So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Qonunchilik / Vazirlar Mahkamasining qarorlari / Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом

Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 июлдаги

219-сон қарорига 1-ИЛОВА

Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида

Низом

юклаб олинг!

*.doc(ўзб)     *.pdf      *.doc(рус)

Умумий қоидалар

  1. Ушбу Низом хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Ушбу Низомнинг амал қилиши юридик шахс ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилмайди.

  1. Ходимларни ёлламасдан фаолиятни амалга оширадиган хусусий тадбиркорлар учун қонунчиликда хусусий тадбиркорлар учун назарда тутилган давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг белгиланган тартиби амал қилади.
  2. Хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни банкда қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоб рақами очилгандан кейин амалга ошириши мумкин.
  3. Хусусий тадбиркор ходимларни ёллашни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида назарда тутилган фаолиятнинг амалга ошириладиган турига боғлиқ ҳолда ушбу Низомнинг 1-иловасигамувофиқ бир нафардан уч нафаргача миқдорда амалга оширишга ҳақлидир. Бир неча фаолият турлари билан шуғулланадиган хусусий тадбиркор, фаолиятнинг турлари сонидан қатъи назар, уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга.
  4. Хусусий тадбиркор билан меҳнат муносабатлари ўрнатган жисмоний шахсларга хусусий тадбиркорлар сифатида қаралмайди ва улар хусусий тадбиркор номидан ҳуқуқий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас.
  5. Меҳнат шартномасини тузиш ва ёлланган ходимларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш хусусиятлари
  6. Хусусий тадбиркор ва хусусий тадбиркор томонидан ёлланган ходим (кейинги ўринларда ходим деб аталади) ўртасидаги меҳнат муносабатлари ушбу Низомда назарда тутилган хусусий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат қонунчилиги билан тартибга солинади.
  7. Хусусий тадбиркор ходимларнинг қонунчиликда белгиланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаши шарт.
  8. Ходимни ёллашда (ишга қабул қилишда) хусусий тадбиркор унинг билан ушбу Низомнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ ёзма меҳнат шартномасини тузади.

Ходимнинг аҳволини қонунчилик нормаларига нисбатан ёмонлаштирадиган меҳнат шартномаси шартлари ҳақиқий ҳисобланмайди.

  1. Меҳнат шартномасининг муддати хусусий тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак.
  2. Меҳнат шартномаси уч нусхада тузилади, улардан биттаси хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига берилади, иккинчиси хусусий тадбиркорда, учинчиси эса — ходимда қолади.
  3. Меҳнат шартномасида хусусий тадбиркорнинг имзосини муҳр билан тасдиқлаш, шунингдек ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилиши талаб қилинмайди.
  4. Ходимга хусусий тадбиркор томонидан меҳнат дафтарчаси юритилмайди.
  5. Хусусий тадбиркорда ёллаш бўйича ишлаган иш даврлари унинг учун ушбу даврларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига (кейинги ўринларда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси деб аталади) суғурта бадаллари тўланган тақдирда ходимнинг меҳнат стажига қўшилади.
  6. Ходимнинг меҳнат стажини ҳисоблаш унинг учун Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

III. Ходимларни ёллайдиган хусусий тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга олиш хусусиятлари

  1. Хусусий тадбиркор ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисида ходим билан меҳнат шартномаси тузилган санадан бошлаб уч иш кунидан кечикмай солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ушбу Низомнинг3-иловасига мувофиқ шакл бўйича ариза тақдим этади.
  2. Ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

хусусий тадбиркор ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг нусхаси;

ходимнинг 3 х 4 см ҳажмдаги 2 дона фотосурати;

ёлланган ходим паспортининг нусхаси.

  1. Давлат солиқ хизмати органлари хусусий тадбиркорларнинг ёлланган ходимлари ҳисобини белгиланган тартибда юритадилар.
  2. Давлат солиқ хизмати органлари ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза олинган санадан бошлаб уч иш куни мобайнида хусусий тадбиркорга ушбу Низомнинг 4-иловасигамувофиқ шакл бўйича Ёлланган ходимни ҳисобга қўйиш карточкасини (кейинги ўринларда Ҳисобга қўйиш карточкаси деб аталади) берадилар.
  3. Ҳисобга қўйиш карточкаси ходим ва хусусий тадбиркор ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатига берилади.
  4. Амал қилиш муддати тугагач Ҳисобга қўйиш карточкаси солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топширилади ва йўқ қилинади.
  5. Ходим билан меҳнат шартномаси муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда хусусий тадбиркор солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ходим билан меҳнат шартномаси тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришномани ва бир вақтнинг ўзида Ҳисобга қўйиш карточкасини топширади.
  6. Йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган Ҳисобга қўйиш карточкаси ўрнига хусусий тадбиркорнинг аризасига биноан, ариза берилган санадан бошлаб икки иш куни мобайнида унинг дубликати берилади.
  7. Ходимларни ёллаган ҳолда фаолиятни амалга оширадиган хусусий тадбиркорларга солиқ солиш хусусиятлари
  8. Хусусий тадбиркор ўз мажбуриятлари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига, суғурта бадалларини ушбу Низомда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда тўлайди.
  9. Хусусий тадбиркорга ўз мажбуриятлари бўйича солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш билан бир қаторда ҳар бир ходим учун қуйидагиларни:

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадалларини — ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

қатъий белгиланган солиқни — хусусий тадбиркор томонидан амалга ошириладиган фаолият бўйича назарда тутилган белгиланган ставканинг 30 фоизи миқдорида тўлаш мажбурияти юкланади.

  1. Ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган хусусий тадбиркор тадбиркорлик фаолиятини фақат битта объектда амалга ошириш ҳуқуқига эга.
  2. Хусусий тадбиркор бир неча фаолият турлари билан шуғулланган тақдирда қатъий белгиланган солиқ ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқнинг тегишли фаолият турлари учун белгиланган максимал ставкасининг 30 фоизи миқдорида тўланади.
  3. Хусусий тадбиркор фаолиятнинг ушбу турини характерловчи физик кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда солиқ солинадиган фаолият турини амалга оширган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ ҳар бир ходим учун ҳар ойдаги физик кўрсаткич бирлигига белгиланган қатъий солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида тўланади.
  4. Хусусий тадбиркор томонидан унинг билан меҳнат муносабатлари ўрнатган ва тузилган меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажарадиган ходимга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан жисмоний шахсларнинг даромад солиғи олинмайди.
  5. Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланадиган ходимлар учун суғурта бадали миқдори ушбу Низомнинг24-бандидабелгиланган миқдорнинг 50 фоизини ташкил этиши керак. Ушбу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади. Календарь йил мобайнида имтиёзларга ҳуқуқ пайдо бўлганда ёки тўхтаганда суғурта бадалларини қайта ҳисоблаш ушбу ҳуқуқ пайдо бўлган ёки тўхтаган ойдан бошлаб амалга оширилади.
  6. Хусусий тадбиркор касб-ҳунар коллежини тамомлаган ходимлар учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ходим коллежни тамомлаган санадан бошлаб ўн икки ой мобайнида озод қилинади.
  7. Хусусий тадбиркор қатъий белгиланган солиқни тўлашдан қонунчиликка мувофиқ вақтинчалик озод қилинган ҳолларда, мазкур имтиёз қатъий белгиланган солиқни ҳар бир ходим учун тўлашга ҳам татбиқ этилади.
  8. Қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ҳар бир ходим учун тўлаш хусусий тадбиркор томонидан қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўлаш учун белгиланган муддатларда, меҳнат шартномаси тузилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.
  9. Суғурта бадалларини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига тўлашда тўлов топшириқномасида (кирим ордерида) солиқ тўловчининг (ходимнинг) фамилияси, исми, отасининг исми, идентификациялаш тартиб рақами ва тўловнинг қайси давр учун тўланаётгани мажбурий тартибда кўрсатилган бўлиши керак. Бунда ходимлар бўйича тўлов топшириқномаси (кирим ордери) ҳар бир ходим учун алоҳида ёзилади.
  10. Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказилган жойдан бошқа жойда амалга ошираётган хусусий тадбиркор қатъий белгиланган солиқни ҳар бир ходим учун унинг рўйхатдан ўтказилган жойи бўйича, рўйхатдан ўтказиш жойи ва фаолиятни ҳақиқий амалга ошираётган жойи бўйича белгиланган ставкаларидан энг юқори ставканинг 30 фоизи миқдорида тўлайди.
  11. Агар хусусий тадбиркор ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатиб турса, у тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширган органга фаолиятнинг вақтинча тўхтатиб турилганлиги тўғрисида ариза берилган ой мобайнида ҳар бир ходим учун ҳисобга қўйиш карточкалари солиқни ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига топширилади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ҳар бир ходим учун ҳисобга қўйиш карточкаси хусусий тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган даврга ҳар бир ходим учун қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади.

Ўз фаолиятини тўхтатиб турган хусусий тадбиркор ҳар бир ходим учун ҳисобга қўйиш карточкасини давлат солиқ хизмати органига белгиланган муддатларда топширмаган тақдирда, хусусий тадбиркорнинг мажбуриятлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадалларини ҳисоблаб ёзиш тўхтатиб турилмайди.

  1. Хусусий тадбиркор томонидан ходимларни (меҳнат шартномаси мавжуд бўлганда) давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилмасдан уларни ёллаш ҳолатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати органлари ҳар бир ходим учун хусусий тадбиркор томонидан қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушбу Низомнинг 24-бандида белгиланган йиллик миқдорларда ундиради. Хусусий тадбиркорни давлат рўйхатдан ўтказиш санасидан бошлаб кўрсатилган ҳолатлар аниқланган санагача бир ойдан кам вақт ўтган тақдирда ҳар бир ходим учун хусусий тадбиркор томонидан қатъий белгиланган солиқни ва суғурта бадалларини Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига қўшимча равишда ҳисоблаш уни давлат рўйхатидан ўтказиш санасидан бошлаб ходимларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўймасдан уларни ёллаш ҳолатлари аниқланган санагача бўлган давр учун амалга оширилади.
  2. Якунловчи қоидалар
  3. Хусусий тадбиркор билан меҳнат шартномалари тузмасдан фаолиятни амалга ошираётган ходимлар аниқланган тақдирда, хусусий тадбиркор ходимлар сонини яширганлик учун назарда тутилган маъмурий жавобгарликка тортилади.

Бунда хусусий тадбиркор билан меҳнат шартномалари тузмасдан фаолиятни амалга ошираётган ходимларга давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар сифатида қаралади ва давлат солиқ хизмати органлари улардан қатъий белгиланган солиқни қонунчиликда белгиланган тартибда йиллик миқдорда ундирадилар.

  1. Ходимларни ёллайдиган хусусий тадбиркорлар, ушбу Низом талабларини ҳисобга олган ҳолда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашнинг тўғрилиги ҳамда уларнинг қонунчиликка мувофиқ ўз вақтида тўланиши юзасидан жавобгардирлар.
  2. Хусусий тадбиркорнинг ходими савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларини бузган тақдирда унга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари татбиқ этилади, молиявий санкция эса ходимни ёллаган хусусий тадбиркорга нисбатан қўлланади.
  3. Давлат солиқ хизмати органлари қонунчиликка мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва тўлашнинг тўғрилиги юзасидан назоратни амалга оширадилар.

Хусусий тадбиркорлар томонидан ходимларни ёллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 
1-ИЛОВА

Ходимларни ёллаган ҳолда хусусий тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган фаолият турларининг рўйхати

Т/р

Фаолият турининг номи

Ёлланадиган ходимларнинг чекланган сони (нафар)

1. Чакана савдо

(Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 1 — 5-бандлари)

1
2. Қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича ҳунармандчилик фаолияти 3
3. Маиший хизматлар, қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича ҳунармандчилик фаолиятидан ташқари

(Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 6 — 351-бандлари)

3
4. Фаолиятнинг бошқа турлари*

(Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 36 — 41, 51 — 59, 62, 64 — 66, 68 — 74-бандлари)

2

* Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг 42, 50, 60, 61, 63, 67, 75-бандларида кўрсатилган фаолият турларини амалга оширадиган хусусий тадбиркор фаолиятининг асосий тури бўйича ёрдамчи ишларни бажариш учун бир нафар ходимни ёллаши мумкин.

0
0

Muallif: G'ayrat Bozorov