ИФЖМС шартномаси бўйича иш берувчи қачон қўшимча тўлашига тўғри келади

preview

Иш берувчи ИФЖМС шартномаси тузилган суғурта компаниясини шартнома тузишда тақдим этилган маълумотлардаги ўзгаришлар ҳақида хабардор қилиши шарт. Ушбу материалда айнан қандай ҳолларда шартнома бўйича илгари тўланган сумма қайта ҳисобланиши ва иш берувчи томонидан қўшимча тўлов амалга оширилиши зарур бўлишини кўриб чиқамиз.

Ушбу масалаларни ҳал қилишда Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига амал қилиш лозим (кейинги ўринларда – Қоидалар, ВМнинг 24.06.2009 йилдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган).

Шартнома шартларини ўзгартириш

Суғурта мукофоти миқдорига шартларнинг ўзгаришига боғлиқ ҳолда тузатишлар киритилади. Бунда томонларнинг суғурта мукофотининг ўзаро ҳисоб-китобларига тааллуқли мажбуриятлари ИФЖМС шартномасига қўшимча келишув тузилган санадан бошлаб 3 кундан кечикмай бажарилиши керак.

Агар иш берувчи ИФЖМС шартномаси шартлари ўзгартилиши ёки у бўйича қўшимча суғурта мукофоти тўлашга қарши бўлса, суғурталовчи мажбурий суғурта шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли. Бунда мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича тўланган суғурта мукофоти қайтариб берилмайди.

Шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда

Суғурта мукофотининг бир қисми тўланган суғурта товони суммасига ва мазкур шартнома амал қилишининг кунлар ҳисобидаги қолган муддатига мутаносиб равишда қайтариб берилади.

Бунда шартноманинг амал қилиши қуйида келтирилган ҳоллардан бошқа асосларга кўра тўхтатилган тақдирда суғурталовчи суғурта мукофотининг қайтариб берилаётган қисмидан ушбу шартнома бўйича исботланадиган харажатларнинг суғурта мукофотининг 25%идан кўп бўлмаган миқдордаги суммасини чегириб қолиши мумкин:

  • иш берувчи - юридик шахс тугатилганда ёки қайта ташкил этилганда;
  • иш берувчи - жисмоний шахс вафот этганда;
  • мажбурий суғурта қилиш шартномаси суд қарорига кўра ҳақиқий эмас деб эътироф этилганда;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда

МҲЖ миқдори ўзгарса

Суғурта пули ва суғурта мукофоти қисмига ушбу шартномага ёзма равишда қўшимча келишув тузиш орқали ўзгартиришлар киритилади. Бунда суғурта мукофотини қайта ҳисоб-китоб қилиш мазкур шартнома тузилган санада амалда бўлган суғурта тарифи бўйича, қолган суғурта даври ва суғурта пулига мутаносиб равишда амалга оширилади.

Шартномадаги хато

Шартнома тузилгандан кейин аризада иш берувчининг нотўғри ва (ёки) хато маълумотлар кўрсатганлиги аниқланган тақдирда суғурта мукофоти миқдори суғурта тарифларига ва шартнома тузилган вақтда амалда бўлган иш берувчи фаолият турларининг хавфлилик даражаси тавсифига мувофиқлаштирилиши керак.

Суғурта мукофоти тўланган ҳолда

Агар суғурталовчи ИФЖМС шартномасининг амал қилиш даврида суғурта товонини тўлаган бўлса, суғурта пули тўланган суғурта товони суммаси миқдорига камайтирилади. Бунда иш берувчи тўланган суғурта товони суммасига ҳамда шартноманинг қолган амал қилиш муддатига мутаносиб равишда суғурта мукофотини 7 иш куни мобайнида қўшимча равишда тўлаши шарт.

Эслатиб ўтамиз! ИФЖМС шартномасининг амал қилиш даврида иш берувчи:

  • ёзма шаклда ва Қоидаларда назарда тутилган муддатларда суғурталовчига аризада кўрсатилган маълумотлардаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида хабар қилиш шарт
  • мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича ва айрим ҳолларда аннуитетлар шартномаси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурта мукофотини тўлаши;
  • йиллик иш ҳақи (МҲЖ) миқдори ўзгарган пайтдан эътиборан 5 иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда суғурталовчига ёзма шаклда хабар қилиши;
  • иш берувчи томонидан амалга оширилаётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси ўзгарган пайтдан эътиборан 5 иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда суғурталовчига ёзма шаклда билдириши ва зарур бўлган ҳолларда, қўшимча ҳисоблаб чиқарилган суғурта мукофотини тўлаши;
  • ходимларни ИФЖМС шартномаси шартлари билан таништириши, шу жумладан, мазкур шартнома бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;
  • суғурталовчи ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни жабрланувчи ёки наф олувчи ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат қилган санадан эътиборан 2 иш куни мобайнида тақдим этиши;
  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса юз берганлиги ўзига маълум бўлган пайтдан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда суғурталовчига ёзма шаклда билдириши;
  • агар суғурта товони жабрланувчи ёки наф олувчи томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида асоссиз равишда тўланган бўлса, ортиқча тўланган суғурта товони ҳақида суғурталовчига хабар қилиши ва ортиқча тўланган маблағларни суғурталовчига қайтариш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриши шарт.

 

 Олег Гаевой.