Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.10.2020 й. 636-сон қарорига илова)

Текст документа с комментариями экспертов доступен пользователям платного тарифа на сайте nrm.uz

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 9 октябрдаги

636-сон қарорига

ИЛОВА



Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга

бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини

амалга оширишнинг вахта усули тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектлардаги қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини меҳнатни ташкил қилишнинг вахта режимида амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Вахта усули корхонадан узоқ масофада жойлашган шароитда ишларни меҳнат ресурсларидан фойдаланиш асосида ташкил қилишнинг шакли ҳисобланади. Вахта усули чекка ва узоқ ҳудудлардаги ижтимоий соҳа ва муҳим объектларда қурилиш, таъмирлаш, ишлаб чиқариш объектларини реконструкция қилиш, бошқа саноат ишлари амалга ошириладиган, лекин маҳаллий меҳнат ресурслари билан таъминламаган ҳудудларда қурилиш муддатларини қисқартириш мақсадида қўлланади.

Ходимларни контракт билан ишга қабул қилишда ишлар вахта усулида бажариладиган меҳнат шароитлари назарда тутилади.

Ходимларнинг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ишлаб чиқариш объектлари вахта усулида ишлаш жойи ҳисобланади.

Иш жойи ўзгаргани сабабли ходимларнинг бошқа жойга кўчиб ўтиши уларнинг бошқа ишга ўтказилиши деб ҳисобланмайди.

Ходимнинг вахтага жўнатилиши хизмат сафари ҳисобланмайди.

Объект жойлашган ҳудудда ишларни бажариш ва сменалараро дам олиш даврлари вахта вақти ҳисобланади.

Вахтанинг давомийлиги бир календарь ойдан ошмаслиги лозим.


3. Вахта ходимлари объектда бўлган даврда махсус ташкил қилинадиган вахта шаҳарчаларида ёки яшаш учун мослаштирилган бошқа махсус хоналарда (кейинги ўринларда - вахта шаҳарчалари) истиқомат қилади.


4. Ишларни вахта усулида ташкил қилиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан қабул қилинади.


5. Қурилиш объектларида вахта усулини қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги қурилишни ташкил этиш лойиҳалари ва бошқа лойиҳа-технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида ишлар бажарилишини ташкил қилиш шароитлари ҳисобга олинган ҳолда техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни бажариш орқали асосланади.


6. Вахта усулини қўллаш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳисобга олиниши лозим.

Ишларни вахта усулида бажариш билан боғлиқ қўшимча харажатлар, шунингдек, вахта усулида ишлаётган меҳнат жамоаларига хизмат кўрсатиш учун жалб этилган ижтимоий-маиший соҳа ташкилотларининг қўшимча харажатларини қоплаш учун кўзда тутилган маблағлар ҳам объект қурилиши учун келишилган нархни белгилашда, томонларнинг келишувига кўра келишилган нарх таркибида ҳисобга олиниши лозим.


7. Вахта усулида бажариш учун мўлжалланган ишларнинг аниқ ҳажмлари ва турлари пудратчи ҳамда буюртмачи томонидан қурилишни бажариш учун пудрат шартномаси тузилаётганда, субпудратчи ташкилотлари учун эса - субпудрат шартномаси тузилаётганда белгиланади.

Ташкилот жойлашган жойдан иш жойигача етиб олиш ва у ердан қайтиш учун ходимлар уч соатдан кўпроқ вақт сарфлайдиган бўлса ёки фавқулодда вазиятларда, ташкилотларнинг раҳбарлари, агар бу иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ деб топилса, ишлар вахта усулида бажарилишини ташкил этишга ҳақли ҳисобланади.

Агар ишларни вахта усулида ташкил қилиш учун амалдаги харажатлар ҳисобланган кўрсаткичлардан ошиб кетадиган бўлса, уларнинг қийматлари орасидаги фарқ қурилиш бўйича бош пудратчи (субпудратчи) ташкилотнинг асосий фаолияти ҳисобига қопланади.


8. Ишларни вахта усулида ташкил этиш билан боғлиқ, бироқ ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.



2-БОБ. ИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Вахта усулининг ташкил этилиши объектлардаги ишлар бир маромда, узлуксиз ва комплекс равишда, асосан, уларнинг узлуксиз амалга оширилиши бўйича ўзгарувчан графикка биноан бажарилишини таъминлаши лозим.

Ишлар, қоида тариқасида, йириклаштирилган комлекс бригадалар томонидан, ишлар бажарилиши ва меҳнат учун тўловнинг пудрат принципларини қўллаган ҳолда, шунингдек вахта ходимлари кетма-кет алмашиниши ва моддий бойликлар сақланишини таъминлаш билан бажарилиши зарур.


10. Вахта усулида ишлайдиган ходимлар таркибини бутлаш ташкилот штатида рўйхатга олинган ва контракт бўйича вақтинча жалб этиладиган, ушбу усулда бажарилиши кўзда тутилган ишларни амалга оширишни рад этувчи тиббий кўрсатмаларга эга бўлмаган ходимлар билан таъминланади.


11. Вахта усулида бажариладиган ишларга 18 ёшга тўлмаган ишчи ва хизматчилар, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган аёллар жалб қилинишига йўл қўйилмайди.


12. Вахталарни кадрлар ва мутахассислар билан тартибли равишда таъминлаш мақсадида ташкилот ходимлар билан келишган ҳолда уларни ишларнинг бир участкасидан бошқасига ўтказишга ҳақли. Бунда бир иш участкасидан бошқасига ўтказиш тўғрисидаги буйруқ (фармойиш)да ташкилот раҳбари "вахта" муддати якунланганидан сўнг ходимлар аввалги иш жойи (лавозим)да тикланиши, агар иш жойи тугатилган бўлса, ушбу иш жойи (лавозим)га тенглаштирилган ташкилотдаги бошқа иш жойи (лавозим)га ўтказилишини таъминлаши лозим. Шунингдек, буйруқ (фармойиш)да "Вахта усулида ишлаш учун" ўтказиш мақсади кўрсатилади.


13. Ходимларни ташкилот жойлашган жойдан ёки йиғилиш пунктидан вахтага етказиш ва қайта олиб келиш иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ ҳисобланган транспорт турлари билан, имкон қадар идоравий транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда пудрат ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Вахта шаҳарчаларига етиб келган барча ходимларга меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши шарт.



3-БОБ. ВАХТА ШАҲАРЧАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Вахта шаҳарчалари вахта усулида ишлаётган ходимларнинг вахтадаги дам олиш вақтида ҳаёт ва иш фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган турар-жой, маданий-маиший, санитария хоналари, шунингдек, қурилиш техникаси ва махсус техникага, автотранспортга хизмат кўрсатиладиган, товар-моддий бойликлар захираси сақланадиган хўжалик бино ва иншоотлари комплексидан иборат. Вахта шаҳарчаларига техник ва маиший хизмат кўрсатиш, одатда, ушбу мақсадлар учун жалб этиладиган тегишли хизматлар томонидан амалга оширилади.


15. Вахта шаҳарчаларини сақлаш, шаҳарчада яшаётган ходимларга маиший хизмат кўрсатиш, улар билан маданий-оммавий ишларни ташкил этиш балансида вахта шаҳарчаси бўлган ташкилот маъмурияти ва касаба уюшмаси кўмитасига юкланади. Ушбу ташкилотлар маъмурияти томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда ушбу шаҳарчада барча яшовчиларга хизмат кўрсатишнинг ички тартиби тасдиқланади.


16. Вахта шаҳарчаси, ҳудуд шароитларига боғлиқ равишда, намунавий ёки якка-тартибдаги лойиҳа бўйича қурилиб, ушбу лойиҳада ижтимоий-маиший соҳа объектлари, электр, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа воситалари, кириш йўллари ва учиш-қўниш полосаси (техник зарурат мавжуд бўлса), вахта ходимларини етказиб келиш усули, шунингдек, шаҳарчани қуриш ва фаолиятини таъминлаш харажатларининг сметаси кўзда тутилади. Шунингдек, лойиҳада шаҳарчада ишлаётган ва истиқомат қилаётган ходимлар овқатланиши, дам олиши ва ишдан бўш вақтини тегишли тарзда ташкил қилиш, уларга тиббий, савдо-маиший ва маданий хизмат кўрсатиш масалалари ҳам ҳал қилинади. Вахта шаҳарчаси жойлашувини танлашда ходимларни вахта шаҳарчасидаги яшаш жойларидан иш жойигача етказиш ва қайтиб олиб кетиш вақтини қисқартириш талаби мажбурий ҳисобланади.

Вахта шаҳарчасининг лойиҳаси тегишли касаба уюшмаси ташкилотлари, санитария-эпидемиология хизмати ва ёнғин назорати органлари билан келишилади ва ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

17. Вахта шаҳарчаси фойдаланишга маҳаллий ҳокимликлар томонидан тайинланадиган ва таркиби ташкилот маъмурияти, маҳаллий ҳокимият органлари, касаба уюшмаси ташкилоти, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ёнғин хавфсизлиги хизматлари, шунингдек соғлиқни сақлаш органлари ва ҳудудий қурилиш соҳасида назорат инспекциялари вакилларидан ташкил топган комиссия томонидан қабул қилинади.


18. Вахта ходимларининг вахталараро дам олиш даврида шаҳарчада яшашига йўл қўйилмайди.



4-БОБ. МЕҲНАТ ВА ДАМ ОЛИШ РЕЖИМИ,

ИШ ВАҚТИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ


19. Ишларни вахта усулида ташкил қилишда, одатда, бир ой, бир чорак ёки бошқа узоқ муддатли, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий қилинади.

Ҳисобга олинган давр умумий иш вақти, ташкилот жойлашган жойдан ёки йиғилиш пунктидан иш жойигача етиб олиш ва қайтиш вақти ҳамда вақтнинг ушбу календарь даврга тўғри келадиган дам олиш вақтини қамраб олади. Бунда ҳисобга олинган давр учун иш вақтининг давомийлиги қонун ҳужжатларида белгиланган бир ҳафталик иш вақти соатларидан ошиб кетмаслиги керак.

Ташкилотларда ҳар бир ходим учун иш вақти ва дам олиш вақтининг ойлар ва ҳисобга олинган давр учун қўшилиб жамланган якуни бўйича махсус ҳисоб-китоб юритилади.


20. Ҳисобга олинадиган давр доирасидаги иш вақти ва дам олиш вақти тегишли касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилиб, ташкилот маъмурияти томонидан иш графигига мувофиқ, одатда, бир йил учун белгиланади ва амалга киритилишидан камида икки ой олдин ходимларга етказилади. Графикларда, шунингдек, ходимларни вахтага етказиш ва қайта олиб келиш учун зарур бўлган вақт ҳам назарда тутилади. Ҳар кунги иш вақти 12 соатдан ошмаслиги керак.


21. Ходимларнинг ҳар кунги дам олиш вақти, овқатланиш учун белгиланган вақтни ҳам ҳисобга олганда, 12 соатдан кам бўлмаслиги лозим. Ишлаб чиқариш зарурияти сабабли ҳар кунги дам олиш вақти қисқартирилганда, тўлиқ фойдаланилмаган ҳар кунлик дам олиш соатлари ва ҳар ҳафталик дам олиш кунлари жамланиб, ходимларга ҳисобга олинган давр давомида қўшимча дам олиш кунлари (вахталараро дам олиш кунлари) шаклида тақдим этилади. Жорий ой мобайнидаги ҳафталик дам олиш кунларининг сони ушбу ойдаги тўлиқ ҳафталар сонидан кам бўлмаслиги лозим. Ҳафталик дам олиш кунлари ҳафтанинг исталган кунига тўғри келиши мумкин.

Ҳисобга олинган давр якунланишидан олдин ишдан бўшаган ходимлар учун ишдан бўшаш санаси, уларнинг розилиги билан, вахталараро дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда кўрсатилиши мумкин.


22. Ташкилот раҳбарлари касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда усталар, прораблар, участка (смена) бошлиқлари ва объект (участка)да бевосита раҳбарлик функцияларини амалга ошираётган бошқа цех ходимлари учун асосий ходимлар учун белгиланган меҳнат ва дам олиш режимини ўрнатиш ҳуқуқи берилиши мумкин.


23. Ҳисобга олинадиган давр мобайнида ходим ишлаб берадиган соатларнинг нормал йиғиндиси беш кунлик иш ҳафтаси ва 8 соатлик иш сменаси ҳамда байрам арафасидаги 7 соатлик иш сменасидан (40 соатлик иш ҳафтаси учун) келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ноқулай меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар учун иш вақтининг нормаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган қисқартирилган иш кунидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Мисол. 1998 йилнинг июнь ойида 22 иш ва 8 дам олиш кунлари бор. Ушбу ҳисобга олинадиган давр (1 ой) ичида ходим ишлаб бериши керак бўлган соатларнинг нормал миқдори 176 соатга тенг (22 х 8 = 176).

Вахтадаги иш вақтининг нормал узунлиги ҳисобга олинган давр учун юқорида белгиланган тартиб бўйича аниқланади.

Мисол. Нормал меҳнат шароитлари бўлган 15 кунлик (1998 йил 1-15 июнь кунлари) вахтадаги иш вақтининг узунлиги 80 соатга тенг (10 x 8 = 80).

Вахтада 15 кун (1998 йил 1-15 июнь кунлари) 12 соатдан ишлаш графигига мувофиқ ходимлар иккала мисолда ҳам 180 соатдан (15 х 12 = 180) ишлаб берганлар. Бу ходимларга 1998 йилнинг июнь ойида сменалараро ва ҳар ҳафтадаги дам олиш кунларининг йиғиндисидан иборат 15 кун тақдим этилган (сменалараро фойдаланилмаган дам олишнинг 4 соати х 10 кун - ҳар ҳафтадаги дам олишнинг фойдаланилмаган 12 соати х 5 дам олиш куни + 4 дам олиш куни = 100 соат : 8 соат + 4 кун = 16 кун). Бунда 21-бандга мувофиқ ишлаб берилган 4 соатга кирмаган вақт ходимнинг вахталараро дам олишини ҳисоблашда эътиборга олинади.

Ҳисобга олинадиган даврда ёки вахтада иш вақти тўлиқ бўлмаганда (меҳнат таътили, касаллик туфайли ишга чиқмаслик ва бошқалар) норма бўйича белгиланган иш соатларидан ишда бўлмаган кунларга тўғри келадиган календарь бўйича ходим соатлари айириб ташланади.



5-БОБ. МЕҲНАТГА ҲАҚ ТЎЛАШ, ИМТИЁЗЛАР

ВА КОМПЕНСАЦИЯЛАР


24. Ишларни вахта усулида ташкил этишда ходимларга меҳнат ҳақи қуйидаги тартибда тўланади:

ишбай ходимларга - бажарилган ишлар ҳажми бўйича йириклаштирилган (комплекс) ва амалдаги бошқа нархларда;

вақтбай ходимларга - амалда ишлаб берилган ҳамма соатлар учун разрядлар бўйича белгиланган тариф ставкаларига мувофиқ;

усталар, прораблар, участка (смена) бошлиқлари ва объектда бевосита раҳбарлик функцияларини бажараётган цех ходимларига график бўйича ишлаб берилган вақт (соатлар) учун разрядлар бўйича белгиланган тегишли тариф ставкасига мувофиқ тўланади. Бунда ходимларнинг соатлар бўйича ставкаси бир ойлик лавозим маошини ҳисобланаётган ойнинг календарь бўйича иш соатларига бўлиш орқали аниқланади.

вахтада ишлаётган бошқа раҳбарлар, мутахассилар ва хизматчиларга меҳнат ҳақи амалда ишлаб берилган вақт (кунлар) учун бир ойлик лавозим маошига мувофиқ тўланади.


25. Ходимларни мукофотлаш ташкилотда амал қилувчи жамоа шартномасига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда мукофот вахтада ишлаган давр учун белгиланган иш ҳақи бўйича ҳисобланади.

Ташкилот, тегишли хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ, вахта усулида ишлаб (корхона таркибига кирмаган ҳолда), меҳнат жамоасига хизмат кўрсатаётган тиббиёт, болалар, маданий-маърифий ва спорт муассасалалари, умумий овқатланиш ва бошқа ташкилотлар ходимларини рағбатлантириш учун маблағ ажратиши мумкин.


26. Вахта усулида ишларни бажараётган барча ходимларнинг (шу жумладан вахта усулида ишлаётган жамоаларга хизмат кўрсатаётган савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, транспорт, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар ходимлари) иш ҳақига нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган ўлчамлардаги коэффициентлар (ҳудудий, баланд тоғли, чўл, сувсиз зоналар ва бошқа омиллар бўйича коэффициентлар) қўлланади.


27. Тўлиқ иш кунларига нисбатан каррали бўлмаган ортиқча ишлаб берилган иш вақтлари календарь йил давомида вахталараро дам олишнинг тўлиқ иш кунларигача жамланиб борилиши мумкин. Ходим ишдан бўшаганида ёки календарь йил якунланганида кўрсатилган соатлар учун жамоа шартномасига мувофиқ ҳақ тўланади.

Ортиқча ишлаб берилган иш вақти ишдан ташқари бажарилган ҳисобланади ва бу вақт учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўланади.


28. Вахта ходимлари объектга ўз вақтида етиб келмаса, ишларни вахта усулида бажараётган ташкилотларнинг раҳбарлари касаба уюшмалари қўмиталари билан келишган ҳолда янги смена етиб келгунига қадар ходимларни иш графигида белгиланган иш вақтидан кўпроқ вақт ишлашга жалб этиши мумкин. Бундай ҳолатларда маъмурият вахта ходимлари энг қисқа муддатларда объектга етказиб келиши бўйича барча чораларни қўллаши шарт.


29. Вахта усулида ишларни бажараётган барча ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан, вахта усулида ишлаётган жамоаларга хизмат кўрсатаётган савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, транспорт, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар ходимларига вахта даврида ишлар бажарилаётган жойлардаги ҳар бир кун учун, шунингдек, ташкилот жойлашган жойдан (йиғилиш пунктидан) иш жойигача ва қайтиш вақти учун вахта усулида ишлаш учун тўланадиган иш ҳақига устама тўланади.

Иш ҳақига устама миқдори жамоа шартномасида белгиланиб, республика ҳудудида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги керак.

Бунда ишларнинг ҳаракатли туси ва дала шароитларидаги харажатлар учун компенсациянинг бошқа турлари тўланмайди.

Вахта усулида бажарилган ишлар учун устама суммасини ҳисоблаш ходимларнинг вахтада бўлган амалдаги вақтидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда амалга оширилади:

меҳнатга кунбай ҳақ тўланишида - тегишли ходимнинг лавозим маоши жорий ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади. Кунлик ставка вахтада ишланган кунлар ва йўлга сарфланган кунлар сонига кўпайтирилади ва чиққан суммадан белгиланган миқдордаги устама пули белгиланади;

меҳнат учун ишбай ҳақ тўланишида - ходимнинг амалда бажарилган ишлар ҳажми учун ҳисобланган ойлик иш ҳақи бир ойдаги календарь кунлар сонига бўлинади. Кейинги ҳисоб-китоблар разрядлар бўйича белгиланган тариф ставкасида ҳақ оладиган ишчиларга бўладиган тўловлар тартибида амалга оширилади.


30. Метеорологик шароитлар сабабли, транспорт ташкилотларининг айби билан ёки бошқа назарда тутилмаган вазиятлар туфайли йўлда ушланиб қолган кунлар учун ходимларга аввалги икки календарь ойда ҳисобланган иш ҳақи бўйича аниқланадиган ўртача кунлик ставка миқдоридан келиб чиқадиган компенсация тўланади. Бу ҳолатларда ходимларга турар жой ижараси билан боғлиқ харажатларнинг қопланиши хизмат сафарлари тўғрисидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган нормаларга мувофиқ амалга оширилади.


31. Ходим узрли сабабларга кўра вахта ходимлари йиғиладиган пунктга ўз вақтида етиб келмаган бўлиб, иш объектигача мустақил етиб борган бўлса, ташкилот маъмурияти унга транспорт харажатларини хизмат сафарлари тўғрисидаги қонунчиликда кўзда тутилган нормаларга мувофиқ қоплаб беради.


32. Устама ва ҳудудий коэффициент тўлаш, шунингдек, вахталараро дам олиш кунлари учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар ташкилотларнинг иш ҳақи тўлаш норматив фонди доирасида амалга оширилади.

Ишнинг вахта усули учун устама тўлаш ҳамда йўлда бўлиш ва ушланиб қолинган вақт учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ ҳаражатлар смета ва ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга харажатлар доирасида амалга оширилади.



6-БОБ. ИЖТИМОИЙ-МАИШИЙ ТАЪМИНОТ


33. Вахта шаҳарчаларида яшовчилар транспорт, ижтимоий-маиший хизматлар, шунингдек, кунига уч марта иссиқ овқат билан таъминланади.


34. Ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси ва ташкилот маъмурияти меҳнат жамоасининг розилиги билан вахта усулида ишлаётган ходимлар учун санаторий-курортларда даволаниш, дам олиш ва туризм бўйича йўлланмаларни имтиёзли тарзда биринчи навбатда тақдим этилиши масалаларини ҳал қилиши мумкин.



7-БОБ. АМАЛДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДА НАЗАРДА

ТУТИЛГАН КАФОЛАТЛАР ВА КОМПЕНСАЦИЯЛАРНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ


35. Вахта усулида бажариладиган ишларда банд бўлган ходимларга навбатдаги меҳнат таътили, у дам олиш кунларидан фойдаланганидан кейин, белгиланган тартибда тақдим этилади.

Ҳар йилги асосий таътил ва зарарли меҳнат шароитларида ишлагани, ташкилотдаги узлуксиз стажи учун қўшимча таътилга чиқиш ҳуқуқини берувчи стажга дам олиш кунлари ҳам қўшилади.

Агар ҳар йилги меҳнат таътилининг якунланиши у ишлайдиган жамоанинг вахталараро дам олиш даврига тўғри келиб қолса, унинг розилиги билан вахта бошланганига қадар бошқа иш таклиф этилади. Томонларнинг келишувига кўра ушбу ходимга ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътили тақдим этилиши ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилиши мумкин.


36. Ҳар йилги таътил кунлари учун тўланадиган ўртача иш ҳақи, ҳисобга олинган давр ичида тақдим этиладиган дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилинади.

Агар ходимга ишланган вақт учун ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари (отгуллар), шунингдек, ишдан бўшаётганида отгуллар учун компенсация тақдим этиладиган бўлса, отгул кунлари учун тўловлар ойлик иш ҳақини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинади.


37. Ходимнинг умумий иш вақтини ҳисобга олган ҳолда ўртача иш ҳақи бўйича тўловни бажаришда бир соат учун ўртача иш ҳақининг миқдори ҳисобланади. Бунинг учун сўнги уч ой давомида ишлаб берилган барча соатлар учун ҳисобланган иш ҳақи ушбу соатлар сонига бўлинади. Ушбу ходимнинг иш графиги бўйича тўлов бажарилиши лозим бўлган вақт оралиғидаги иш соатлари учун ҳақ тўланади.


38. Вахта усули қўлланадиган ташкилотлар ходимларининг давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар билан таъминланиши амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


39. Ишни вахта усулида бажараётган ходимларда уларга берилган дам олиш даврида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бошланган тақдирда дам олиш кунларига тўғри келган меҳнатга лаёқатсизлик кунлари учун нафақа берилмайди. Агар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик дам олиш муддати тамом бўлгандан кейин ҳам давом этса, нафақа ходим ишга тушиши керак бўлган кундан бошлаб берилади. Бунда нафақа меҳнатга лаёқатсизлик оқибатида ўтказиб юборилган иш соатлари учун қонунчиликда белгиланган иш вақти нормаси доирасида тузилган график бўйича берилади.



8-БОБ. ТИББИЙ ЁРДАМНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ


40. Ишларни вахта усулида амалга ошираётган ташкилот маъмурияти ходимларга тиббий хизматлар кўрсатилиши ва уларнинг тиббий кўриклардан ўтказилишини таъминлаш мақсадида ташкилот жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органлари билан ходимларни даволаш-профилактика муассасасига бириктириш масаласини ҳал қилади, ходимларнинг тиббий кўрик ва текширувлардан ўз вақтида ва тартибли равишда ўтишлари учун жавоб беради.


41. Балансида вахта шаҳарчалари бўлган ташкилотлар маъмурияти соғлиқни сақлаш муассасалари билан биргаликда вахта шаҳарчалари жамоаларига тиббий ёрдам кўрсатилишини, шаҳарчаларни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари, дори-дармон ва тиббий ускуналар билан бутланишини ташкил қилади ва касаллар эвакуациясини таъминлайди.


42. Вахта усулида бажариладиган ишларга жўнатилаётган шахсларни ишга кираётгандаги дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасасида амалга оширилиши мумкин.


43. Вахта шаҳарчасига ёки объектга жўнатилишидан 2-4 кун олдин ходимлар ташкилот шифокори томонидан ёки яшаш жойидаги поликлиникада кўрикдан ўтказилиши керак, тиббий кўриклардан ўтиш устидан назорат қилиш ташкилот маъмурияти томонидан амалга оширилади.


44. Ҳудудида вахта шаҳарчалари ва объектлари жойлашган соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари қурилишнинг умумий қиймати ҳисобидан вахтада:

фельдшерлик пунктлари (ходимлар сони 50 ва ундан кўпроқ бўлганида);

тиббиёт пунктлари (ходимлар сони 500 ва ундан кўпроқ бўлганида);

врачлик пунктларини (ходимлар сони 1500 дан кўпроқ бўлганида);

ишловчилар сони 50 нафаргача бўлганда - вахтага келиб-кетишларнинг даврийлиги ташкилот маъмурияти билан келишиладиган тиббий бригадаларни ташкил қилган ҳолда вахтада ишловчиларни тиббий ёрдам билан таъминлайди.

Тиббий бригадаларни объектларга қатнови ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


45. Вахта шаҳарчаларининг қурилиши, уларда ижтимоий-маиший соҳа объектларининг ишга туширилиши устидан огоҳлантирувчи санитария назорати, шунингдек, санитария-гигиенага оид ва эпидемияга қарши норма ва қоидаларга риоя қилиниши устидан назорат қилиш ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати бўлимлари томонидан ўтказилади.

46. Ишга киришдаги дастлабки ва ходимларни вахтага жўнатишдан олдин ўтказиладиган даврий тиббий кўриклар натижалари бўйича тиббий хулосаларни қайд этиб бориш мақсадида ҳар бир ходим номига амалга оширилган эмлашлар тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган ихтиёрий шаклда тузилган санитария дафтарчалари очилади.


47. Вахта усулида ишлайдиган ташкилотларга "Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази" орқали жўнатилган ва танланган мутахассислик бўйича ишлаш рад этадиган тиббий кўрсатмалар олган ходимлар бошқа ишга худди шу органлар томонидан жойлаштирилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


48. Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектлардаги қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини меҳнатни ташкил қилишнинг вахта режимида амалга оширишда келиб чиқадиган келишмовчиликлар ва низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


49. Аризалар, мурожаатлар ва шикоятларни кўриб чиқишнинг батафсил механизми шартномаларда келтирилган бўлиши керак.


50. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 октябрь