Ишга қабул қилишни қачон рад этиш мумкин ва қачон бунга йўл қўйиб бўлмайди

preview

Ишга қабул қилишни рад этиш асосланган ва қонуний бўлиши керак. Акс ҳолда иш берувчининг мансабдор шахслари жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.  Ташкилот эса меҳнат шартномасини тузишга ва ходимга етказилган зарар учун пуллик компенсация тўлашига тўғри келади.

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

 

Ишга қабул қилишни қонунан рад этиш

Қонуний рад этиш ҳолатлари шартли равишда 3 гуруҳга бўлинади:

1) иш берувчи ишга қабул қилишни рад  этишга мажбур;

2) иш берувчи энг яхши ходимни танлаш ҳуқуқидан фойдаланади;

3) меҳнат шартномасини тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд.

 

1. Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этишга мажбур, агар:

  • ёш бўйича чекловлар бўлса.

Хусусан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни зарарли меҳнат шароитларидаги ишларга, шунингдек рухсат этилган энг кўп меъёрлардан ошадиган оғир юкларни кўтариш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишларга қабул қилиш тақиқланади;

  • 15-16 ёшдаги ариза берувчида ҳар иккала ота-онанинг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ёки 15 ёшдан кичик  ариза берувчида иккала ота-онанинг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги йўқ ;
  • ходим мажбурий дастлабки тиббий кўрикдан ўтмади ёки тиббий кўрик натижаларига кўра, унга бундай ишга нисбатан қарши кўрсатма берилган бўлса ;
  • суд ҳукми билан шахсга маълум бир лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш тақиқланган. Бунда  сиз уни суд ҳужжатида кўрсатилмаган бошқа лавозимга ёки ишга қабул қилишингиз мумкин;
  • ўзаро яқин қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг (ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар,  эр-хотин, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат ташкилотида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлса тақиқланади . Тасдиқланган рўйхат бўйича ходимларнинг айрим тоифалари бундан мустасно. 
  • Номзодда диплом ёки бошқа ҳужжат бўлмаса (гувоҳнома, сертификат ва бошқалар), агар меҳнат шартномаси бўйича келгусидаги ишларни бажариш учун махсус маълумот ёки махсус тайёргарлик талаб қилинса. Масалан, тегишли маълумоти ва касбий тайёргарлиги бўлган шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга .

 

2. Иш берувчи зарур касбий ва ишбилармонлик фазилатларига эга бўлган энг яхши ходимни танлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли.

Иш берувчи суҳбатлар ўтказиш, шунингдек танлов асосида саралаш ўтказишга  ҳақли (агар бу ташкилотнинг ички низомида ёки қонунчиликда назарда тутилган бўлса) .

Агар суҳбат ёки танлов натижаларига кўра номзод компанияда ишлаш учун мос эмаслиги маълум бўлса, ишга қабул қилишни рад этиш қонуний бўлади. Аммо бунда иш берувчи рад этиш сабабларини аниқ асослаб бериши  – номзоднинг ушбу лавозим учун қандай билим, кўникма ва малакаларга эга эмаслигини кўрсатиши керак.

Масалан, иш чет эллик мижозлар билан доимий мулоқотни ўз ичига олади, ишга кирмоқчи бўлган номзод эса инглиз тилини билмайди. Бундай ҳолда ишга қабул қилишни рад этиш – қонуний, чунки номзод ушбу иш учун муҳим бўлган билим ва кўникмаларга эга эмас;

Шунингдек, агар номзод ишга қабул қилишда суҳбат ва танловда қатнашишдан  бош тортса, рад этиш қонуний бўлади .

 

3. Иш берувчи меҳнат шартномасини тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлса, ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли.  

  • Масалан, корхонада бўш иш ўринлари ёки ишга кираётган шахс кирмоқчи бўлган иш йўқ;
  • ишга кираётган шахс ишга қабул қилиш чоғида талаб қилинадиган ҳужжатларни тақдим этмади ;
  • меҳнат шартномаси шартлари бўйича келишувга эришилмаган.

Мисол учун,  номзод тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани имзолашни рад этди . Бу ҳолда, агар пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилишни назарда тутувчи иш ҳақида гап бораётган бўлса, ишга қабул қилишни рад этиш қонуний бўлади;

Эътибор беринг
Меҳнат шартномасига ходимнинг ҳолатини қонунчиликка, жамоа келишувлари ёки ташкилотнинг ички ҳужжатларига нисбатан ёмонлаштирувчи шартларни киритманг .
Мисол
Ишга қабул қилишни ноқонуний рад этиш
Иш берувчи ОТМни бу йил тамомлаган битирувчининг меҳнат шартномасига синов муддати тўғрсидаги шартни киритмоқчи. Ишга кираётган шахс шартномага бундай бандни киритишга қарши, аммо ташкилот раҳбари бу ҳолатда уни ишга қабул қилмаслигини  айтди.

Раҳбарнинг ҳаракатлари ноқонуний. Тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан бир йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчиларига синов муддати белгилаш тақиқланади .

Мисол
Меҳнат шартномаси шартлари бўйича келишувга эришмаслик
Иш берувчи ўзбек, рус ва инглиз тилларини биладиган таржимон-ёрдамчини ишга қабул қилиш тўғрисида эълон жойлаштирди. Номзод янги МКнинг 129-моддасида белгиланган дастлабки синов белгиланиши тақиқланган шахслар тоифалари рўйхатига кирмайди. У бу тилларда эркин гапиради, таржимон вазифасини бажаришга рози. Аммо унда ёрдамчи сифатида ишлаш кўникмалари йўқ, шунинг учун у бу меҳнат вазифасидан бош тортмоқда.

Шунингдек, иш берувчи иш музокараларида махсус қурилиш терминологиясини тез ва аниқ таржима қила оладими ёки йўқлигини тушуниш учун 3 ойлик синов муддати билан меҳнат шартномаси тузишни таклиф қилди. Аммо номзод иш жараёнида ушбу терминологияни ўзлаштиришини ва 3 ойлик синов муддатига рози эмаслигини таъкидламоқда.

Бундай ҳолда иш берувчи меҳнат шартномаси шартлари бўйича келишувга эришилмаганлиги сабабли шахсни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли.

 

Ишга қабул қилишни ноқонуний рад этиш

Ишга қабул қилишни рад этиш қуйидаги вазиятларда ноқонуний ҳисобланади:

  • камситувчи асослар бўйича.

Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Иш эълонларини жойлаштириш ва суҳбат ўтказишда номзоднинг ёши ҳақидаги саволга эҳтиёткорлик билан ёндашинг. Кўпинча, потенциал ходимдан маълум бир ёшдан катта бўлмаслиги талаб қилинади. Бундай камситиш Меҳнат кодексининг 4-моддасида тақиқланган. Мазкур асосда ишга қабул қилишдан бош тортиш ноқонунийдир.

Меҳнат ва машғулотлар соҳасида ходимларнинг ҳуқуқларини меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (оилавий вазифаларни бажариш билан банд бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлик билан боғлиқ ҳолда асосланган тарзда фарқлаш, истисно этиш, уларга афзаллик бериш, шунингдек уларни чеклаш камситиш деб ҳисобланмайди.

Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги асосланган фарқлар ходимнинг иш берувчи билан меҳнат алоқаси хусусиятига, меҳнат фаолияти амалга ошириладиган жойга, ходим меҳнатининг шарт-шароитлари ва хусусиятига, иш берувчининг ҳуқуқий мақомига, баъзи тармоқлар ва касблардаги ходимлар меҳнатининг ўзига хос хусусиятларига, организмнинг психофизиологик хусусиятларига, оилавий вазифаларнинг мавжудлигига ҳамда бошқа объектив ҳолатларга боғлиқ бўлиши мумкин ;

  • иш берувчи томонидан ишга таклиф қилинган шахслар .

Башарти иш берувчи ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклиф билан жисмоний шахсга таклифнома юборган бўлса, таклифноманинг амал қилиш муддати давомида ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Агар таклифномада муддат шартлашилмаган бўлса, таклифнома юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ишга қабул қилишни рад этиш қонуний бўлади.

Таклифнома – бу иш берувчининг ушбу жисмоний шахс билан меҳнат шартномасини тузиш учун тўғридан-тўғри, аниқ ифодаланган розилик билдиришидир. Уни иш берувчининг тегишли ваколатли мансабдор шахси номидан ёзма ёки электрон шаклда юбориш мумкин.

Бунда бўш иш ўринлари тўғрисидаги ОАВ ва бошқа манбаларда, рекламаларда жойлаштирилган эълонлар иш берувчини мурожаат қилган шахсларни ишга жойлаштиришга мажбур қилмайди;

  • иш берувчи меҳнат шартномасини тузишга мажбур бўлган шахслар:

– "квота" жойларида ишлашга йўлланган ("квота" иш ўринларини банд қилишнинг батафсил тартибига қаранг);

– иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилганда – улар қайта ишга қабул қилинганда ва бошқалар;

  • ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра (шу жумладан – эркаклар учун) ;
  • номзоднинг судланганлиги, шу жумладан тугалланган ва олиб ташланган судланганлиги, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно, ёхуд уларнинг яқин қариндошлари судланганлиги, шу жумладан тугалланган судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилмаслик;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

 

Қандай расмийлаштириш керак

Ишга қабул қилишни рад этишни ёзма расмийлаштириш шарт эмас. Суҳбатда ёки ундан кейин бевосита оғзаки тушунтиришнинг ўзи кифоя қилади.  Шунингдек, рад этиш ҳақида телефон орқали хабар бериш ёки электрон почта хабарини юбориш мумкин.

Агар номзод ишга қабул қилишни рад этиш сабабларини ёзма асосини талаб қилган бўлса, иш берувчи уни уч кунлик муддатда тақдим этиши шарт . Ҳужжат ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланади.

Асосда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • номзод мурожаат қилган мутахассислик (лавозим) номи;
  • ишга қабул қилишни рад этишнинг асосли сабаблари;
  • ҳужжатни расмийлаштириш санаси.
Эътибор беринг

Ишга қабул қилишни рад этиш оғзаки ёки ёзма шаклда олинганидан қатъи назар, ходим белгиланган тартибда шикоят қилиши, шу жумладан ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин:

– тегишли ишни тақдим этиш;

– ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш. 

– маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисида.

Низоларни кўриб чиқиш чоғида ишга қабул қилишни рад этишнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади .

 

Агар ишга қабул қилишни рад этиш ноқонуний деб топилса

Бундай ҳолда, иш берувчи қуйидагиларга мажбур бўлади:

  • меҳнат шартномасини тузиш ;
  • номзоднинг судга мурожаат қилиш харажатлари ва олмаган иш ҳақининг ўрнини қоплаш  ;
  • маънавий зиённи компенсация қилиш   .

Шунингдек, ишга қабул қилишни ноқонуний рад этганлиги учун иш берувчининг мансабдор шахсини МЖтК 49-м. ва МЖтК 50-м. бўйича маъмурий ёки ЖК 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортишлари мумкин.

Ленара ХИКМАТОВА

 «Норма» эксперти, юрист