Ходимни бошқа иш берувчига “вақтинча хизмат сафарига юбориш” меъёрлари

preview

«Компания ходимларни тақдим этиш хизматини кўрсатади. Бизда ишлайдиган ходимлар буюртмачилар ҳудудида ишлашади. Ушбу фаолият тури Меҳнат кодексининг 147-моддаси нормаларига мос келадими? Бу ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш ҳисобланадими? Агар ҳа бўлса, ходимларнинг маошини улар вақтинча хизмат сафарига юборилган иш берувчи эмас, ўзимиз тўлай оламизми?».

Вазиятни эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС изоҳлади:

 

Эътибор беринг

ТГ–каналимизга обуна бўлиш мураккаб саволларга биринчилардан бўлиб жавоб олишингизни кафолатлайди!

Албатта обуна бўлиш керак.

– Бу ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш бўлгани каби аутстаффинг ҳам бўлиши мумкин. Ҳаммаси тафсилотларга боғлиқ.

 

1. Агар бу – ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш бўлса 

Ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш фақат унинг ёзма розилиги билан бир йилдан кўп бўлмаган муддатга амалга оширилиши мумкин.

Бунинг учун қуйидагилар керак:

1) аввалги иш жойида тузилган меҳнат шартномасининг амал қилишини ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган даврда тўхтатиб туриш;

2) ходим билан вақтинча хизмат сафарига юборилган даврга алоҳида муддатли меҳнат шартномасини тузиш (камида бир йилга).

Зарур бўлганда ходимни вақтинча хизмат сафарига юбориш муддати вақтинча хизмат сафарига юборилган ходим, ходимни вақтинча хизмат сафарига юборган иш берувчи (1-сон иш берувчи) ва ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган иш берувчи (2-сон иш берувчи) ўртасидаги келишувга биноан узайтирилиши, бироқ кўпи билан бир йилга узайтирилиши мумкин.

Ходим бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилганда ходимнинг розилиги билан унинг меҳнат вазифаси ўзгартирилиши мумкин, бу муддатли меҳнат шартномасида албатта кўрсатилиши шарт.

Агар янги иш жойидаги меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ёки дам олиш вақти ходим уни вақтинча хизмат сафарига юборган 1-сон иш берувчида фойдаланганидан фарқ қилса, ходимга нисбатан қулайроқ шартлар қўлланилади. Бу ҳам меҳнат шартномасида ёзилиши керак.

Хизмат сафари муддати тугаши билан 1-сон иш берувчи ходимни аввалги ишини тақдим этиши керак.

Эътибор беринг
Амалдаги қонунчиликда ҳозирча меҳнат дафтарчаларини юритиш ва бундай шартномаларни ЯММТ дастурида рўйхатдан ўтказиш тартиби назарда тутилмаган. Аммо МК 147-м. 7-қисмида бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилган ходимнинг иш стажи умумий иш стажига киритилиши назарда тутилган.

Вақтинча хизмат сафарига юборилган ходимга 2-иш берувчи ҳақ тўлайди. Агар у тўловга қобилиятсиз бўлса, бажарилган иш учун ҳақ тўлаш мажбурияти 1-иш берувчига юклатилади. Бу ҳолда у 2-иш берувчига нисбатан регресс даъво қўзғатишга ҳақли .

 

2. Агар буаутстаффинг бўлса

Аутстаффинг – бу иш берувчи ўз ходимларини  уларнинг розилиги билан бошқа юридик шахсларга (иш берувчиларга эмас) вақтинчалик юборувчи хизмат тури. Бундай ҳолда ходимларнинг бошқа юридик шахсларда меҳнат функциялари иш берувчи (1-сон) ва жамоа келишувлари билан белгиланади.

Иш берувчи аутстаффинг хизматларини бошқа юридик шахс (буюртмачи) билан тузилган шартнома асосида кўрсатади. Ушбу шартномага мувофиқ ходимлар хизматлар буюртмачисининг манфаатларини кўзлаб, унинг бошқаруви ва назорати остида ишлашади, аммо уларга маошни иш берувчи (1-сон) тўлайди. Ходимлар буюртмачилар билан меҳнат шартномаларини тузмайди.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар аутстаффинг хизматлари кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бундай хизматлар фақат Ўзбекистонда кўрсатилиши керак. Ходимларни  аутстаффинг доирасида ишлаш учун чет элга юборишга йўл қўйилмайди.

Аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тартиби ва аутстаффинг хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар бўйича бажарилишига йўл қўйилмайдиган ишлар турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.