Ходимларнинг илтимосига кўра таътиллар жадвалини ўзгартириш мумкинми

preview

«Янги календарь йил учун аллақачон таътиллар жадвали тасдиқланган. Аммо энди баъзи ходимлар турли сабабларни рўкач қилиб, жадвалда кўрсатилган таътилдан фойдаланиш вақтини ўзгартиришни сўрашмоқда». 

Иш берувчи ходимларнинг илтимосига кўра жадвал билан тасдиқланган таътил даврини ўзгартиришга мажбурми? Саволга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

 

– Иш берувчи ҳам, ходим ҳам ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатини белгилайдиган тасдиқланган жадвалга риоя қилишлари керак .

Иш берувчи ҳар бир ходим билан таътилдан фойдаланиш вақтини келишишга мажбур эмас. Таътилга чиқиш кетма-кетлиги улардан фойдаланиш нормал иш жараёнини бузмаслигини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Ҳар доим ҳам ҳар бир ходимнинг таътилга чиқиш вақти ҳақидаги истакларини инобатга олиб бўлмайди. Масалан, бир хил вазифани бажарадиган иккита мутахассис бир вақтнинг ўзида таътилга чиқишни хоҳласа, лекин ишлаб чиқариш шароити бўйича  уларнинг бир вақтнинг ўзида ишда бўлмаслиги имконсиз бўлса, иккаласининг ҳам истакларини қондириб бўлмайди.

Аммо бунда жадвалда белгиланган ҳар йилги меҳнат таътилини бериш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ўзгартирилиши мумкин .

Агар ходим бирон бир сабабга кўра унга таътил бериш вақти билан рози бўлмаса ва уни ўзгартирмоқчи бўлса, у иш берувчига мурожаат қилиши керак.

Аммо бу қоидадан истисно мавжуд – ходимнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили унга қулай бўлган вақтда қуйидагиларга берилиши керак :

  • аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
  • болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга ушбу таътилдан олдин ёки кейин;
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган бир ёки ундан ортиқ нафар болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • 1941 – 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга;
  • ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;
  • “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга;
  • жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд бошқа ички ҳужжатларда белгиланган ҳолларда бошқа ходимларга.

Ишлайдиган эркакларга ҳар йилги меҳнат таътили уларнинг хоҳишига кўра хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.

Тегишинча, агар ходим санаб ўтилган шахслар рўйхатига кирса ва таътилга чиқиш учун дастлаб белгиланган вақтни ўзгартирмоқчи бўлса (ҳатто жадвал аллақачон тасдиқланган бўлса ҳам), иш берувчи унинг талабини бажариши керак. Агар бу рўйхатга кирмаса, масала ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув асосида ҳал қилинади.