Кўпроқ дам олиш ёки кўпроқ таътил пули олиш учун 2022 йилги таътилни қандай режалаштириш лозим

preview

ПФ-35-сон Фармонга мувофиқ, 2022 йил март ойида МК 131-м. билан белгиланган байрам кунларидан (8 март – Хотин-қизлар куни ва 21 март – Наврўз) ташқари ўзбекистонликларга яна иккита дам олиш куни берилади. Булар барча иш режимлари учун қўшимча дам олиш кунлари (кўчиришларсиз) – 22 ва 23 март кунлари. Йиллик таътилни режалаштираётганда бундан қандай қўшимча наф олиш мумкинлиги ҳақида «Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС гапириб берди:

 

– «Бу йилги март ойи узоқ давом этадиган байрам ва дам олиш кунлари билан бизни қувонтиради:

  • 5 кунлик иш ҳафтаси (40 соатлик) (19 и.к.) – 151 с.;
  • 6 кунлик иш ҳафтаси (40 соатлик) (23 и.к.) – 152 с.;
  • 36 соатлик иш ҳафтаси – 137 с.;
  • *7 март – қисқартирилган иш куни.

Наврўз байрами муносабати билан:

  • ҳафтасига 5 кун ишловчилар – узлуксиз 5 кун (19 мартдан 23 мартгача, шанбадан чоршанбагача);
  • 6 кун ишловчилар 4 кун (20 мартдан 23 мартгача, якшанбадан чоршанбагача) дам оладилар.

 

Март ойидаги таътилдан қандай унумли фойдаланиш мумкин  

МК 144-м. мувофиқ, корхоналар календарь йил бошлангунга қадар ходимларнинг йиллик таътиллар жадвалини ишлаб чиқариш зарурати ва ходимларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда тасдиқлайдилар. Унинг лойиҳасини ишлаб чиқиш босқичидаёқ ПФ-35-сон Фармон билан яқиндан танишиб, 2022 йилги меҳнат таътилларини режалаштириш мақсадга мувофиқ.

Мисол учун, таътилни узоқ давом этадиган байрам ва дам олиш кунларига улаш ёки дам олишни бошқа вақтга қолдириш мумкин.

Қуйидаги вариантлардан қайси бири фойдалироқ эканлигини ходимларнинг ўзи ҳал қилсин:

  • байрам кунларига тўғрилаб таътил олиб, кўпроқ дам олиш, яъни бевосита байрамдан олдин (таътил + байрам) ёки у ўтиши билан (байрам + таътил) таътил олиш;

ёки

  • ойда иш кунлари кўпроқ бўлган «байрамларсиз» даврда таътилни расмийлаштириб, кўпроқ таътил пули олиш.

Уни онгли равишда танлашлари учун буни қандай амалга ошириш мумкинлигини тушунтиринг.

Ўзбекистондаги ташкилотларда таътилларнинг муддати турлича – 15 иш куни (МК 134-м. билан белгиланган энг кам муддат) ва ундан ортиқ этиб белгилангани боис муайян алгоритмни таклиф этиб бўлмайди. Бундан ташқари, таътилнинг давомийлиги ҳар бир йил учун тасдиқланган қўшимча дам олиш кунларидан келиб чиқиб ҳам тартибга солинади.

Эътибор беринг

Меҳнат таътили муддати 20 ва ундан ортиқ иш кунини ташкил этадиган бюджет ташкилотларининг ходимларига бериладиган йиллик меҳнат таътили кунлари сони 2022 йилда 5 иш кунига қисқартирилади.

Қоида таътил бошланган календарь санадан (2022 йил 1 январдан 31 декабргача) ва ушбу таътил берилаётган иш йилидан қатъи назар амал қилади.

20 иш кунидан кам давом этадиган таътиллар уларнинг давомийлиги 15 иш кунидан кам бўлмайдиган қилиб қисқартирилади . Масалан, 19 иш куни давом этадиган таътилдан фақат 4 кунни, 18 иш кунидан – 3 кунни чегириш мумкин ва ҳ.к.

Нобюджет ташкилотлари 2022 йилда меҳнат таътили муддатидан қўшимча ишланмайдиган кунларни чегириш (ёки чегирмаслик) масаласини мустақил равишда ҳал қиладилар. Бу ҳақда батафсил – бу ерда.

Эътибор беринг

Дам олиш кунлари учун ҳеч қачон – ишда ҳам, таътилда ҳам пул тўланмайди. Бироқ таътилда улар ҳисобига дам олиш кунлари сонини кўпайтириш мумкин.

Иш вақтида дам олиш кунлари иш ҳақини ҳисоблаётганда инобатга олинмайди – ҳақиқатда ишланган кунларгина асос қилиб олинади. Таътил пулини ҳисоблаётганда эса ўрта ҳисобда ойдаги барча иш кунларидан (2022 йил учун – 24,5 кун) фойдаланилади.

Кўпроқ таътил пули олишни эмас, кўпроқ дам олишни истасангиз  

Бу ҳолда байрам муносабати билан белгиланган дам олиш кунлари бошланишидан олдин ёки у ўтиши билан таътилни ёки унинг бир қисмини олган маъқул.

Таътил кунларини ҳисоблаётганда байрам ва қўшимча дам олиш кунлари, шунингдек якшанба кунлари ҳисобга олинмайди.

Шанба кунларидан ўтказилган дам олиш кунлари ҳисобга олинади, сабаби таътилларнинг муддати 6 кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади .

Буни мисолларда кўриб чиқамиз:

Мисол
Таътил муддати – 15 иш куни. Иш режими – 5 кунлик. Ходим 7 мартдан (душанба) бошлаб таътилга чиқмоқчи

 

Бу ҳолда у амалда узлуксиз 24 календарь кун – 5 мартдан (шанба) 28 мартгача дам олади. Ишга чиқиш куни – 2022 йил 29 март. Зеро қўшимча ишланмайдиган кунлар таътил муддатига кирмайди.

7 март – таътилнинг биринчи куни, унинг арафасида дам олиш кунлари – 5 ва 6 март.

8, 21, 22, 23 март таътил муддатига кирмайди, тегишинча, таътил шу кунларга узайтирилади.

28 март – таътилнинг сўнгги куни.

Жами 24 календарь кун узлуксиз дам олган бўлади.

Мисол
Таътил муддати – 15 иш куни. Иш режими – 5 кунлик. Ходим 24 мартдан (пайшанба) бошлаб таътилга чиқмоқчи

Бу ҳолда у амалда узлуксиз 21 календарь кун (3 ҳафта) – 21 мартдан 10 апрелгача дам олади.

21 мартдан 23 мартгача бўлган кунлар бевосита таътил (24 март) арафасида ўтади, тегишинча, узлуксиз дам олиш даврига автоматик равишда ушбу кунлар ҳам киради. Ишга чиқиш куни – 2022 йил 11 апрель.

 

Пул муҳимроқ бўлса

Кўпроқ даромад олмоқчи бўлганлар байрамсиз ва иш кунлари сони кўп бўлган ойларни танлашлари керак. Таътил пули олиб дам олишга ҳам, иш ҳақи олиб ишлашга ҳам улгурасиз.

Таътил пулини ҳисоблаётганда эса байрам кунлари чегирилмайди. Бундай «байрамсиз» ойлар – февраль, апрель, июнь, август, октябрь (октябрь ойида атиги битта байрам куни – 1 октябрь), ноябрь.

 

Таътилларни қисмларга бўлиш ёки пуллик компенсация билан алмаштириш мумкин  

Ходимнинг хоҳишига кўра таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади . Бунда таътилнинг бир қисми бўлинмаслиги – 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

Масалан, 15 иш кунидан иборат таътилларни 3 + 12 ёки 12 + 3 қилиб бўлиш мумкин. Бунда 3 кундан турли вариантларда фойдаланиш, ҳатто 1 кунлаб бўлиш мумкин.

Ходимнинг хоҳишига кўра таътилнинг бир қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш ҳам мумкин. У меҳнат таътилининг энг оз муддатидан ортиқча, яъни 15 иш кунидан ортиқча қисми учун тўланади, ходим ундан асли ҳолида фойдаланиши керак .

Масалан, таътил муддати 24 иш куни бўлса, фақат 9 иш куни (24 – 15 = 9) ўрнига пул тўланиши мумкин.

Пуллик компенсацияни таътилнинг энг оз муддатидан ортиқча кунлар учун тўлиқ ёки ушбу кунларнинг бир қисми учун тўлаш мумкин. Эҳтимол, кейинчалик ходим қолган кунлардан айнан дам олиш кунлари сифатида фойдаланар.

Меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда фойдаланилмаган барча таътиллар учун компенсация (тўлиқ миқдорда) тўланади.

Ушбу жиҳатларнинг барчасини кўриб чиқиб, ходимлар ва уларнинг бевосита раҳбарлари билан вариантларни муҳокама қилиб, ходимлар учун энг мақбул келадиган таътилларни расмийлаштириш мумкин».