Агар ходим донор бўлса

preview

«Ходим ҳеч кимни огоҳлантирмай, ишга келмади. Бир кундан кейин пайдо бўлиб, донорлик қони топширганини айтди. Бу вазиятда ходим иш берувчини олдиндан хабардор қилиши шартми? Донорга ишдан озод қилиш қандай расмийлаштирилади ҳамда унга қандай кафолалар ва компенсациялар берилади?». 

Вазиятни «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА изоҳлади:

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги Меҳнат кодекси асосида тайёрланган.

 

– Ҳа, «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига биноан, ходим иш берувчини тиббий кўрикдан ўтиш ва қон топшириш нияти тўғрисида хабардор қилиши шарт. Бунинг учун у ариза топширади. Иш берувчи эса ушбу ариза асосида монеликсиз рухсат бериши шарт.

Ушбу қоидадан истиснолар мавжуд. Ходимнинг иш  жойида бўлмаслиги қуйидаги ҳолатларга олиб келиши мумкин бўлса, унинг илтимосини рад этиш мумкин:

  • одамлар ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдиришига;
  • давлат мудофааси, хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар бажарилмаслигига;
  • бошқа оғир оқибатларга.

Ходимни ишдан озод қилиш учун буйруқ чиқаринг.

Эслатиб ўтамиз
Агар ходим «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган бўлса, иш берувчи ҳар йилги меҳнат таътилини унга қулай бўлган вақтда тақдим қилиши керак .

Қуйиш учун қон топшириш – бу ходим томонидан жамият манфаатлари йўлида қилинадиган ҳаракат .

Ходим қон топширишдан олдин тиббий кўрикдан ўтиши керак. Янги Меҳнат кодексининг 283-модда 1-қисмига мувофиқ иш берувчи тиббий текширувдан ўтиш кунида ҳамда қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш кунида ходимларни тиббиёт муассасаларига монеликсиз юбориши шарт.

Агар иш берувчи билан келишувга биноан ходим қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш кунида ишга чиққан бўлса, унга ўз хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилади. Ходимнинг ўша куни ишга чиқиш имкони бўлмаган зарарли ва (ёки) хавфли меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар бундан мустасно .

Эътибор беринг

Агар ходим ҳар йилги меҳнат таътили даврида, дам олиш кунида ёки ишланмайдиган байрам кунида қон ва унинг таркибий қисмларини топширган бўлса, унинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилади .

Донор бўлган ходимларга қон топширилган ҳар бир кундан кейин дам олиш куни берилади. Ходимнинг хоҳишига кўра бу кун йиллик меҳнат таътилига қўшилади ёки қон ва унинг таркибий қисмлари топширилган кундан кейин йил давомида бошқа вақтда бу кундан фойдаланиш мумкин .

Тиббий текширув ўтказиладиган ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари топшириладиган кунда ишдан озод қилинганда, шунингдек дам олиш кунларида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади .

Эътиборга олинг: тиббий кўрик ва қон топшириш бир кун билан чекланиб қолмаслиги мумкин. Бундан ташқари баъзи ҳолларда тиббий кўрик натижаларига кўра шахс қон топширишдан вақтинча четлаштирилиши мумкин. Масалан, спиртли ичимликларни қабул қилишда – 48 соат давомида. Шунингдек, бутунлай қарши кўрсатмалар мавжуд бўлганда (масалан, онкологик касалликлар) шахсга қон топширишга умуман рухсат берилмаслиги мумкин .

Ҳар қандай ҳолатда ходим қон топшириш мақсадида тиббий муассасада бўлганлиги натижасини тегишли ҳужжатлар билан тасдиқлаши керак.

Эътибор беринг
«Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш соғлиқни сақлаш тизимининг ихтисослашган давлат тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилади. Шунинг учун қон топширганлик ҳақидаги ҳужжатлар хусусий тиббиёт муассасалари томонидан тақдим этилмайди.

 

Тасдиқловчи ҳужжатлар

Ходим донорлик фактини, шу жумладан тиббий текширувдан ўтиш ҳамда қон топширишни – қон хизмати томонидан берилган маълумотнома ёки бошқа ҳужжат асосида тасдиқлайди .

Тиббий муассасада у қуйидагиларни олади:

1. Тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақида  маълумотнома.

Агар ходим тиббий кўрик натижаларига кўра қон топширишдан четлатилган бўлса ёки у техник сабабларга кўра ўтказилмаса, донор жалб қилинган вақт кўрсатилган текширув ҳақидаги маълумотномани ҳам олади.

Бундай маълумотнома ҳатто натижада бирон сабабга кўра қон топшириш амалга оширилмаган бўлса ҳам ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда тиббий кўрик куни ходимни ишдан озод қилиш учун асос бўлади, Аммо бу ҳолда қўшимча дам олиш куни тақдим этилмайди, чунки янги Меҳнат кодексининг 283-моддаси иш берувчига фақат қон топширилган кундан кейин дам олиш куни бериш мажбуриятини юклайди.

2. Тасдиқланган шакл бўйича қон топширганлиги ҳақида маълумотнома.