Бир неча касбда ишлаш, хизмат кўрсатиш майдони кенгайиши ёки ишлар ҳажми кўпайишини расмийлаштириш

preview

«Ташкилотда иккита фаррош ишлайди. Улардан бири касал бўлиб қолди, унинг ишини иккинчиси бажаряпти. Буни қандай расмийлаштирган маъқул  – бир неча касбда ишлаш, мажбуриятларни бажариш сифатидами ёки бошқа йўли борми?».

Саволга «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

- Ходимга иш вақтида асосий касби ёки лавозими бўйича бажарадиган қўшимча вазифаларни юклашнинг учта усули бор:

1) бир неча касбда ишлаш;

2) хизмат кўрсатиш майдонини кенгайтириш;

3) ишлар ҳажмининг ошиши.

Ходим бошқа касб ёки лавозим бўйича мажбуриятларни бажарадиган ҳолларда бир неча касбда ишлашдан фойдаланинг ( масалан, ҳуқуқшунос кадрлар бўйича инспекторнинг ишини бажаряпти, бухгалтер кассирнинг ва ҳоказо).

Ходим томонидан асосий касб ва лавозим бўйича белгиланган иш вақти давомида ўша касб ва лавозимдаги қўшимча ишларни бажариши хизмат кўрсатиш майдонини кенгайтириш, ишлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобланади .

Меҳнат қонунчилигида «вазифасини бажарувчи» деган тушунча йўқ. Бу норасмий терминология бўлиб, одатда ходимнинг асосий иши билан бирга қўшимча меҳнат вазифаларини (юқорида келтирилган 3 усул) бажаришини ёки бошқа лавозим бўйича ишни асосийсидан «озод қилиниш»  билан бажаришини англатади. Бу ҳақда батафсил қуйидаги нашрда ўқинг:

 Кўриб чиқилаётган мисолда хизмат кўрсатиш майдонини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини оширишни расмийлаштиришни тавсия этамиз:

  •  тозаланадиган ҳудуд майдони ходималар ўртасида зоналарга (хоналар, участкалар, майдонлар ва ҳоказо) бўлинган бўлса, хизмат кўрсатиш майдони кенгайишини расмийлаштиринг;
  •  агар иккала ходима биргаликда битта ҳудудларни тозалаган бўлса (масалан, улардан бири полларни, иккинчиси мебелларни ювган бўлса), ишлар ҳажми кўпайишини расмийлаштиринг, чунки хизмат кўрсатиш жойлари аввалидек қолди.

 

Ходимнинг розилигини олиш керакми

Қўшимча мажбуриятларни юклашнинг учта усули ҳам фақат ходимнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Унинг розилигини тасдиқловчи ҳужжат асосида буйруқ расмийлаштиринг. Унда қўшимча ишнинг мазмуни, ҳажми, муддатлари ва уни бажариш учун қўшимча ҳақ миқдорини кўрсатинг .

 

Буйруқнинг тахминий матни:

- «Тошматова Н. Н.нинг розилиги билан  вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз  Эшматова Р.Р.нинг ишда йўқлиги даврида қуйидаги биноларни тозалаш бўйича қўшимча мажбуриятларни юклаб, хизмат кўрсатиш майдони кенгайтирилсин: .........

Бухгалтерия кўрсатилган муддат учун _______ миқдорида қўшимча ҳақ тўласин».

 

Қўшимча ҳақ миқдори тарафларнинг келишуви билан белгиланади, агар иш берувчининг жамоа шартномаси ёки бошқа маҳаллий ҳужжатда ўзгача тартиб назарда тутилган бўлмаса.

Бюджет ташкилотларида:

  •  бир неча касб ва лавозим бўйича қўшимча ҳақ лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 50 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас  ;
  •  меҳнатга ҳақ тўлаш фондида назарда тутилган маблағлар доирасида тўланади .