Бола парваришлаш таътилидан кейин ходимани ишдан бўшатиш мумкин бўлмаган ҳолат

preview

Янги Меҳнат кодекси 3 ёшгача бола парвариши таътилидан чиққан ходималарни ҳимоя қилишни кучайтирди. Иш берувчи аниқ бир сабабга кўра ва маълум бир даврда ўз ташаббуси билан улар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас.

Бу масалани тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатларини kadrovik.uz учун махсус юридик фанлар номзоди, МК муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос  Ленара ХИКМАТОВА тушунтиришди:

 

– Гап  малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига (лавозимига) мувофиқ эмаслиги ҳақида бормоқда . Яъни, бола 3 ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш таътилида бўлган ходима билан бундай таътилдан чиққан кундан бошлаб 1 йил ичида меҳнат шартномасини шу асосда бекор қилишга йўл қўйилмайди.  

Ушбу кафолат айнан болалари 3 ёшга тўлган ва бола парваришлаш таътилидан чиққан шахсларга нисбатан қўлланилади.  Бола 3 ёшга тўлмасдан туриб ҳар қандай ҳолатда ходиманинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли  иш берувчининг ташаббуси билан у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас.

Масалан, ходиманинг боласи 2023 йил 1 мартда  3 ёшга тўлади. Аммо 1 декабрь куни у ўз хоҳишига кўра муддатидан аввал бола парваришлаш таътилидан чиқди.  У билан малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли ишга номувофиқлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилишга тақиқ 2022 йил 1 декабрдан 2023 йил 1 декабргача амал қилади.

Эътибор беринг
Бола парваришлаш таътилидан боланинг отаси, бувиси, бобоси ёки болага ҳақиқатда ғамхўрлик қилаётган бошқа қариндошлари, шунингдек, васий ҳам фойдаланиши мумкин. Демак, бола парваришлаш  таътилидан чиққан кундан бошлаб 1 йил ичида ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги сабабли меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас.

Янги Меҳнат кодексининг 161-моддасида кўрсатилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун бошқа барча асослар тақиққа тушмайди. Иш берувчи улар бўйича бола 3 ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш таътили тугаганидан кейин ишга чиққан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга тўла ҳақли. Мисол учун, ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда ёки бир марта бузганлиги учун , штат қисқариши муносабати билан  ва ҳоказо. Асосийси, бунда Меҳнат кодексида белгиланган барча шартлар ва талабларга риоя қилиш.