So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Qonunchilik / Pensiya qonunchiligi / Nafaqalar / Болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом

Болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги

107-сон қарорига  1-ИЛОВА

Болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

Низом

юклаб олинг!

*.doc(ўзб)     *.pdf      *.doc(рус)

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом 16 ёшдан катта болаликдан ногиронларга, 16 ёшгача ногирон болаларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга ҳар ойлик нафақалар (кейинги ўринларда нафақа деб аталади) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Нафақа Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.

2. Нафақа олиш ҳуқуқига тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан болаликдан I гуруҳ ногиронлари, болаликдан II гуруҳ ногиронлари деб эътироф этилган 16 ёшдан катта шахслар (кейинги ўринларда 16 ёшдан катта болаликдан ногирон деб аталади), касалликнинг босқичидан қатъи назар, ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахслар, шунингдек нафақа олиш ҳуқуқини берадиган тиббий хулоса мавжуд бўлган тақдирда 16 ёшгача ногирон болалар (кейинги ўринларда ногирон бола деб аталади) эгадирлар.

3. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар нафақа олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан сўнг бирор-бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда унинг тайинланиши учун мурожаат қилишлари мумкин.

4. Нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тайинланади. Бунда ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа қонун ҳужжатларида болаликдан ногиронлар учун белгиланган миқдорда тайинланади.

Нафақани тайинлаш ва тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси бўлими деб аталади) томонидан амалга оширилади.

II. Нафақа тайинлаш

5. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза (кейинги ўринларда ариза деб аталади):

ОИВ инфекциясига чалинган шахс ва 16 ёшдан катта болаликдан ногирон томонидан;

ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг ва муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан;

ногирон боланинг, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

6. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) 16 ёшдан катта болаликдан ногирон томонидан — паспортининг нусхаси;

а1) 16 ёшдан катта ОИВ инфекциясига чалинган шахс томонидан — паспортининг нусхаси ва соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан белгиланган тартибда бериладиган тиббий хулоса;

б) муомалага лаётқатсиз деб эътироф этилган 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг ва ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан — муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг ва 16 ёшдан катта ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг паспорти нусхаси, ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси;

в) ногирон боланинг, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийси томонидан — ногирон бола, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, ногирон боланинг ва 16 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг яшаш жойини тасдиқлайдиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси, соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан белгиланган тартибда бериладиган тиббий хулоса, ариза берган ота-она, фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомийнинг паспорти нусхаси;

Фарзандликка олувчи, васий ёки ҳомий томонидан ариза билан мурожаат қилинганда туман (шаҳар) ҳокимининг фарзандликка олиш, васийлик ёки ҳомийликни белгилаш тўғрисидаги қарорининг нусхаси ҳам тақдим этилади.

Пенсия жамғармаси бўлими аризага Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тиббий-меҳнат эксперт комиссиясидан олинган 16 ёшдан катта болаликдан ногиронни тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани илова қилади.

7. Аризани қабул қилиб олган Пенсия жамғармаси бўлими томонидан ариза берувчига ариза қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар қабул қилинганлиги ҳақида тилхат берилади.

8. Ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга тушган кундан бошлаб ўн кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза мазкур Низомнинг 6-бандига мувофиқ барча зарур ҳужжатлар билан бирга Пенсия жамғармаси бўлими томонидан қабул қилиб олинган кун нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

Агар ариза почта орқали юборилса ва бунда барча зарур ҳужжатлар тақдим этилса, у ҳолда ариза жўнатилган жойнинг почта штемпелида кўрсатилган сана нафақа тайинлаш тўғрисида мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

Аризага барча зарур ҳужжатлар илова қилинмаган ҳолларда ариза берувчига уч кун муддатда қандай ҳужжатларни қўшимча равишда тақдим этиш зарурлиги маълум қилинади. Агар бу ҳужжатлар қўшимча ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги тўғрисида билдиришнома олинган кундан бошлаб уч ойдан кечикмай тақдим этилса, у ҳолда ариза қабул қилиб олинган кун нафақа тайинлаш тўғрисида мурожаат қилинган кун ҳисобланади.

9. Нафақа барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади. 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга нафақа ногиронликнинг бутун даврига тайинланади. Ногирон болага нафақа тиббий хулоса берилган муддатга тайинланади. ОИВ инфекциясига чалинган шахсга нафақа у ўн саккиз ёшга тўлгунгача бўлган муддатга тайинланади.

10. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган муддат мобайнида рад этиш сабаби (сабаблари) ва қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартибини кўрсатиб, ариза берувчи томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини илова қилган ҳолда билдиришномани ариза берувчининг қўлига беради ёки почта орқали жўнатади.

11. Нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлаш рад этилиши тўғрисидаги қарор юзасидан ариза берувчи томонидан бевосита судга ёки Пенсия жамғармаси бўлимининг юқори органига шикоят қилиниши мумкин.

12. Ариза тақдим этилган барча ҳужжатлар билан биргаликда нафақа олувчининг алоҳида шахсий ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.

III. Нафақа тўлаш

13. Нафақа Пенсия жамғармаси бўлими томонидан 16 ёшдан катта ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг ва болаликдан ногироннинг, нафақа тайинланган 16 ёшдан катта болаликдан ногироннинг, ногирон боланинг ёки ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг ота-онаси, фарзандликка олувчиси, васийси ёки ҳомийсининг яшаш жойи бўйича тўланади.

Нафақа олувчининг доимий пропискаси бўлмаса ва у фақат вақтинча прописка қилинган бўлса (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олинган бўлса), нафақа вақтинчалик прописка (Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида келган жойи бўйича ҳисобга олиш)нинг амал қиладиган муддати мобайнида тўланади. Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нафақа яшаш ҳужжати амал қиладиган муддат давомида тўланади.

14. Нафақаларни тўлаш ҳар ойда Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган муддатларда, бироқ жорий тўлов ойидан кечикмай амалга оширилади.

Нафақалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома бўйича тўланиши мумкин.

15. Қайта тиббий текширишдан ўтказиш муддати ўтказиб юборилганда нафақаларни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 55-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Нафақа олувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида доимий яшаш учун бошқа туман (шаҳар)га кўчганда нафақани тўлаш янги яшаш жойи бўйича тегишли Пенсия жамғармаси бўлими томонидан нафақа олувчининг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди олингандан кейин шу туман (шаҳар)да давом эттирилади. Бундай ҳолда нафақа тўлаш илгариги яшаш жойи бўйича нафақа тўлаш тўхтатилган вақтдан бошлаб давом эттирилади. Нафақа олувчиларни ҳисобдан чиқариш ва янги яшаш жойида ҳисобга олиш тартиби, шунингдек уларнинг йиғма жилдларини жўнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.

16 ёшдан катта болаликдан ногирон, ногирон бола ёхуд ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахс доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетганда нафақа тўлаш тўхтатилади;

Нафақа тўлашнинг тўхтатилиши ёки қайта тикланишига олиб келадиган бошқа ҳолатлар (нафақа тайинланган шахслар тўлиқ давлат таъминотига ўтказилганда ёки «Меҳрибонлик», «Саховат», «Мурувват» уйларига ва шу кабиларга юборилганлиги ёки ундан қайтиб келганлиги сабабли тўлиқ давлат таъминотидан чиқарилганда) пайдо бўлганда нафақа тўлаш тегишли ҳолатлар пайдо бўлган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўхтатилади ёки тикланади.

16. 16 ёшдан катта болаликдан ногирон, ногирон бола ёки ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахс озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган тақдирда тайинланган нафақани тўлаш тўхтатилади ва жазони ўташдан озод этилгандан кейин тикланади.

17. Олувчи томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган ҳисобланган нафақа суммаси уни олиш учун мурожаат қилингандан олдинги ўн икки ойдан ортиқ бўлмаган муддат учун бир йўла тўланади.

Пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмаган нафақа суммаси бирор-бир муддат билан чеклашсиз бир йўла тўланади.

18. ОИВ инфекциясига чалинган шахсга ва 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга тайинланган нафақа, унга унинг ҳақ тўланадиган ишни бажаришидан ёки бошқа турдаги даромадлар (стипендиялар, алиментлар ва шу кабилар) олишидан қатъи назар, тўланади.

Ногирон болага, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсга тайинланган нафақа унга бошқа пенсиялар ва нафақалар, шу жумладан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақаси олишидан қатъи назар, тўланади.

Ҳар хил нафақаларнинг турларини олиш ҳуқуқига эга бўлган 16 ёшдан катта ОИВ инфекциясига чалинган шахсга ва болаликдан ногиронга унинг танлаши бўйича нафақанинг бир тури тайинланади.

Нафақага ёки «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат пенсиясининг турларидан бирига ҳуқуқи бўлган ОИВ инфекциясига чалинган ва 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга унинг ўзи танлаган нафақа ёки давлат пенсиясининг турларидан бири тайинланади.

19. Тайинланган нафақа 16 ёшдан катта болаликдан ногирон, ногирон бола ёхуд ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахс тўлиқ давлат таъминотида бўлган давр учун тўланмайди.

20. Нафақа миқдори ўзгаришига ёки уни тўлаш тўхтатилишига олиб келадиган ҳолатлар пайдо бўлган тақдирда нафақа олувчи ўн кун муддатда бу ҳақда унга нафақа тўлайдиган Пенсия жамғармаси бўлимига хабар қилиши шарт.

201. Нафақадан чегирмалар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 65-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилиши мумкин.

21. Ногирон болага, ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахс ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга тегишли бўлган ва унинг ўлими сабабли олинмай қолган нафақа суммаси мерос таркибига киритилмайди ва унинг ота-онасига, эрига (хотинига), шунингдек ногирон бола, ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахс ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногирон билан у вафот этган кунда бирга яшайдиган оила аъзоларига тўланади.

Ногирон бола, ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахс ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногирон вафот этган ой учун тўлиқ олинмай қолган нафақа суммаси юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларга мазкур ойнинг ногирон ўлимигача бўлган кунлари учун тўланади.

Бир неча шахс мурожаат қилишганда уларга тегишли нафақа суммаси улар ўртасида тенг миқдорда тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма, уни олиш учун ногирон бола, ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахс ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногирон вафотидан кейин 6 ойдан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.

IV. Якунловчи қоидалар

22. Нафақа миқдори ўзгарган тақдирда нафақа қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта ҳисоблаб чиқилади.

23. ОИВ инфекциясига чалинган шахсга ёки 16 ёшдан катта болаликдан ногиронга «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунигамувофиқ давлат пенсиясининг турларидан бири тайинланганда нафақа тўлаш тўхтатилади, пенсия эса нафақа охирги марта тўланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўланади.

24. Нафақаларни тўлаш, етказиб бериш ва қайта юбориш бўйича харажатларни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

0
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Энг кам ойлик иш ҳақи, пенсия, нафақалар миқдорлари (1992-2016)

11