Меҳнатга «шу куннинг ўзида» ҳақ тўлаш ва электон шартномалар. ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолияти қандай ўзгаради

preview

12 август куни Президент томонидан имзоланган Қарор билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим белгиланади. Қарор ишни автоматлаштириш ва кичик бизнес учун янги воситаларни назарда тутади. Масалан, иш куни якунлари бўйича иш ҳақи тўлаш, электрон рақамли имзосиз электрон шартномалар тузиш, фаолиятни рўйхатдан ўтказиш ва бошқалар. Баъзи янгиликлар каналларида Қарорда белгиланган янги механизмлар нотўғри изоҳланмоқда. Kadrovik.uz’нинг қисқача шарҳида янги механизмларни жорий этишда қандай нозик жиҳатларни ҳисобга олиш кераклиги, «шу куннинг ўзида» меҳнатга ҳақ тўлаш нимани англатиши ва ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганларни қандай янгиликлар кутаётганини кўриб чиқамиз.

 

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) учун махсус ҳуқуқий режим 12.08.2025 йилдаги ПҚ-247-сон Президент Қарори билан 2030 йил 31 декабрга қадар белгиланган. Қарорга кўра, солиқлар миқдорини камайтиришдан ташқари, барча асосий ишларни қўшимча иловалардан фойдаланмаган ҳолда амалга ошириш мумкин бўлган интеграциялашган платформа яратилади:

  • фаолиятни рўйхатдан ўтказиш ва тўхтатиб туриш;
  • электрон шартномалар тузиш;
  • солиқларни ва меҳнатга ҳақ тўлаш;
  • ҳисоботларни топшириш ва ҳоказо.

Ҳозир ЯТТ асосий ишни бир нечта иловалар ва сайтлардан фойдаланган ҳолда олиб бормоқда. Фаолиятни birdarcha орқали рўйхатдан ўтказади, my.soliq орқали ҳисоботларни расмийлаштиради ва солиқларни тўлайди, Didox ёки шунга ўхшаш хизматда шартномалар ва ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиради. Бу давлат божлари, комиссиялар, абонент тўловлари, шу жумладан ЭРИ учун қўшимча тўловларни назарда тутади. Интеграциялашган платформанинг яратилиши нафақат якка тартибдаги тадбиркорлар, балки ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолияти билан боғлиқ бўлган ушбу ва бошқа жараёнларнинг барчасини соддалаштиради.

 

Иш куни якунлари бўйича иш ҳақи тўлаш

Қарор тажриба тариқасида ходимлар меҳнатига «шу куннинг ўзида» тамойили бўйича ҳақ тўлаш тартибини жорий этишни таклиф этмоқда. Яъни, ходимлар меҳнатига ҳар куни иш куни якунлари бўйича ҳақ тўлаш таклиф этилмоқда.

Бу қандай ишлайди? Меҳнатга «шу куннинг ўзида» ҳақ тўлаш учун иш берувчи ходим билан электрон меҳнат шартномасини тузиши шарт. Бундан ташқари, ходим рақамли платформада электрон ҳамёнга эга бўлиши керак. Рақамли платформа оператори маблағларни иш берувчининг ҳисобварағи ёки электрон ҳамёнидан ходимнинг электрон ҳамёнига юборади. Механизмни қўллаш доирасида қуйидагиларга риоя этилиши лозим:

  • солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш ва тўлашни ўз ичига олган солиқ интизоми. Яъни, тўловлардан оддий тартибда иш ҳақи тўлашдаги каби солиқлар ундирилади;
  • меҳнат қонунчилигининг махсус ҳуқуқий режим доирасидан ташқаридаги бошқа қоидалари.

Бундан ташқари, механизмни қўллаш учун рақамли платформа оператори давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашувни таъминлаши лозим.

Бу кимларга тааллуқли? Механизм тажриба тариқасида жорий этилади. Бу шуни англатадики, иш берувчи уни амалиётга татбиқ этиш ёки этмасликни ўзи мустақил ҳал қилади. Бу қарорнинг 4-бандининг «б» кичик бандидан келиб чиқади.

Меҳнатга «Шу куннинг ўзида» ҳақ тўлашни назарда тутувчи бандда бундай механизмни ким жорий этиши мумкинлиги кўрсатилмаган. Бироқ Қарорда айнан ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим белгиланганлигидан келиб чиқиб, бундай механизмни айнан якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар жорий этиши мумкин, деган хулосага келиш мумкин.

Эътибор беринг

Қонунчилик ўзини ўзи банд қилган шахсларга ишга қабул қилиш ёки иш берувчига эга бўлишни тақиқлайди (23.12.2020 йилдаги ВМҚ-806-сон қарорга 1-илованинг 5 банди). Шундан келиб чиқиб, ўзини ўзи банд қилган шахслар тажриба механизмини қўллай олмайди, деган хулосага келиш мумкин. Бу шунингдек Қарорнинг 4-бандининг «б» кичик банди ва 7-бандидан келиб чиқади.

 

Асосий иш учун рақамли платформаларнинг вазифалари

Рақамли платформаларни 2025 йил ноябрь ойида ишга тушириш режалаштирилмоқда. Уларда бутун электрон ҳужжат айланиши, молиявий ва тўлов-операция циклини юритиш мумкин бўлади. Масалан, ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятини масофадан туриб онлайн рўйхатдан ўтказиш ва тўхтатиб туриш имконияти пайдо бўлади. Бунинг учун биометрик идентификация қилиш ва телефон рақамига СМС-хабарнома юбориш усули қўлланилади. Бу шуни англатадики, ушбу тартиб-таомиллар учун ЭРИни рўйхатдан ўтказиш шарт эмас. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс рақамли платформаларда қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

  • солиқларни автоматик равишда ҳисоблаш ва тўлаш, шунингдек даромадлар тўғрисидаги декларацияларни автоматик равишда тўлдириш;
  • операцияларни реал вақт режимида фискаллаштириш;
  • банк ҳисобварақларини очиш, уланиш ва бошқариш;
  • товарлар ва хизматлар реализацияси учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
  • жисмоний шахслар билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;
  • ҳисоботларни автоматик равишда шакллантириш ва юбориш;
  • фискал чекларни шакллантириш ва бериш ва бошқалар.

Эътибор беринг

Солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган ўз электрон платформасига эга агрегаторлар орқали йўловчиларни ташиш ҳамда товарларни етказиб бериш хизматини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар жорий этилаётган рақамли платформалар функцияларидан фойдалана олмайди. Бу Қарорнинг 7-бандидан келиб чиқади.

 

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text210259_mehnatga_shu_kunning_uzida_haq_tulash_va_elekton_shartnomalar_yatt_va_uzini_uzi_band_qilgan_shahslar_faoliyati_qanday_uzgaradi