Чет эл фуқаросига Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат бериш тартиби

preview

2022 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда чет эл фуқароларининг меҳнат фаолияти ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат давлат органлари томонидан 22.02.2022 йилдаги 86-сон ВМҚда белгиланган янги тартибга мувофиқ берилади. Унда мазкур ҳужжатни масофадан туриб олиш тартибининг афзалликлари кўрсатилган. Kadrovik.uz зарур жиҳатларни батафсил аниқлаштирди:

 

Кимлар тасдиқнома олиши лозим

Чет эл фуқаросида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома мавжуд бўлган тақдирда, у Ўзбекистонда ишлашга ҳақли. Ушбу ҳужжат Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан берилади.

Тасдиқномани олиш тартибига тааллуқли барча маълумотлар (ариза берувчилар тоифаси, аризани кўриб чиқадиган орган, аризани кўриб чиқиш муддати, тасдиқноманинг амал қилиш муддати, йиғимлар миқдорлари, рухсат бериш шартлари ва талаблари ва бошқалар) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома паспортида белгиланган. У Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомга 20-иловада келтирилган.  

 

Чет эл фуқароси қуйидаги ҳолатларда тасдиқномани олиши шарт бўлмайди:

  • Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олган бўлса;
  • 8 500 БҲМдан (инвестиция киритиш вақтида) кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиб, хўжалик жамиятлари акциялари ёки улушларини сотиб олган ёки хорижий корхона ташкил этган бўлса.

Ёхуд у:

  • ТИВда аккредитациядан ўтказилган хорижий давлатларнинг доимий ваколатхоналари, халқаро ҳукуматлараро ташкилотлари ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналарининг ходими ёки дипломатик мақомга эга бўлган бошқа шахс бўлса;
  • Туризм ва маданий мерос вазирлиги илтимосномаларига кўра, туризм соҳасидаги ишларга 3 ойгача бўлган муддатга жалб қилинадиган мутахассис ҳисобланса;
  • Ўзбекистонда фаолият кўрсатадиган ёки ташкил этиладиган хорижий ва қўшма корхоналар таъсисчиси, шу жумладан биринчи раҳбари ҳисобланса – улар билан тегишли лавозимларга меҳнат шартномалари тузилган кундан бошлаб 3 ойгача бўлган муддатда;
  • Ўзбекистонда давлатлараро битимларга мувофиқ ташкил этилган ташкилотларда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фан ва маданият арбоби;
  • Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг дастурлари доирасида таътил вақтида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талаба;
  • ТИВда аккредитациядан ўтказилган матбуот вакили;
  • Адлия вазирлигида аккредитациядан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ва хорижий (ҳукуматга қарашли бўлмаган) ННТлар ваколатхоналари ҳамда филиалларининг ходими;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Президент мактаблари, олий таълим муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган ўқитувчи ва мутахассис;
  • Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ишга жойлаштиришнинг бошқа тартиби белгиланган шахс бўлса .

 

Ариза қандай топширилади

Тасдиқнома олиш учун аризани иш берувчи (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор) ҳам, чет эл фуқароси ҳам бериши мумкин.

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома» интерактив хизматидан ҳозирча фақат my.gov.uz (ЯИДХП) порталида фойдаланиш мумкин. Бироқ у яқин кунларда  license.gov.uz порталида ҳам («Лицензия» ахборот тизими) йўлга қўйилади.

Ариза исталган вақтда ва исталган кунда берилиши мумкин. Дам олиш кунлари белгиланмаган.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида аниқлаштирилишича, талабгорлар аввалгидек, маслаҳатлар ва амалий кўмак олиш учун яқин атрофда жойлашган Давлат хизматлари марказига ёки Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига 1282 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

my.gov.uz учун қадамма-қадам йўриқнома 

1. my.gov.uz даги шахсий кабинетга киринг.

Бунинг учун «Электрон ҳукумат» тизимидан фойдаланувчиларни идентификациялаш ягона ахборот тизимида (id.egov.uz) рўйхатдан ўтишга тўғри келади:

id.egov.uz да рўйхатдан ўтадиган шахс

Рўйхатдан ўтиш бўйича йўриқнома

Якка тартибдаги тадбиркор

ЯТТ жисмоний шахснинг шахсий ҳисоб ёзувларидан фойдаланади.

Агар сизда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган гувоҳномангиз бўлса, тизим сизни автоматик тарзда идентификациялайди.

Жисмоний шахсни id.egov.uz да рўйхатдан ўтказиш учун Йўриқномага қаранг

Ишга қабул қилинаётган чет эллик шахсга тасдиқнома олиш топширилган ташкилот ходими

  1. Сизнинг ЖШШИРга юридик шахснинг ЭРИсини олинг.
  2. id.egov.uz да рўйхатдан ўтинг, бунда жисмоний шахслар учун берилган йўриқномага амал қилинг.
  3.  id.egov.uz даги шахсий аккаунтингизда тизимда қайси ташкилот номидан ишлайдиган бўлсангиз шу ташкилот номини киритинг. Бунинг учун йўриқномадан фойдаланинг.

Чет эл фуқароси

  1. Сизда ЖШШИР бўлмаса, уни олиш учун ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилинг.
  2. Жисмоний шахслар учун берилган йўриқномага амал қилинг

2. «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома» интерактив хизматини танланг.

    Хизматни тезда топиш учун порталнинг асосий саҳифасидаги қидирув сатрига унинг 270 кодини киритинг.

3. Оммавий оферта билан танишинг ва «Кейингиси» тугмасини босинг.

4. Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар учун мўлжалланган сатрларни тўлдиринг. Асосан, шакл автоматик тарзда тўлдирилади, фақат сиз жойлашган вилоят ва шаҳар (туман) кўрсатилиши талаб этиладиган сатрлар қўлда тўлдирилади.

5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олинаётган чет эл фуқароси учун сўровномани тўлдиринг.

6. Электрон шаклда қуйидагиларни бириктиринг:

  • чет эл фуқароси паспортининг электрон нусхаси;
  • чет эл фуқаросини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш истаги ва шартлари тўғрисида иш берувчи билан иш ҳақи (мукофот пули) ҳажми кўрсатилган дастлабки келишувни тасдиқловчи меҳнат шартномасининг лойиҳаси;
  • 3х4 см ҳажмли фотосурати;
  • чет эл фуқаросининг малакасини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • виза режими ўрнатилган хорижий давлатлар фуқаролари кириш визасининг нусхаси («Е» меҳнат визаси, «В-1» ва «В-2» иш визаси, «S-3» хизмат визаси ёки ватандошлар учун назарда тутилган бошқа турдаги визалар).

7. Ариза кўриб чиқилиши учун 1 БҲМ миқдорида йиғим тўланг.

Тизим тўлов учун барча зарур реквизитларни, шу жумладан айнан сизнинг аризангиз бўйича тўлов тўланганлигини белгилайдиган инвойс рақамини генерациялайди.

Тўловни исталган шаклда, шу жумладан – мобиль тўлов иловалари орқали амалга ошириш мумкин (Давлат хизматлари агентлигининг хизматларига тўлов тўлаш учун мўлжалланган менюда). Чет эллик шахс, иш берувчи ёки унинг вакили (тасдиқнома олиш топширилган ходим) тўловни амалга ошириши мумкин.

8. Ариза рўйхатдан ўтказилгандан сўнг сизга аризангизга берилган ноёб рақам кўрсатилган тасдиқловчи ҳужжат (қайд) юборилади. Шу рақам ёрдамида my.gov.uz даги «Менинг аризам» менюсига кириб уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиш мумкин.

Аризани кўриб чиқиш учун Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги масъул ҳисобланади. Қарор 15 иш куни ичида қабул қилинади. Ушбу ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарор юридик ёки жисмоний шахснинг my.gov.uz даги шахсий кабинетига юборилади.

9. Ариза қаноатлантирилганда, тасдиқнома берилганлиги учун йиғимни тўланг. Сизга юборилган хабарномада уни тўлаш учун ҳисоб кўрсатилади.

 

Тасдиқнома берилганлиги учун йиғим миқдорлари чет эл фуқаросининг тоифасига қараб табақалаштирилади:

  • юқори малакали мутахассислар, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун – 1 БҲМ; 
  • малакали мутахассислар учун – 2 БҲМ; 
  • ватандошлар учун – 2 БҲМ;
  • чет эл фуқаролари бўлган шифокорлар учун – 5 БҲМ;
  • бошқа чет эл фуқаролари учун – 30 БҲМ.

9. Тасдиқномани электрон шаклда my.gov.uz даги шахсий кабинетдан олинг.  Ҳужжат автоматик тарзда шакллантирилади ва ноёб QR-код берилади.

 

Тасдиқнома қандай муддатга берилади

Тасдиқномалар меҳнат шартномаси амал қиладиган муддатга, бироқ:

  • юқори малакали ва малакали мутахассислар, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга чексиз марта узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга;
  • бошқа чет эл фуқаролари учун 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга чексиз марта узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

 

Иш берувчининг кейинги хатти-ҳаракатлари

Шунингдек my.gov.uz да низомда назарда тутилган талаблар бажарилишига ёрдам берадиган бир қатор хизматлар назарда тутилган:

Интерактив хизмат

 Қўлланиш соҳаси

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома муддатини узайтириш (хизмат коди 274)

Тарафларнинг меҳнат муносабатларини давом эттириш мўлжали бўлса, тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугашидан олдин муддатни узайтириш учун ариза тақдим этинг.

Жорий тасдиқноманинг тугаш даврига келиб янги ариза бўйича қарор чиқарилганлиги маълум бўлганда.

Қарор ижобий бўлган тақдирда, меҳнат муносабатларини давом эттириш мумкин

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани қайта расмийлаштиришга ариза бериш (хизмат коди 275)

Тасдиқнома олиш ёки унинг муддатини узайтириш учун берилган аризада кўрсатилган маълумотлар ўзгартирилган ҳолатларда тақдим этилади.

Масалан, чет эллик шахс шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг реквизитларини ўзгартирганда, чет эллик ходимнинг лавозими ўзгарганда, иш берувчининг юридик манзили ўзгартирилганда ва ҳ.к.

Меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқноманинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш (хизмат коди 276)

 

 

Меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда ёки корхона тугатилганда маълумотлар тақдим этилади.

Тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугаганда у автоматик тарзда бекор қилинади

Ленара ХИКМАТОВА,

юрист, «Норма» компанияси эксперти

Олег ГАЕВОЙ,

«Норма» компанияси эксперти

Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар /publish/doc/text180783_chet_el_fuqarosi_uzbekistonda_mehnat_faoliyati_huquqi_uchun_tasdiqnomani_qanday_olishi_mumkin