Иш берувчи таътилни қисмларга бўлиши мумкинми

preview

«Ташкилот раҳбарияти ишлаб чиқариш ходимларига тўлақонли таътил бермай, уни қисмларга бўлиш ва таътилнинг бир қисмини ноқулай вақтда – октябрь-ноябрь ойларида олишга мажбур қилмоқда. Бу қонунийми? Ушбу масалани ҳал қилиш учун қаерга мурожаат қилиш ва раҳбариятга қандай таъсир қилиш мумкин?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Ходим бир вақтнинг ўзида йиллик умумий давомийликдаги таътил олишга ёки йилда бир неча бор дам олишга ҳақли. Таътилни фақат унинг хоҳишига кўра ва ёзма аризаси асосида  қисмларга бўлишга йўл қўйилади (томонларнинг келишуви билан эмас) .

Бунда ҳеч қандай қўшимча ҳужжатларни расмийлаштиришнинг кераги йўқ. Таътилдан қисмларга бўлиб фойдаланиш масаласи календарь йил учун таътиллар жадвалини тузишда ҳам, ходимга тўғридан-тўғри таътил беришда ҳам ҳал қилиниши мумкин. Агар таътилни қисмларга бўлиш ҳақидаги қарор таътиллар жадвали аллақачон тасдиқланган вақтда қабул қилинса, иш берувчи қуйидаги ҳатти-ҳаракатларни амалга оширади: 

  • ходимга у эълон қилган таътилнинг бир қисмини бериш тўғрисида алоҳида буйруқ (фармойиш) чиқаради;
  • таътиллар жадвалига ўзгартиришлар киритади.

Қонунда таътилни нечта қисмларга бўлиш мумкинлиги кўрсатилмаган. Бироқ, унинг қисмларидан бири ўн икки иш кунидан кам бўлмаслиги лозим. Қолган қисми эса ходим ва иш берувчининг хоҳишига кўра, камроқ муддатли қисмларда тақдим этилиши мумкин. 

Таътилни қисмларга бўлишда, уни ҳаддан ташқари бўлиб юборишни  тавсия қилмаймиз, чунки ходим қисқа муддатли таътил давомида тўлақонли дам ололмайди.

Эътибор беринг

Иш берувчи ўз ташаббуси билан барча ишлаб чиқариш ходимларини таътилнинг бир қисмини октябрь-ноябрь ойларида олишга мажбур қилишга ҳақли эмас, чунки бу фақат ходимнинг хоҳишига кўра бўлиши мумкин. 

Мажбурлаш ҳолатида ходимлар ўз ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисида ариза билан Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ёки туман прокуратурасига мурожаат қилишга ҳақли.

Келгусида, кейинги календарь йил учун жадвал тузаётиб, ушбу жиҳатларни ҳисобга олинг ва таътил бериш масаласини раҳбарият ва ходимларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинг.