Янги Меҳнат кодекси бўйича «иш стажи учун» ким таътил тақдим қилади

preview

«Янги Меҳнат кодексининг 220-моддасига мувофиқ ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади. Бу фақат давлат ташкилотлари учунми ёки бошқа корхоналар учун ҳам мажбурийми? Демак, бундай таътил учун иш вақтини ҳисоблаб чиқариш фақат янги МК жорий қилинадиган вақтдан – 2023 йил 30 апрелдан бошланадими?».

Саволга «Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган иш стажи давомийлиги учун қўшимча таътиллар бериш тўғрисидаги кафолатлар барча мулкчилик шаклидаги ташкилотларга нисбатан татбиқ қилинади . Бу таътил кунлари янги МКнинг 505-м. 3-қисмидада назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда тақдим этиладиган микрофирмалар учун истиснолар бўлиши мумкин . Микрофирмаларда бундай таътилни тақдим қилиш давомийлиги ва тартиби жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар ёхуд меҳнат шартномаси билан белгиланади.

Иш стажи давомийлиги янги Меҳнат кодекси амал қила бошлаган вақтдан бошлаб эмас, балки ташкилотдаги (тармоқдаги) иш стажидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ходим учун алоҳида белгиланиши керак деб ҳисоблаймиз.

Иш берувчи эса ушбу имтиёзни янги Меҳнат кодекси кучга кирганидан кейин тақдим этишга ҳақли, яъни – 2023 йил 30 апрелдан бошлаб.

Ушбу қўшимча таътил кунларини тақдим қилиш тартиби корхонанинг ички ҳужжатлари, жамоа шартномасига мувофиқ аввалроқ ҳам киритилиши мумкин.