Корхона тугатилаётганда пенсионерлар, пенсия ёшига яқинлашганлар ва ўриндош ходимларни ишдан бўшатиш тартиби

preview

Ташкилот тугатилмоқда. Бу вазиятда қандай қилиб пенсионерлар, пенсия ёшидаги ва ташқи ўриндош ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳақида  «Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС сўз юритади:

 

- Корхона тугатилаётганда меҳнат шартомалари  ходимларнинг барча тоифалари билан умумий асосларда бекор қилинади МК 100-м. 1-қ.   
Иш берувчи шартномани бекор қилиш тўғрисида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) хабардор қилиши шарт. Агар корхона тугатилиши туфайли ишдан бўшатилаётган ходим рози бўлса, огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Бунда ходимнинг розилиги ёзма шаклда расмийлаштирилиши керак.
Огоҳлантириш муддати эвазига ходимга тўланадиган пуллик компенсация иш берувчини меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин қонун ҳужжатлари ва корхонанинг маҳаллий ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан озод қилмайди.

Эътибор беринг
  • Агар шартнома корхона тугатилиши туфайли бекор қилинаётган бўлса, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади .
  • Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври ва унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилади.

Корхона тугатилиши муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилигини олиш шарт эмас.
Шунингдек, бу вазиятда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва таътилда бўлиш вақтида ходим билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга йўқ қўймаслик ҳақидаги қоида амал қилмайди.
 
Ишдан бўшатилаётган ходимларга тўловлар

Корхона тугатилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда ходимларга қуйидагиларни тўланг:
1) ишлаган барча кунлари учун ходим олиши керак бўлган иш ҳақини, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор бўлган кун учун ҳам;

2) фойдаланилмаган меҳнат  таътиллари учун компенсация;

3) корхонанинг маҳаллий ҳужжатлари ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган қўшимча тўловлар;

4) меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати эвазига ходимга тўланадиган компенсация (томонларнинг розилиги билан);

5) ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси  ;

6) муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш, агар неустойка тўлаш шартлари ва миқдори меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса ;

7) иш қидириш даврида иккинчи ой учун  ўртача ойлик иш ҳақи ;

8) агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин 30 календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш излаётган шахс сифатида рўйхатга турган бўлса, учинчи ой учун ўртача иш ҳақи .

Меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин иккинчи ва учинчи ойлар учун тўловлар тартиби кўпинча шубҳа ва саволлар туғдиради. Тушунтирамиз:

  • корхона тугатилаётганда иккинчи ой якуни бўйича ишдан бўшатилган барча ходимларга (ўриндошлар бундан мустасно) иш қидириш даврида иккинчи ой учун  ўртача ойлик иш ҳақи тўланади  Тўлов учун асос - ходимнинг иш билан таъминланмаганлигини тасдиқловчи меҳнат дафтарчасининг электрон ёки қоғоз нусхаси ва аввалги иш жойи бўйича ёзма ариза. Меҳнат дафтарчасининг нусхаси тўлов учун ариза берилган куни олинади. Қоғоз меҳнат дафтарчаси – ташкилот томонидан тасдиқланади, электрон нусхасини тасдиқлаш шарт эмас;
  • учинчи ой учун ўртача ойлик иш ҳақи, агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 30 календарь кундан кечиктирмай маҳаллий меҳнат органида иш изловчи сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, яшаш жойидаги Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан берилган маълумотнома асосида тўланади . Бу меъёр, шунингдек пенсионерлар ва пенсия ёшидаги ходимлар учун амал қилади ;
  • бу вазиятда ўриндошларга иккинчи ва учинчи ой учун тўловлар тўланмайди, чунки уларда бошқа асосий иш бор .

 
Пенсионерлар ва пенсия ёшидаги ишчилар учун ижтимоий кафолатлар

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасига асосан корхона тугатилганлиги муносабати билан ишдан бўшатилган ва ишсиз деб эътироф этилган пенсия ёшидаги ходим бандликка кўмаклашиш хизматига муддатидан аввал ёшга доир пенсияни тайинлашда ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилишга ҳақли.  Эркаклар учун бундай пенсия тайинлашнинг зарур шарти – 58 ёш ва ундан юқори ҳамда камида 25 йил иш стажи; аёллар учун – 53 ёш ва ундан юқори ҳамда камида 20 йил иш стажи.

Корхона тугатилганда, пенсионерлар билан меҳнат шартномалари уларни иккинчи ва учинчи ойлар учун ўртача ойлик иш ҳақи ҳуқуқидан  маҳрум қилувчи Меҳнат кодексининг 100-моддаси 7-банди асосида бекор қилиниши мумкин эмас.