So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Ishga kiruvchilarga / Дастлабки синов нима ва у кимларга нисбатан қўлланилмайди?
Dastlabki sinov

Дастлабки синов нима ва у кимларга нисбатан қўлланилмайди?

Ишга қабул қилишда дастлабки синов нима?

Ишга киришда фуқаро билан меҳнат шартномаси тузишда дастлабки синов муддати белгилаши мумкин. Дастлабки синов белгилашдан мақсад ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш ёки ходим меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиши бўлиши мумкин.

Дастлабки синов қандай белгиланади?

Меҳнат кодексининг 84-моддаси 2-қисмига кўра, дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади. Меҳнат шартномасида дастлабки синов муддати кўрсатилиб ўтилсагина ходимга нисбатан дастлабки синов қўлланилган бўлади.

Дастлабки синовнинг муддати қанча?

Дастлабки синов муддати Меҳнат кодексининг 85-моддасига кўра уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига киритилмайди.

Дастлабки синов даври иш стажига киритиладими?

Меҳнат кодексининг 86-моддасига кўра дастлабки синов даври меҳнат стажига киритилади.

Дастлабки синов даврида ходимга рағбатлантириш, интизомий жазолар қўллаш, мукофотлар бериш мумкинми?

Меҳнат кодексининг 86-моддасига кўра дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади. Демак, оддий ходимларга қандай тартиб бўлса, дастлабки синовдаги ходимларга ҳам худди шундай тартиб қоидалар қўлланилади.

Дастлабки синовни аҳамияти нимада?

Дастлабки синовнинг аҳамияти шундаки, унинг натижаси салбий бўлганда, яъни ходим белгиланган вазифаларни бажара олмаган тақдирда иш берувчи уни соддалаштирилган тартибда, яъни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлади.

Дастлабки синов муддати тугагач, иш берувчи фақатгина умумий асосларда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлади. Умумий асосларга кўра эса, иш берувчи ўз хоҳиши билан Меҳнат кодексининг 100-моддасидаги асослардан бири бўлмаса, ходимни ишдан бўшата олмайди.

Иш берувчи дастлабки синов даврида истаган пайти сабабсиз ходимни 3 кун олдин огоҳлантириб ишдан бўшатиши мумкинми?

Иш берувчи фақатгина дастлабки синов натижаси салбий эканлиги асоси билан бу даврда ходимни уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, у билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Ходим ҳам дастлабки синов даврида меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкинми?

Ҳа, ходим дастлабки синов даврида истаган пайтида ҳеч қандай асоссиз соддалаштирилган тартибда, яъни иш берувчини уч кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Юқоридаги ҳолатларда уч кунлик огоҳлантириш муддатини қисқартириш мумкинми?

Ҳа, фақатгина тарафларнинг келишуви билан қисқартириш мумкин.

Ходим ўзи берган аризасини уч кунлик муддат ўтмасдан қайтариб олишга ҳақлими?

Ҳа, ҳақли. Иш берувчи бундай ҳолатда ходим ариза берган кундан бошлаб уч кун ичида меҳнат шартномасини бекор қилмай туриши керак. Чунки ходим ҳали аризасини қайтариб олиши мумкин.

Аризани қайтариб олиш қандай амалга оширилади?

Аризани “қайтариб олиш” янги ариза ёзиш йўли билан ишни давом эттириш ҳамда аввалги аризасини кучдан қолдиришни сўраш орқали амалга оширилади.

Ходимни лавозимини оширишда, бошқа юқорироқ лавозимга ўтказишда дастлабки синов белгилаш мумкинми?

Йўқ, дастлабки синов фақат ва фақат корхонага шу ходимни биринчи марта ишга қабул қилишда қўлланилади.

Дастлабки синов кимларга нисбатан қўлланилмайди?

Меҳнат кодексининг 84-моддаси 3-қисмига кўра, қуйидаги ходимлар ишга қабул қилинганда иш берувчи уларга нисбатан дастлабки синов қўллашга ҳақли эмас:

  1. ҳомиладор аёллар;
  2. уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар;
  3. корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар (квоталанган иш ўринларидан борган шахслар);
  4. ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилари;
  5. олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинган ходимлар.

 

4
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Ишга қабул қилишда дастлабки синов

Кириш Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритганидан кейин эркин иқтисодий муносабатлар маконини яратишни ўз олдига мақсад …