Аввалги иш жойидан «қисқартирилган» ходим учун муддатидан олдин таътил бериладими

preview

«Тўрт ой олдин ишга қабул қилинган ходим аввалги иш жойида «қисқартириш» туфайли таътилдан фойдаланишга улгуролмагани учун унга ҳар йилги асосий таътил берилишини талаб қилмоқда. Агар, умумий қоидага кўра биринчи иш йили учун меҳнат таътили  олти ойдан кейин тақдим этилса, янги ходим эса бизда фақат тўрт ойгина ишлаган бўлса, унга таътил беришга мажбурмизми?».

Бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини «Нормa» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

Эътибор беринг

Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги Меҳнат кодекси асосида тайёрланган.

 

–  «Янги МК 1995 йилдаги  МКдан фарқли ўлароқ, ташкилот ходимларининг сони ёки ходимлар штатининг ўзгариши туфайли озод қилинган ходимлар учун бундай кафолатни бермайди.  Яъни, агар ходим аввалги жойида «қисқартирилган» бўлса ва у ўзига тегишли таътилдан фойдаланишга улгурмаган бўлса, кейинги иш берувчи биринчи иш йили учун унга олти ой ўтмагунча таътил беришга мажбур эмас.

Янги Меҳнат кодексига кўра, агар қуйидагилар олти ой ўтгунига қадар таътил олишни хоҳласалар, иш берувчи учун бундай мажбурият юзага келади :

  • аёллар – ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахслар (ёлғиз ота-она, шу жумладан бева аёллар, бева эркаклар, никоҳдан ажралганлар, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари, ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар);
  • ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга;
  • резервга бўшатилганидан кейин уч ойдан кечиктирмай ишга кирган муддатли ҳарбий хизматни ўтаган собиқ ҳарбий хизматчилар;
  • 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар;
  • ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганлар, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;
  • жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд ички ҳужжатларда белгиланган бошқа ҳолларда бошқа ходимлар.

Шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши ички ҳужжатлар ва бошқа санаб ўтилган ҳужжатларда ходимларга таътил бериш бўйича кафолатлар белгиланган ёки белгиланмаганлигини текширинг. Эҳтимол, уларда янги Меҳнат кодексининг 227-модда 3-қисмида кўрсатилганлардан ташқари иш берувчи уларнинг хоҳишига кўра биринчи иш йили учун олти ой ўтгунига қадар таътил беришга мажбур бўлган ходимларнинг қўшимча тоифалари ёзилган бўлиши мумкин. Мисол учун, агар улар худди ўша тармоқ ёки битта идора тизимидаги ташкилотга ишлашга ўтсалар, бу  айнан «қисқартирилган» ходимлар бўлиши мумкин.

Тарафларнинг келишувига кўра «муддатидан аввал» таътил бериш  мумкин, чунки бу билан ходимнинг вазияти ёмонлашмайди, балки амалдаги қонунчиликка нисбатан яхшиланади . Ходим иш берувчига бунга сабаб бўлган ҳолатлардан қатъи назар, олти ойлик иш муддати тугамасдан аввал унга таътил бериш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилишга ҳақли. Аммо бу ҳолатда қарорни иш берувчи чиқаради. Агар у қарши бўлмаса, қўрқмай таътилни расмийлаштириш мумкин, бу ерда ҳеч қандай қоидабузарлик йўқ. Бу ҳолда меҳнат таътили тўлиқ давомийликда ва тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда берилади .

Аммо унутманг: ходим бу иш йили тугагунига қадар ишдан бўшатилган тақдирда унинг иш ҳақидан таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун (бундай ушлаб қолиш амалга оширилмайдиган алоҳида асослар бўйича ишдан бўшатишлар бундан мустасно) ушлаб қолишга тўғри келади .