Янги Меҳнат кодекси: иш ҳақини тўлаш (3-қисм)

preview

Биз юридик фанлар номзоди, янги МК ҳаммуаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ ва «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара Ҳикматованинг янги Меҳнат кодекси бўйича иш ҳақи борасидаги тушунтиришларини беришда давом этамиз (1 ва 2-қисмларга қаранг)

Ушбу мақолада:

• ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишлар тартиби қандай ўзгарди; 
• қайси ҳолларда меҳнат шартномаси бекор қилинганда «таътил пули»ни ушлаб қолиш мумкин эмас;
• «алиментчи»дан иш ҳақининг қайси қисмини ушлаб қолиш мумкин;
• ва ниҳоят – ходимнинг хоҳишига кўра иш ҳақидан ушлаб қолиш ва иш ҳақини тасарруф этишнинг фарқи нимада.

 

Иш ҳақидан қандай ушлаб қолишлар учун ходимнинг розилигини олиш керак эмас

Амалдагиси каби, янги Меҳнат кодексида ҳам иш ҳақидан ушлаб қолиш умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Бунда ходимнинг розилигидан қатъи назар, қуйидагилар ушлаб қолинади :

1) солиқлар ва йиғимлар;

2) «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган суд қарорларини ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, шунингдек ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун керак бўладиган суммалар;

3) Сўндириш (қайтариш) учун қуйидаги суммалар:

  • иш ҳақи ҳисобига берилган бўнак;
  • бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганлиги муносабати билан хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига берилган, сарфланмаган ва ўз вақтида қайтарилмаган бўнак;
  • ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган суммалар.

Бундай ҳолларда иш берувчи бўнакни қайтариш учун белгиланган муддат тамом бўлган (масалан, ходим хизмат сафаридан қайтган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида аванс ҳисоботини тақдим қилади)  ёки қарздорликни сўндириш ёки тўлов нотўғри ҳисоблаб чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолиш ҳақида буйруқ чиқаришга ҳақли. Агар бу муддат ўтиб кетган бўлса ёки ходим бўнакни тўлаш учун ушлаб қолиш асосларига ёхуд миқдорига эътироз билдираётган бўлса, қарзни тўлаш суд тартибида амалга оширилади;

4) ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса;

5) меҳнат интизомини бузганлиги учун қўлланиладиган жарималар ;

6) ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун аввал тўланган суммалар. 

Бу ерда муҳим қўшимчалар бор. Улар ҳақида – қуйида.

Эътибор беринг
Бу рўйхат мукаммал ҳисобланади. Ходимнинг маошидан унинг розилигисиз бошқа суммаларни ушлаб қолиш тақиқланади.

 

Меҳнат таътилининг ишлаб берилмаган кунлари учун «таътил пули»ни қачон ушлаб қолиш мумкин эмас

«Тақиқланган асослар» рўйхати кенгайтирилди. Шундай қилиб, агар меҳнат шартномаси қуйидагилар сабабли бекор қилинган бўлса, меҳнат таътилининг ишлаб берилмаган кунлари учун «таътил пули»ни ушлаб қолиш мумкин эмас (қуйида –қўшимчалар билан бирга тўлиқ рўйхат келтирилган):

  • ходимнинг янги меҳнат шартларида меҳнат қилишни рад этиши ;
  • ходим соғлиғи ҳолати бўйича қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказилишни рад этганлиги ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаганлиги муносабати билан ;
  • ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчиб ўтишни рад этиши ;
  • ташкилот тугатилиши билан (унинг алоҳида бўлинмаси) унинг муассислари қарори билан (иштирокчилар) ёки юридик шахс органи таъсис ҳужжатлари билан бунинг учун ваколатли, ёки – якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолиятини тугатиши .;
  • технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлган ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси), якка тартибдаги тадбиркор ходимлари сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги ;
  • ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги ;
  • ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги ;
  • шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганлиги ;
  • ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги ;
  • ходимнинг вафот этганлиги, унинг бедарак йўқолган деб эътироф этилганлиги ёки вафот этган деб эълон қилинганлиги ;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг, шунингдек Олий Мажлиси Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзосининг ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги ;
  • ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги ёки меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келганлиги, агар бу қоидабузарликлар ёки ҳолатлар ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлмаса ;
Эслатиб ўтамиз

Меҳнат муносабатларини давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар қуйидагилар бўлиши мумкин:

– ходимни меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилганлиги;
– давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинганлиги;
– муайян ишни бажаришга доир рухсатномадан ёки лицензиядан маҳрум этилганлиги ва ҳоказо.

  • ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш, агар бу ўқишга кириш, нафақага чиқиш, сайланадиган лавозимга сайланиш муносабати билан ишлашни давом эттира олмаслик билан боғлиқ бўлса.

Янги МК “бошқа ҳолларда” жумласини қўшиб, ушбу рўйхатни очиқ қолдирди, чунки ҳаммасини олдиндан кўра билиш – имконсиз.

 

Ортиқча тўланган маошни қачон ундириш мумкин

Амалдаги МК бўйича бунга ҳисоб-китобда хатолик аниқланган бўлса, йўл қўйилади. Янги МК бу позицияга яна иккита вазиятни қўшди. У кучга кириши билан ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган иш ҳақи (шу жумладан, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки меҳнатга оид бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар нотўғри қўлланилган тақдирда), қуйидаги ҳолатларда ундирилиши мумкин:

  • агар ҳисоблашда хатога йўл қўйилган бўлса;
  • якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган томонидан ходимнинг меҳнат нормаларини бажармаганликдаги айби эътироф этилган бўлса;
  • ходимнинг суд томонидан белгиланган ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) сабабли ходимга ортиқча иш ҳақи тўланган бўлса.

 

Ушлаб қолишлар бўйича чеклов

Янги МК ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишларнинг амалдаги максимал миқдорини сақлаб қолди. Ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас.

Аммо бу қоидадан истисно тузатилди. Амалдаги Меҳнат кодексига кўра эллик фоизлик чеклов ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланган ходимнинг алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда кўпи билан етмиш фоиз ушлаб қолиш мумкин. Янги МК «алиментчилар» ва ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланганларни ажратди. Сўзма-сўз қуйидагича янграйди:

  • «Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган чеклов алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни, ШУНИНГДЕК ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо тайинланган ходимнинг иш ҳақини ушлаб қолишга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолларда жазодан ва алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликдан ушлаб қолиш миқдори ходимга ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақининг етмиш фоизидан ошиши мумкин эмас».

Шундай қилиб, «алиментчилар»дан алиментни 70% гача ушлаб қолиш мумкин бўлади – улар ахлоқ тузатиш ишлари тарзида жазо ўтаётган-ўтамаётганидан қатъи назар.

 

“Иш ҳақидан ушлаб қолиш“иш ҳақини тасарруф этиш”дан нимаси билан фарқланади

Ходимлар кўпинча иш берувчига маълум мақсадлар учун иш ҳақидан тўловларни амалга ошириш илтимоси билан мурожаат қилишади. Масалан, коммунал хизматлар, болалар таълими, ижара, кредитни тўлаш ва ҳоказолар. Бу ҳолда ходимнинг илтимосига биноан иш ҳақининг 50% дан кўпроғини ёки ҳатто унинг бутун суммасини ушлаб қолиш мумкинми?

Амалдаги МК бу саволга аниқ жавоб бермайди. Янги МК эса бу бўшлиқни тўлдирди. Агар ходим иш ҳақининг бир қисмини ёки тўлиғича шахсий харажатлар ёки қарзни (банк ссудалари, кредитлар, коммунал тўловлар ва бошқа) тўлаш учун йўллашга илтимос қилиб ариза ёзса – бу ушлаб қолиш эмас, балки иш ҳақини ўз истагига кўра тасарруф этишдир. Демак, ушлаб қолиш бўйича чекловлар бу ерда амал қилмайди.

Пул – бу шахснинг мулк объекти, . Мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади .  Ўз маошини сарфлаш – бу ходимнинг ҳуқуқи, у уни ўз хоҳишига кўра сарфлаши мумкин. Ва – у иш берувчидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ушлаб қолингандан сўнг, ҳар қандай сабабга кўра ва ҳар қандай қонуний мақсадлар учун иш ҳақидан исталган суммани ўтказишни сўрашга ҳақли.

Эътибор беринг
Ходимнинг ёзма аризасисиз унинг маошидан кредиторларининг талаби бўйича қарзларни ушлаб қолиш мумкин эмас.