Ходимнинг таътилини унинг аризасисиз узайтириш мумкинми

preview

«Ходим 24 иш кунига меҳнат таътилига чиқди. 2 ҳафтадан сўнг у меҳнатга лаёқатсизлик варақасини (5 кун учун)  олиб келди. У меҳнат таътилининг бир қисмини касаллик таътилининг кунлари сонига узайтириш ёки кечиктириш тўғрисида ариза ёзишдан бош тортди. Бундай вазиятда меҳнат таътилини ходимнинг аризасисиз касаллик таътилининг кунлари сонига узайтириш мумкинми?».

Ушбу масала амалдаги ва янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига мувофиқ қандай ҳал қилинишини эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди:

 

1. Амалдаги Меҳнат кодексига кўра:

– Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади .

Масалан, агар ходим таътил пайтида касал бўлса, меҳнатга лаёқатсизлик варақасини расмийлаштирган ва бу ҳақда иш берувчига хабар берган бўлса, таътил меҳнатга лаёқатсизлик кунлари сонига узайтирилиши мумкин.

Бир хил давр учун икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш назарда тутилмаган. Яъни,  касаллик даврининг 5 куни учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ҳам, «таътил пули» ҳам тўлаб берилмайди.

Шу муносабат билан муқобил имкониятлар назарда тутилган – таътилни узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириб ўтказиш.

Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт .

Агар ходим таътилни узайтиришни ёки бошқа муддатга кўчиришни рад этса, ходимга Меҳнат кодексининг 145-моддаси талабларини тушунтиринг ва ходимнинг ариза ёзишни рад этиш сабабини тушунишга ҳаракат қилинг.

 

Агар ходим таътилни узайтиришни истамаса ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини рад этса

  Бундай ҳолда у иш берувчига таътил даврида касаллик ҳақида хабар бермаслиги ва касаллик тугаши билан ишга киришиши мумкин – касаллик вақтини ҳисобга олмасдан ва нафақа олиш ҳуқуқисиз. Бундай ҳолда ариза ёзиш, шунингдек буйруқ чиқариш ҳам шарт эмас.

 

Агар ходим иш берувчидан ёзма равишда меҳнат таътилини узайтирмасликни ва бошқа муддатга кўчирмасликни сўраса, унга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади, касаллик туфайли фойдаланилмаган кунлар эса меҳнат таътилининг белгиланган энг оз муддатидан фойдаланилмаган ортиқча кунлари учун пуллик компенсация ҳисобланади.

Агар ушбу компенсация белгиланган иш даври учун илгари тўланмаган бўлса, бунга йўл қўйилади.

Шундай қилиб, ходим «таътил пули» олган ҳолда таътилнинг 19 иш кунидан фойдаланади, 5 кун учун эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ва 5 иш куни учун  пуллик компенсация олади.

Қандай бўлмасин, таътилни узайтириш, бошқа муддатга кўчиришда  ёки пуллик компенсация тўлашда  ходимнинг ёзма аризаси унинг илтимосини қондириш учун керак бўлади. Ушбу масалани ҳал қилишнинг ҳар қандай вариантида буйруқ чиқарилиши керак.

 

2. 2023 йил 30 апрель кунидан кучга кирадиган янги МК бўйича ушбу муаммо қандай ҳал қилинади:

Муаммо амалдаги МК талабларига ўхшаш тарзда ҳал қилинади:

  • 28.10.2022 й. 798-сонли ЎРҚ янги таҳрирдаги МК 229-м.  – таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш  тўғрисида (амалдаги  МКнинг 145-моддасига ўхшаш);
  • 28.10.2022 й. 798-сонли ЎРҚ янги таҳрирдаги МК 234-м. – йиллик меҳнат таътилини пуллик компенсация билан алмаштириш тўғрисида (амалдаги  МКнинг 151-моддасига ўхшаш).