So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Maqolalar / Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра (97-модданинг 1-банди) бекор қилиш асослари, тартиби, хусусиятлари
kelishuvvvv

Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра (97-модданинг 1-банди) бекор қилиш асослари, тартиби, хусусиятлари

Меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосларидан бири – Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-банди – тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш ҳисобланади. Ушбу асос меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари орасида энг эркини бўлиб, агар тарафлар келишса, ҳар қандай меҳнат шартномасини, у муддатлими, номуайян муддатга тузилганми, ходим қандай тоифадаги шахс бўлишидан қатъи назар – у ҳомиладорми, битирувчими, ногиронми – бекор қилиш мумкин.

МК 97-моддаси 1-банди билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси нима?

Меҳнат шартномасини ушбу банд билан бекор қилишга тарфлар ўртасида тузилган келишув битими асос бўлади. Шуни назарда тутиш керакки, фақатгина ходимнинг ёзган аризаси бунга асос бўлиши мумкин эмас. Амалиётда келишув битими тузмасдан, ходимнинг ишдан бўшашнинг аниқ санаси кўрсатилган аризаси асосида меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-банди билан бекор қилиш ҳоллари кўп учрайди. Бу нотўғри бўлиб, низо келиб чиққанда ходимнинг фойдасига қарор чиқарилишига олиб келади. Чунки бу вазиятда иш берувчи ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш (МК 99-моддаси) ҳамда тарафларнинг келишуви билан меҳнат шартномасини бекор қилишни фарқламаяпти.

Изоҳ: ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш (МК 99-моддаси) хусусида батафсил маълумот олиш учун ушбу мақола билан танишинг.

Тарафларнинг келишуви билан қандай меҳнат шартномаларини бекор қилиш мумкин эмас?

Тарафларнинг келишуви билан ҳар қандай турдаги меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.

Тарафларнинг келишуви билан қандай ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш мумкин эмас?

Ҳар қандай ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу асос билан бекор қилиш мумкин.

Келишув битимида нималар назарда тутилиши керак?

Келишув битимида қуйидагиларни кўрсатиб ўтиш тавсия этилади:

  • тарафларнинг номи (Ф.И.Ш.), манзиллари (корхона номи, жойлашган юридик манзили, ходимнинг тўлиқ исм-шарифи ҳамда яшаш манзили);
  • иш берувчи номидан имзо чекишга ваколат берилган шахс, унинг ташкилотда эгаллаган лавозимини кўрсатган ҳолда (меҳнат шартномасини бекор қилишга ким ваколатли бўлса, бундай келишувни тузишга ҳам ўша мансабдор шахс ваколатли бўлиб, унинг лавозими аниқ кўрсатилади. Одатда, корхона раҳбари билан тузилади);
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш санаси (келишув битими тузилган сана бошқа, меҳнат шартномаси қачондан бошлаб );
  • тарафларнинг меҳнат шартномасини тарафлар келишувига кўра бекор қилиш (ЎзР МК 97-моддаси 1-банди) ҳақидаги келишуви (меҳнат шартномасини бекор қилиш асоси ва бекор қилиш ҳақида тарафларнинг келишиб олганлиги);
  • тарафларнинг меҳнат шартномаси бекор қилинадиган санагача бажарилиши керак бўлган мажбуриятлари (иш берувчи ходимга меҳнат дафтарчасини бериш санаси ва мажбурияти, иш ҳақи тўлаш мажбуриятлари ва ҳоказолар);
  • банк реквизитлари ва иш берувчи ваколат берган шахснинг имзоси (иш берувчи учун, думалоқ муҳр бўлса, келишувнинг ҳар бир нусхасига муҳр босиш ҳам мажбурийдир);
  • паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат (масалан, фуқаролиги йўқ шахснинг гувоҳномаси, 16 ёшга тўлмаган шахслар учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома) серияси ва рақами, шунингдек паспорт ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжат берилган сана ва уни берган давлат органи.

Келишувда ЎзР МК 110-моддасига мувофиқ ходимга берилиши керак бўлган иш ҳақини тўлаш тартиби ва муддатларини, шунингдек иш берувчининг ЎзР МК 108-моддасига мувофиқ ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлигини кўрсатиш тавсия этилади.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишувга тарафларнинг келишув бўйича олинган барча мажбуриятларни бажаргандан кейин улар бир-бирига нисбатан моддий эътирозлардан озод бўлиши ҳақидаги бандни ҳам киритсангиз, кейинчалик келиб чиқадиган низоларнинг олди олинган бўлар эди. Бундай банд низо келиб чиққанда тарафлардан бирининг фойдасига иш бериши ҳамда асоссиз эътирозлардан ҳимоялаши мумкин. Бироқ шуни ҳам унутмаслик керакки, бу тарафларни якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Келишув иккитадан кам бўлмаган нусхада тузилганини ва улар бир хил юридик кучга эгалигини ҳам албатта кўрсатинг.

Келишув битимининг намунавий шакли борми?

Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги келишув битимининг расмий тасдиқланган намунавий шакли мавжуд эмас. Унинг тегишли талабларга жавоб берадиган намунавий шаклини қуйидагича дейиш мумкин:

kelishuv bitimi

Келишув битимининг намунавий шаклини бу ердан Юклаб олинг.

Мисол: Масалан, корхона ходими бошқа корхонага ишга кетмоқчи ва 2017 йил 10-феврал куни 1-мартдан ўз хоҳиши билан ишдан бўшаши ҳақида ариза ёзди. Иш берувчи ушбу аризага розилик билдириб, уни тарафлар келишуви бўйича расмийлаштиришни кадрлар бўлимига топширса, ходим 22-феврал куни аризасини қайтиб олмоқчилигини, бошқа корхонага ўтиш фикри ўзгарганини айтса, иш берувчи уни аллақачон 1-март санасидан ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиқарганини ва меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштирганини айтса, аммо ёзма равишдаги келишув битими бўлмаса, бундай ҳолатда низо судда кўриб чиқилганда иш берувчи ютқизиши аниқ. Чунки у ходим билан келишувни расмийлаштириб қўймаган. Ушбу вазиятда меҳнат шартномасини 99-модда (ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш)си билан ҳам расмийлаштириш мумкин эмас. Чунки, бунда 2 ҳафталик огоҳлантириш муддати бўлиб, бу даврда ходим ишлаши, иш берувчи эса, ушбу муддат ўтишини кутиши керак.

Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишуви билан (97-модда 1-банди) ҳамда ходимнинг ташаббуси билан (99-модда) бекор қилиш ўртасидаги асосий фарқ айнан унинг асоси аризадан ташқари ёзма равишдаги келишув битимининг ҳам мавжудлигидадир.

Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби билан ушбу мақола билан танишинг.

39
5

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

qaror

Меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби: Ходимнинг ташаббуси билан (Меҳнат кодекси 99-моддаси)

Contents1 Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш қандай тартибда амалга оширилади?2 Ходимнинг ташаббуси билан …