш ҳам назарда тутилиши мумкин.

 Айрим корхоналарнинг шарт-шароити ва улар бажарадиган вазифаларнинг хусусияти меҳнат таътилини бир вақтнинг ўзида барча ёки кўпчилик ходимларига (масалан, умумий таълим муассасаларининг педагог ходимларига ўқувчиларнинг ёзги таътили даврида, ишлари мавсумий хусусиятга эга бўлган корхоналарнинг ходимларига ва ҳ.к.) бериш имкониятини яратади.

 Меҳнат таътили даврида ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан холи қилинар экан, жадвални тузиб чиқишда таътилдан фойдаланиш вақтини аниқ белгилаш муҳимдир.

 Меҳнат таътилидан фойдаланишнинг жадвалда белгилаб қўйилган вақти ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўзгартирилиши мумкин.

 Умумий қоидага кўра, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлагандан кейин берилади.          Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш белгиланган кундан эътиборан ҳисобланади. Таътил қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади:

— биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларига;

— 18 ёшга тўлмаган шахсларга;

— муддатли ҳарбий хизматдан заҳирага бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;

— ўриндошлик асосида ишлаётганларга — ўриндошликдаги иш вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўланиб асосий иш жойдаги таътил билан бир вақтда;

— ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, ҳунар-техника билим юртларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида, малака ошириш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқитилаётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилашни хоҳласалар;

— технологиядаги, меҳнат ва ишлаб чиқаришни ташкил қилишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёки корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга.

Мактаблар, ҳунар техника билим юртлари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, малака ошириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил шу ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъий назар, ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади.

 Меҳнат таътили ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

 Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра, жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг 12 иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, таътил кўчирилган йили ундан албатта фойдаланмоғи лозим.

 Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга йиллик таътилни бермаслик ман этилади.

 Йиллик асосий таътил иккинчи ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади (МКнинг 143-моддаси). Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар жадвалга мувофиқ белгиланади. Жадвал ярим йил тугагандан кейин шу даврда ишга янги қабул қилинган ходимларни ҳисобга олиб тўлдирилади. Таътиллар жадвали иш берувчи томонидан касабалар уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланади.

 Меҳнати таътилини бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак. Айрим тоифа ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади. Жумладан:

— 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган нигорон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;

— 1 ва 2-гуруҳ ногиронларига;

— 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;

— ўн сакииз ёшга тўлмаган шахсларга;

— таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга;

— жамоа шартномаси келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади. Таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти ходим билан иш берувчининг келишувига асосан ўзгартирилиши мумкин.

 Қонунда кўрсатилган ҳолларда ходимлар таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар. Чунончи:

— вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;

— ҳомиладорлик ва туғиш таътилни вақти бошланганда;

— йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;

— давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.

 Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, бундай ҳолда ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда, таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади. Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт. Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун иш ҳақи олмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига биноан бошқа вақтга кўчирилади.

 Қонунчиликда таътилни қисмларга бўлишга ҳам йўл қўйилади. Ходимнинг хоҳишига кўра, унинг ёзма аризасига асосан таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг фойдаланиладиган бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

 Қоидага кўра, таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми шу иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки кейинги иш йилининг таътилига қўшиб берилиши керак.

 Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади. Таътил ҳақи жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунидан кечиктирмай тўланади.

Йиллик меҳнат таътиллари учун ҳақ тўлаш, меҳнат таътилини пуллик компенсация билан алмаштириш

 Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилигига мувофиқ, йиллик меҳнат таътиллари даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади.

 Барча ҳолларда, шу жумладан ходимга таътилнинг фойдаланилмаган ва бошқа вақтга кўчирилган қисми берилганда таътил учун ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш ходимнинг меҳнат таътили ёки унинг фойдаланилмаган қисми бошланмасидан олдинги охирги иш кунидаги хизмат маоши ёки тариф бўйича амалга оширилади.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорига мувофиқ, ходим меҳнат таътилида бўлган даврда тариф ставкалари, хизмат маошлари миқдорлари оширилган тақдирда, таътилнинг ходим мазкур корхонада иш ҳақи миқдори оширилгандан кейин амалда фойдаланган кунларига тўғри келадиган иш кунлари сони учун ҳақ қайта ҳисоблаб чиқилади.

 Жамоа келишуви, жамоа шартномаси ёки бевосита меҳнат шартномаси билан йиллик меҳнат таътиллари учун қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.

 Меҳнат таътили учун пул суммасини тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилиши керак.

 Илгари меҳнат қонунлари кодекси таътилни пуллик компенсация билан алмаштиришни қатъиян ман этарди ва уни фақат меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган таътил учунгина тўланишини назарда тутарди. Ҳозирги вақтда қонун ҳужжатлари бу масалани бошқача ҳал этилишига эътибор қаратиш керак.

 Биринчидан, меҳнат шартномаси бекор қилинганда, агар тарафлар ходимга ҳақ тўланадиган таътилни тўла ёки қисман асли ҳолида бериш тўғрисида келишувга эришмасалар, йиллик асосий ва қўшимча таътилларнинг фойдаланилмаган кунлари учун, аввалгидек, пулли компенсация тўланаши керак.

 Бундан ташқари, ходимнинг хоҳишига кўратаътилни пуллик компенсация билан алмаштириш эндиликда нафақат меҳнат шартномаси бекор қилинганда, балки муайян талабларга риоя этилган тақдирда иш даврида ҳам мумкин. Ана шу талабларни билиш бу нормани тўғри қўлланиш учун муҳим амалий аҳамиятга эга. Негаки, қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларнинг барчаси ҳам пуллик компенсация билан алмаштирилавермайди.

 Ҳар қандай ҳолда ушбу масалани ҳал этишда шунга эътибор бериш керакки, на ходим, на иш берувчи ҳатто амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган таътиллар ўрнига ва шу қонун ҳужжатлари йўл қўядиган бир томонлама тартибда қарор қабул қила олмайди. Шуниси ҳам борки, ходимнинг иш берувчи билан бундай алмаштириш ҳақида келишуви фақат ходимнинг илтимоисга биноан бўлиши мумкин.

 Қонун ҳужжатлари таътилни пуллик компенсация билан алмаштириш мумкинлигинигина назарда тутади, ходимнинг бундай хоҳиши ҳар бир ҳолда бажаравериш мажбуриятини иш берувчи зиммасига юкламайди. Демак, иш берувчи ходимнинг таътилни пуллик компенсация билан алмаштириш ҳақидаги илтимоисни қаноатлантиришни рад этишга ва унга таътилнинг бутун муддатини асли ҳолида беришга ҳақли.

 Амалдаги қонун ҳужжатлари ходимларга меҳнат таътиллари ва ижтимоий таътиллар берилишини кафолатлайди. Меҳнат таътилини пуллик компенсация билан алмаштиришнинг умумий тартиби Меҳнат кодексининг 151-моддасида назарда тутилган. Мазур модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишга кўра, йиллик меҳнат таътилининг қонун ҳужжатларида белгиланган энг оз муддатидан (15 иш кунидан) отиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Ушбу модданинг учинчи қисми мустаҳкамланиб қўйилганки, ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бир қатор қўшимча таътиллардан фақат асли ҳолида фойдаланилиши керак ва улар пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин эмас. Жумладан, энг кам муддати қонун ҳужжатлари билан белгиланган қуйидаги қўшимча таътилларни пулик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди, бинобарин улардан асли ҳолида фойдаланиши мумкин:

—         ноқулай ва ўзига хос меҳнат шароитда ишлаганлик учун бериладиган қўшимча таътил;

—         оғир ва ноқулай табиий иқлим шароитларида ишлаганлик учун бериладиган қўшимча таътил.

 Меҳнат таътилининг 12 иш кунидан ортиқ қисми ходимнинг розилиги билан кейинги йилга кўчирилиши мумкин. Кейинги йили таътил муддати тегишлича шунча иш кунига кўпаяди. Бундай ҳолатда умумий қоида қўлланлиши керак бўлади. Яъни, ўтган йилдан кўчирилган таътилнинг камида 15 иш куни ходимга дам олиш учун асли ҳолида берилиши керак, қолгани- пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Бунда қўшимча таътилларнинг айрим турлари пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмаслигини унутмаслик лозим. Хусусан, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаганлик учун бериладиган, кейинги иш йилига кўчирилишига йўл қўйилмайдиган қўшимча таътил ёки бошқа қўшимча таътил қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда кейинги йилга кўчирилган бўлса, улар кейинги йилда ҳам ходимга асли ҳолида берилиши керак.

 Баъзи объектив сабабларга кўра меҳнат таътили узилиб қолган ҳолларда қолган, узайтириладиган кунлар учун ҳақ тўланмайди, чунки ходим таътилга чиқишдан олдин улар учун иш ҳақи олган.

 Меҳнат таътили узилиб қолган вақт учун ҳақ тўлаш унинг узилиб қолишига сабаб бўлган ҳолатларга боғлиқ бўлади.

 Мисол учун агар таътил узилишга касаллик сабаб бўлса, ходимга таътил вақтидаги бутун касаллик даври учун белгиланган тартибда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади. Ҳарбий-ўқув йиғинларига чақирилиш туфайли таътилнинг узилиб қолган даври учун ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиши керак ва ҳ.к.

 Агар ходим билан иш берувчининг келишувчига кўра таътилнинг фойдаланилмаган қисми бошқа муддатга кўчирилган бўлса, таътилнинг фойдаланилмаган кунларига тўғри келадиган пул суммаси ходим таътилдан қайтганидан кейин ишлаган вақт учун жорий иш ҳақи ҳисобига қўшилиши мумкин. Таътилнинг фойдаланилмаган кунлари ходимга бошқа вақтда берилгани тақдирда, улар учун ҳақ тўлаш белгиланган тартибда янгидан амалга оширилади.

ХУЛОСА

 Мустақиллика эришганимиздан кейин эркин иқтисодий муносабатлар жорий этилаётган бир шароитда меҳнат муносабатлари соҳасида ходимларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни таъминлаш долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Хусусан меҳнатга оид муносабатларни шартномавий тартибга солишнинг роли ошган ҳозирги шароитда нафақат қонунлар билан, балки локал норматив ҳужжатлар (жамоа шартномалари, жамоа келишувлари, меҳнат таътиллари жадвали, мукофотлаш тўғрисидаги қоидалар) ва меҳнат шартномасида ходимларнинг қўшимча меҳнат ҳуқуқлари белгилаб қўйилмоқда. Ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда уларга тақдим этилган ҳуқуқларга риоя этиш иш берувчилар, шунингдек бошқа барча назорат қилувчи органлар учун мажбурий ҳисобланади.

Меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимлар ҳуқуқлари бузилган ёки манфаатларига зарар етказилган деган хулосага келсалар ўзининг бузилган ҳуқуқларини иш берувчидан тиклаб беришларини сўрашлари ҳамда етказилган зарарни қоплашни талаб қилишлари мумкин. Ходимларнинг ҳуқуқларини корхона доирасида ҳимоя қилишда касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, шунингдек меҳнат жамоалари катта рол ўйнайди ва улар бу соҳада аниқ ваколатлар соҳиби ҳисобланадилар.

 Ходимларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқларини, хусусан уларнинг йиллик меҳнат таътилларидан фойдаланиш жараёнида амалиётда меҳнат қонунчилиги талабларини бузиш ҳолатлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

1)    корхона, ташкилот, муассасаларда таътиллар жадвалини ишлаб чиқишга масъулият билан ёндошмаслик, иш берувчи билан ходимлар вакиллик органларининг бу борадаги вазифалари асосан бир томонлама бажаралиши ёки айрим корхоналарда умуман ўз вақтида тузилмаслиги;

2)    ходимларга ҳар бир иш йилида тақдим этилиши лозим бўлган меҳнат таътиллари тақдим этилмаслиги;

3)    фойдаланилмаган меҳнат таътилларининг энг кўп муддати компенсация қилиниши тартибига оид қоидаларнинг мавжуд эмаслиги;

4)    ходимларни меҳнат таътилларига чиқиш ҳақида огоҳлантиришга оид талабларга иш берувчининг риоя қилмаслиги ва ходимни талаб қилмаслиги;

5)    меҳнат таътилларидан қисмларга бўлиб фойдаланишга оид қоидаларнинг қўпол равишда бузилиши;

6)    меҳнат таътилларини пуллик компенсация билан алмаштиришга оид талабларни иш берувчилар томонидан бузилиши;

7)    меҳнат таътиллари пулларини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган даврларни, таътил пули миқдорлари ва уларни бериш муддатларига риоя қилиш интизомининг яхши эмаслиги;

8)    меҳнат таътилларидан ходимнинг розилигисиз чақириб олиш ва фойдаланилмаган таътилни тақдим этиш тартибларининг бузилиши.

 Ходимнинг дам олиш ҳуқуқи мансабдор шахслар томонидан бузилиши меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш тариқасида баҳоланади, бундай қилганлик учун айбдор мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка торитилиши мумкин.[3]

 Ходимлар ўзининг бузилган ҳуқуқларини турли давлат органларига мурожаат қилиш орқали тиклаш имкониятига эгалар. Жумладан, меҳнат таътилларидан фойданиш соҳасида ҳуқуқлари бузилган ходимлар ариза билан корхонанинг юқори турувчи органига, суд идораларига мурожаат қилишлар мумкинлиги қонун билан кафолатланган.

 Ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд органлари орқали ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Чунки ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш энг самарали усуллардан бири эканлиги жаҳон тажрибасида кўп йиллар давомида ўз исботини топиб келмоқда.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Каримов И.А. Конституция — юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишнинг ҳуқуқий асоси. Т., Ўзбекистон, 2003 йил
  2. Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш ва ишлаш асосий мезон. Т., Ўзбекистон, 2004 й.
  3. Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз — жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этишдир. Т., Ўзбекистон, 2005.
  4. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари – энг олий қадрият. Т., Ўзбекистон, 2005.
  5. Каримов И.А. Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш – устувор вазифамиздир. Халқ сўзи, 2006 йил 8 декабрь сони.
  6. Каримов И.А. Янгиланиш ва барқарор тарққиёт йўлидан янада изчил ҳаракат қилиш, халқимиз учун фаровон турмуш шароити яратиш – асосий вазифамиздир. Халқ сўзи, 2007 йил 13 февраль сони.
  7. Ҳ.Б.Бобоев, А.Х.Саидов, Ш.Ш.Шораҳметов ва бошқ. Инсон ҳуқуқлари. Ўқув қўлланма. Т.: Ўзбекистон, 1997 й. -260 б.
  8. Иноятов А.А. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси нашриёт уйи, 2002.- 383 б.
  9. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Дарслик.- Т.: Молия, 2002.- 279 б.
  10. 11. Турсунов Й. Трудовое право Республики Узбекистан. Учебник. -Т.: ТДЮИ, 2005.- 251с.
  11. 12. Турсунов Й. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув қўлланма.- Т.: Молия, 1999.- 187 б.
  12. 13. Турсунов Й.,Усманова М. Меҳнат ҳуқуқи.Ўқув қўлланма.-Т.: Молия, 2001.- 227 б.
  13. 14. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистоннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Меҳнат шартномаси (контракт). Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: 1999.-528 б.
  14. 15. Гасанов М.Ю., Соколов Е.А. Ўзбекистонннинг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари. Иш вақти ва дам олиш вақти.Ўқув-услубий қўлланма.-Т.: Ўқитувчи, 2000.-511 б.
  15. 16. Турсунов Й., Усманова М., Нуриддинова А. Меҳнат ҳуқуқи. Ўқув-услубий қўлланма.- Т.: ТДЮИ, 2003.-51 б.

[1] Ўзбекистоннинг янги қонунлари. Т: Адолат, 1993 й. 8-сон, 103-бет.

[2] М.Ю.Гасанов. Иш вақти ва дам олиш вақти. Т: Ўқитувчи, 2001 й., 226-бет.

1 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси., 1996 йил 1-сонга илова.

1 қТ. 1993 йил, 7-сон, 29-модда.

2 Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами. 2001 йил, 10-сон, 52-модда.

1 ҚТ. 1997 йил, 3-сон, 11-модда.

1 “Халқ сўзи” газетаси. 2001 йил 27 октябрдаги 220 (2782)-сони.

[3] Гасанов М.Ю., Соколов Е. Иш вақти ва дам олиш вақти. Т.:Ўқитувчи, 2001 й. 189-б.

2
4

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

otpuska-ppp

Ҳақ тўланадиган таътил тўғрисидаги 52-КОНВЕНЦИЯ

Ҳақ тўланадиган таътил тўғрисидаги 52-КОНВЕНЦИЯ Женева, 1936 йил 24 июнь Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош Конференциясининг 20-сессиясида қабул …

3 комментария

  1. ruzimurad@bk/ru

    Кимларга канча кун мехат татили берилиши жадвалини кайердан билсак булади

    2
    0
  2. ruzimurad@bk/ru

    Аникрок айтганда мен бухгалтерман шу боисдан ходимлар мехнат таътилларини хаммасини билишим керак

    1
    0