Қисқартириш ҳақида огоҳлантирилган ходим «ўз хоҳишига кўра» ишдан бўшамоқчи бўлса

preview

«Компанияда штат қисқартирилмоқда. Бўлажак қисқартириш тўғрисида маҳаллий меҳнат органига хабар берилиб, ходимлар бу ҳақда 2 ой олдин огоҳлантирилди. Бироз вақт ўтгач, қисқартиришга тушганларнинг баъзилари бошқа иш топгани учун ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза билан келишди. Уларни қандай қилиб ишдан бўшатиш мумкин – ўз хоҳишига кўрами ёки штат қисқариши муносабати биланми? У ёки бу ҳолатда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилиши керак, нафақаларни тўлаш миқдори ва муддати қандай?

Шунингдек, агар ходим бошқа иш топган бўлса, ташкилотимиз унга нафақа тўлаши шартми? Биз ундан ишга жойлашганлигини тасдиқловчи  маълумотномани олишимиз шартми?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

Бундай вазиятда ходим учун «ўз хоҳишига» кўра ишдан бўшаш манфаатли бўлмайди.

Ходимнинг ташаббуси билан («ўз хоҳишига кўра») меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат унинг ёзма аризаси асосида йўл қўйилади. Ушбу ариза мазкур корхонадан ишдан бўшаш борасидаги ҳақиқий истакни акс эттириши керак  .

Қонунда белгиланган ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича қисқартирилган огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг, ходим ишни тўхтатишга ҳақли. Иш берувчи эса унга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши  меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда у билан ҳисоб-китоб қилиши  ва фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт .

Ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ходимни штат қисқарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда унга берилиши керак бўлган имтиёз ва компенсациялардан маҳрум қилади . Меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг маъмурий ва суд амалиёти шуни кўрсатадики, иш берувчилар кўпинча ходимларни шу сабабли ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбур қилишади.

Агар даъвогар кейинчалик иш берувчи уни бундай ариза беришга мажбур қилганини даъво қилса, суд буни текширади. Бундай босимни исботлаш мажбурияти ходимга юклатилади.

Қоида тариқасида, ходимлар собиқ иш жойида тикланади, иш берувчи эса қуйидагиларни тўлаши шарт бўлади:

  • мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш  ;
  • ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлаш;
  • маънавий зарарни қоплаш .

 

Штат қисқартирилиши муносабати билан меҳнат шартномасини қандай бекор қилиш керак

Агар ташкилот ҳақиқатан ҳам штатни қисқартираётган бўлса, меҳнат шартномаси ходимлар сонининг (штатнинг) қисқариши туфайли бекор қилиниши мумкин . Низо юзага келган тақдирда, иш берувчи меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар меҳнат шартномасида назарда тутилган ишни давом эттиришга имкон бермагани сабабли бекор қилинганини исботлаб бериши шарт  .

Меҳнат қонунчилиги ходимлар сонининг (штатнинг) қисқариши туфайли меҳнат шартномасини бекор қилишнинг махсус тартиб-таомилини белгилайди:

1) янги штат жадвали тасдиқлангандан сўнг, иш берувчи ходимларни ходимлар сони (штат) қисқариши муносабати билан бўлажак меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиради.

Штат қисқартирилишига тушган ҳар бир ходимни меҳнат шартномаси бекор қилинишидан  камида икки ой олдин шахсан имзо чектириб огоҳлантириш шарт ;

2) огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди ;

3) иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган, бундай иш бўлмаган тақдирда эса, — корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин .

Меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 1-бандига биноан бекор қилинганда қуйидагилар тўлаб берилади:

  • огоҳлантириш муддати алмаштирилган тақдирда – меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантириш муддати унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан ;
  • камида ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси  ;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда тегишли (ҳисоб-китоб амалга оширилади) иш ҳақи ;
  • барча фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация .

Ушбу тўловларнинг барчаси Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 1-банди бўйича ишдан бўшатилаётганда  дарҳол барча ходимларга, улар янги иш топган ёки топмаганлигидан қатъи назар, тўлаб берилади.  

Кейинчалик ҳаммаси уларнинг ишга жойлашишига боғлиқ:

1) иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида қисқартирилган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади .

2) агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади .

Айтилганларга хулоса ясаб, такрорлаб ўтамиз:  ходимларингиз томонидан меҳнат шартномасини ўз ташаббуси бўйича (ўз хоҳишига кўра)  – бекор қилиш уларнинг танлови ва ҳуқуқидир. Асосийси, МКнинг 67, 100, 101, 102, 103, 109, 110 ва 151-моддаларида белгилаб қўйилган алоҳида асослар бўйича иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимларга моддий кўмак беришдан қочиш мақсадида бундай ишдан бўшатишга мажбурлаш бўлмаслиги керак.

 

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /publish/doc/text184505_qisqartirish_haqida_ogohlantirilgan_hodim_uz_hohishiga_kura_ishdan_bushamoqchi_bulsa