Бева аёлни қисқартириш мумкинми

preview

Ташкилотда учта муҳандис штат бирлигидан иккитасини қисқартириш режалаштирилган. Ишдан бўшатишга номзодлар орасида фарзанди контракт асосида  олий таълим муассасаси талабаси бўлган бева аёл бор. Бу ишдан бўшатиш учун қонуний тўсиқ ҳисобланадими?

 

– Йўқ, ушбу ҳолатнинг ўзи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини МК 100-м. 2-қ. 1-б. бўйича бекор қилишга тўсқинлик қилмайди.

МК 103-м. 1-қ. мувофиқ, ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади.

Шу сабабли муҳандис лавозимини эгаллаган қолган ходимлардан қайси бирининг малакаси ёки меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлса, айнан уни ишда қолдириш лозим.

Учала ходимнинг малакаси ва унумдорлиги бир хил бўлса, МК 103-м. 2-қ. санаб ўтилган бошқа кўрсаткичлар ҳисобга олинади:

  • қарамоғида 2 ёки ундан ортиқ киши бўлиши;
  • оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаслиги;
  • мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлиши;
  • мутахассислик бўйича малакасини оширгани;
  • мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолгани ёки касб касаллигини орттиргани;
  • уруш ногирони ёки қатнашчиси мақомига эгалиги ёхуд ушбу шахсларга тенглаштирилгани;
  • атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққани ёки шундай касалликларни бошидан кечиргани;
  • ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногирон, ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиси, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахс мақомига эгалиги, ушбу шахсларга тенглаштирилгани.

Ушбу рўйхатдаги оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаслиги – бизнинг ҳолатга кўпроқ мос келади. Ҳақиқатан шундай бўлса, ходиманинг ҳамкасблари эса юқорида кўрсатилган афзаллик берадиган мезонлардан биронтасига тўғри келмаса, у ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.

Учала ходимнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлса, МК 103-м. 2-қ. бўйича биронтасига ишда қолдиришда афзаллик берилмаса, ташкилотингизнинг жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолатларни ҳисобга олинг .