Иш ўринларини аттестациядан ўтказиш муддати тугаган бўлса, ходимларга имтиёзларни тақдим қилишда давом этиш керакми

preview

«Корхонада иш ўринларини 5 йиллик аттестациядан ўтказиш муддати тугаган. Раҳбарият янги аттестация ўтказиш ҳақида ҳали ўйлаб кўрмоқда. Ходимларга аттестация муддатларига мувофиқ ноқулай шароитларда ишлаганлик учун қўшимча таътиллар берилиши керакми? Агар ходим ўтган давр учун (аттестация тугагунига қадар) меҳнат таътилидан фойдаланмаган бўлса, у ушбу қўшимча кунларга ҳақлими?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

Иш берувчи иш ўринларини қачон аттестациядан ўтказиши шарт

– Иш жойидаги шароитларни баҳолаш ва аттестациядан ўтказиш қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда ва қуйидагилар асосида амалга оширилади:

  • Меҳнат Кодекси;
  • Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш  тартиби тўғрисида Низом;
  • Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатлари;
  • Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати;
  • Аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касбларнинг тавсиявий  рўйхати;
  • Ишлаб чиқариш муҳити омилларининг зарарлилиги ва хавфсизлилиги, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва қизғинлиги кўрсаткичлари бўйича меҳнат шароитларининг гигиеник классификацияси;
  • Ўзбекистоннинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлари, шунингдек қурилиш нормалари ва қоидалари, меҳнатни муҳофаза қилиш стандартлари тизимлари, меҳнатни муҳофаза қилиш нормалари, қоидалари ва йўриқномалари ва бошқа қонун ҳужжатлари.

Қуйидаги ҳолатларда иш ўринлари ва касблар албатта аттестациядан ўтказилиши шарт :

1) ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ҳамда бошқа алоҳида меҳнат шароитларига эга бўлган;

2) уларда ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган;

3) имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларида кўрсатилган;

4) ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва иш излашда қийинчиликларга дуч келаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирага қўйилган;

5) хавфли ишлаб чиқариш объектларида.

Агар ташкилотда бундай иш ўринлари ва касблар бўлса, иш берувчи аттестация ўтказиши шарт. Унинг даврийлигини корхонанинг ўзи белгилайди, бироқ у ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилади.

Тегишинча, камида беш йилдан сўнг аттестация такроран ўтказилиши керак. Агар бу амалга оширилмаса, ташкилот раҳбари БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида жаримани назарда тутувчи  Маъмурий кодекснинг 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Аттестациянинг ўз вақтида ўтказилиши юзасидан масъулият корхона раҳбарига юкланади .

 

Меҳнат таътилига қўшимча кунлар берилиши керакми

Агар иш ўринлари қайта аттестациядан ўтказилгандан сўнг ходимлар ёки уларнинг бир қисми қўшимча таътил олиш ҳуқуқини олмаса, сиз уларни тақдим қила олмайсиз.

Юқорида санаб ўтилмаган иш ўринлари ва касблар корхона раҳбарининг хоҳишига кўра аттестациядан ўтказилади. Агар иш берувчи бундай иш ўринлари ва касбларни аттестациядан ўтказишни бекор қилмоқчи бўлса, тегишли буйруқни (фармон) чиқариши, ходимларни у билан таништириши ва шундан кейингина қўшимча таътиллар беришни бекор қилиши мумкин.

Эътибор беринг

Иш ўринларини аттестациядан ўтказиш муддатининг тугаши ходимлар учун кафолатлар ва имтиёзларни бекор қилишга асос бўлмайди.

Белгиланган муддат тугаганидан кейин иш ўринларини қайта аттестациядан ўтказмаслик улар расмий равишда бекор қилинмагунча ходимларни қўшимча таътил олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслиги керак.

Бундан ташқари, ходим аттестация муддати тугагунча бўлган даврга тўғри келадиган ишланган вақт учун қўшимча таътил олишга ҳақли.

Келгусида ноқулай меҳнат шароитида ишлаганлик учун қўшимча таътилнинг тўлиқ ёки бир қисмини кейинги иш йилига ўтказиш мумкин эмаслигини ёдда тутинг. Ундан фақат натурал шаклда ва фақат тақдим этилган иш йилида фойдаланиш лозим  .

 

Қуйидагиларни тавсия қиламиз:

1) раҳбар эътиборини иш ўринларини галдаги аттестациядан тезроқ ўтказиш зарурлигига қаратишни;

2) унинг янги натижалари олингунга қадар ходимларнинг қўшимча таътилларга бўлган аввалги ҳуқуқларини сақлаб қолишни.

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти,

Ленара ХИКМАТОВА

ҳуқуқшунос, «Норма» эксперти