Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.06.1997 й. 286-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 6 июндаги

286-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар

саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш

билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини

текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари (кейинги ўринларда - бошқарув органлари) ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча ташкилотлар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларда (кейинги ўринларда - ташкилотлар) меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олишнинг ягона тартибини белгилайди.

Мазкур Низом:

ишлаб чиқаришда ишлаётган даврида суд ҳукми бўйича жазони ўтаётган фуқароларга;

иш берувчиларга;

пудрат ва топшириқларга кўра фуқаролик-ҳуқуқий контрактлар бўйича ишларни бажараётган шахсларга;

белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар;

табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қатнашаётган фуқароларга;

агар махсус давлатлараро битимда ўзгача ҳол кўрсатилмаган бўлса, ёлланиб ишлаётган чет эл фуқароларига;

қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ бўлмаган ўзга ишларни бажариш учун корхонага юборилган ҳарбий хизматчиларга, шу жумладан, муқобил хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга;

корхонада ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабалар ва ўқувчиларга ҳам татбиқ этилади.


Изоҳ: Ўқувчилар ва талабалар билан ўқув-тарбия жараёнида юз берган бахтсиз ҳодисалар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишилган ҳолда Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланган тартибда текширилади ва ҳисобга олинади.

2. Корхона ҳудудида ва унинг ташқарисида меҳнат вазифаларини бажараётганда (шунингдек хизмат сафарларида) юз берган жароҳатланиш, заҳарланиш, иссиқлик таъсири, портлаш, фалокатлар, иморатлар, иншоотлар ва конструкциялар бузилиши, куйиш, музлаш, қизиш, электр токи ва яшин уриши, ҳайвонлар, ҳашаротлар ва судралиб юрувчилар томонидан, террористик ҳаракатлар натижасида шикастланишлар, шунингдек табиий офатлар (зилзилалар, ўпирилишлар, сув тошқинлари, тўфонлар ва бошқалар) туфайли саломатликнинг бошқа хил шикастланишлари;

ўз функционал вазифаларини бажариш юзасидан, шунингдек аварияларнинг, одамлар ҳалок бўлишининг олдини олиш ва корхонанинг мулкини сақлаш мақсадида, иш берувчи топшириқ бермаган бўлса ҳам, корхона манфаатларини кўзлаб қандайдир хатти-ҳаракатларни амалга ошираётгандаги;

ходим хизмат сафарида бўлган ёки ўз функционал вазифаларини бажариш вақтида - йўл-транспорт ҳодисасидаги, темирйўл, ҳаво йўлларидаги, денгиз ва дарё транспортидаги, электр транспортидаги ҳодиса натижасидаги;

иш берувчи томонидан буйруқ билан махсус ажратилган уйдан ишга ва/ёки ишдан уйга ходимларни ташиш учун мўлжалланган транспортда, шунингдек ушбу мақсадлар учун шартнома (буюртма)га мувофиқ ўзга ташкилот транспортида ишга кетаётган ёки ишдан қайтаётгандаги;

иш вақтида шахсий транспортда, уни хизматга оид сафарлар учун ишлатишга рухсат берилганлик ҳақида иш берувчининг ёзма буйруғи мавжуд бўлгандаги;

иш берувчининг топшириғини бажариш учун транспортда ёки пиёда ҳаракатланаётганда, шунингдек меҳнат фаолияти хизмат кўрсатиш объектлари орасида юриш билан боғлиқ ходимлар билан иш вақтида транспортда ёки пиёда кетаётгандаги;

тадбирларнинг ўтказилиши ёки ишлар бажарилиши жойидан қатъи назар, шанбалик (якшанбалик), фуқаро мудофааси бўйича ўқув машғулотлари, кўнгилли ёнғин муҳофазаси мусобақалари ўтказилаётгандаги, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилгандаги, иш берувчининг ёзма фармойиши бўйича корхона томонидан оталиқ ёрдами кўрсатилаётгандаги;

ички ишлар органларининг маълумотлари асосида - иш вақтида меҳнат вазифаларини бажараётганда бошқа шахс томонидан тан жароҳати етказилгандаги;

сменали дам олишда бўлган ходим билан транспорт воситасидаги вахта шаҳарчаси ҳудудидаги ёки ижарага олинган хонадаги (кузатиб борувчи, рефрижератор бригадаси ходими, сменали ҳайдовчи, денгиз ва дарё кемалари ходимлари, шунингдек вахта-экспедиция усулида ишлаётганлар ва бошқалар) бахтсиз ҳодисалар текширилади ва ҳисобга олинади.

3. Табиий ўлим, ўзини ўзи ўлдириш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жабрланувчининг жиноят содир қилиш чоғида шикастланиши ҳолатлари (суд-тиббий экспертиза хулосаси ёки тергов органларининг маълумотларига кўра) текширилмайди ва ҳисобга олинмайди.


4. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса натижасида ходимнинг меҳнат қобилияти камида бир кунга йўқотилса ёки тиббий хулосага мувофиқ енгилроқ бошқа ишга ўтиши зарур бўлса, Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилади (1-илова).

Иш берувчи текшириш тугаганидан сўнг 3 суткадан кечиктирмай жабрланувчига ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсга давлат тилида ёки бошқа мақбул тилда расмийлаштирилган бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги Н-1 шаклидаги далолатномани бериши керак.


5. Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни тўғри ва ўз вақтида текшириш ҳамда ҳисобга олиш, Н-1 шаклидаги далолатномани тузиш, бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгардир.


6. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни тўғри ва ўз вақтида текшириш ва ҳисобга олишни, шунингдек, бахтсиз ҳодиса келиб чиқиши сабабларини бартараф этишга оид чора-тадбирларнинг бажарилишини корхонанинг юқори турувчи хўжалик органи, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси хавфли ишлаб чиқариш объектларида, радиациявий хавфли объектларда ва атом энергиясидан фойдаланиш объектларида ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси (кейинги ўринларда - "Ўзэнергоинспекция") энергетика объектлари ва истеъмолчиларнинг электр қурилмаларида (кейинги ўринларда - назорат остидаги объектлар) назорат қилади.

7. Иш берувчи Н-1 шаклидаги далолатномани тузишдан бош тортса, жабрланувчи ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахс Н-1 шаклидаги далолатнома мазмунидан норози бўлса, жабрланувчи ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахс корхона касаба уюшмаси қўмитасига ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органига мурожаат қилади.

Касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи 10 кун муддат ичида бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиши сабабларини ўрганиб чиқади, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрлари, меҳнат хавфсизлиги андозалари бузилишини аниқлайди, зарур деб ҳисобласа, иш берувчидан Н-1 шаклидаги далолатномани тузишни ёки қайта тузишни талаб қилади. Иш берувчи бу талабларни бажармаса, корхона касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органи шунингдек жабрланувчи ёки бошқа манфаатдор шахс Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаларининг (кейинги ўринларда - ҳудудий меҳнат органлари) Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилади.

8. Н-1 шаклидаги далолатнома тузилмаганлиги ёки нотўғри тузилганлиги аниқланган ҳолларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори иш берувчидан Н-1 шаклидаги далолатномани тузишни ёки бошқатдан тузишни талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори хулосасини бажаришга мажбурдир.

9. Иш берувчи билан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори ўртасидаги англашилмовчиликни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори ҳал қилади.


II. ИШЛАБ ЧИҚАРИШДАГИ БАХТСИЗ ҲОДИСАНИ

ВА ХОДИМЛАР САЛОМАТЛИГИНИНГ БОШҚА

ХИЛ ЗАРАРЛАНИШЛАРИНИ ТЕКШИРИШ ВА

ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ


1. Ишлаб чиқаришдаги ҳар бир бахтсиз ҳодиса ҳақида жабрланувчи ёки гувоҳ дарҳол бўлинма (цех) раҳбарига хабар бериши керак, у эса:

жабрланувчига зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиши ва уни тиббий-санитария қисмига ёки бошқа даволаш муассасасига етказишни ташкил этиши;

текшириш комиссияси иш бошланишига қадар иш жойидаги вазиятни ва жиҳозлар ҳолатини ҳодиса юз берган дақиқада қандай бўлса, шундайлигича (агар бу атрофдаги ходимлар ҳаёти, саломатлигига таҳлика солмаётган бўлса ва ҳалокатга олиб келмаса) сақлаб қолиши;

дарҳол ҳодиса тўғрисида иш берувчига ва касаба уюшмасига ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органига хабар қилиши зарур.

2. Корхона тиббий-санитария қисми (шифохона, поликлиника) бир сутка ичида ёрдам сўраб мурожаат қилган ходимлар, шу жумладан, хизмат сафаридаги ва корхона ишлаб чиқариш объектларида иш бажараётган хорижий ташкилот ходимлари билан юз берган ҳар бир бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчига ва касаба уюшмасига ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига хабар беради.


3. Иш берувчининг буйруғига кўра иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси вакиллари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи таркибида комиссия тузилади.

Ишлаб чиқаришдаги меҳнат хавфсизлигига бевосита жавоб берувчи раҳбар бахтсиз ҳодисани текширишда иштирок этмайди.

Комиссия:

уч иш куни ичида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқиши, гувоҳлар ва меҳнат муҳофазаси қоидалари, меҳнат хавфсизлиги андозаларини бузишга йўл қўйган шахсларни аниқлаб сўроқ қилиши, имкони бўлса, жабрланувчидан тушунтириш хати олиши;

бахтсиз ҳодиса сабабларини йўқотиш чора-тадбирлари кўрсатилган Н-1 шаклидаги далолатномани уч нусхада тузиши ва имзо чекиб, уларни тасдиқлаш учун иш берувчига бериши керак.


4. Иш берувчи ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисани келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш чораларини кўради ва текшириш тамом бўлгандан сўнг уч иш куни давомида тасдиқланган Н-1 шаклидаги далолатномаларни:

жабрланувчига ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахсга ҳамда текшириш материаллари билан бирга корхонанинг меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари (муҳандиси, мутахассиси)га ва ҳудудий меҳнат органининг Давлат меҳнат инспекциясига юборади.

Н-1 шаклидаги далолатнома билан расмийлаштирилган бахтсиз ҳодисалар корхона томонидан ҳисобга олинади ва дафтарда қайд қилинади (2-илова).

Иш берувчи Н-1 шаклидаги далолатнома нусхаларини, касаба уюшмаси қўмитасига ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органларига, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки Ўзэнергоинспекция вакилига, агар бахтсиз ҳодиса назоратдаги тегишли корхоналар (объектлар)да юз берган бўлса, юқори турувчи хўжалик органига, тегишли вазирлик (хўжалик бошқаруви органлари)га ҳам уларнинг талабларига мувофиқ юбориши шарт.

Мазкур бўлимнинг 7, 10, 11, 12 ва 13-бандларида кўрсатилган ҳолларда Н-1 шаклидаги далолатнома тўрт нусхада тузилади ва тасдиқланади. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари (муҳандиси, мутахассиси)га текшириш материаллари билан юборилган Н-1 шаклидаги далолатнома 45 йил давомида сақланиши лозим. Бошқа жойларга юборилган текшириш материаллари, Н-1 шаклидаги далолатномалар ва унинг нусхалари эҳтиёж йўқолгунча сақланади.

5. Агар корхона қайта ташкил этилса Н-1 шаклидаги далолатнома ҳуқуқий ворисга корхонанинг бошқа қимматли қоғозларини топшириш тартибида берилади. Агар корхона тугатилса Н-1 шаклидаги далолатнома корхонанинг юқори турувчи хўжалик органига берилади. Агар корхонада юқори турувчи хўжалик органи бўлмаса, унда Н-1 шаклидаги далолатнома, туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

6. Жабрланувчи ёки гувоҳлар иш вақти давомида иш берувчига хабар бермаганлиги ёки иш қобилияти дарҳол йўқолмаганлиги тўғрисидаги бахтсиз ҳодисалар жабрланувчининг ёки унинг манфаатларини ҳимоя қилувчи шахснинг аризасига, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат меҳнат техник инспекторининг талабига биноан ариза берилган ёки кўрсатма олинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида текширилади. Н-1 шаклидаги далолатномани тузиш масаласи бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги ариза ҳар томонлама, барча шарт-шароитлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар ҳисобга олинган ҳолда текширилганидан сўнг ҳал этилади.

7. Бошқа ташкилот томонидан ўша ташкилот топшириғини бажариш учун ёки хизмат вазифасини адо этиш учун мазкур корхонага жўнатилган ходим билан юз берган бахтсиз ҳодиса шу бахтсиз ҳодиса юз берган корхона иш берувчиси томонидан тузилган комиссия томонидан жабрланувчи ишлайдиган ташкилот вакили иштирокида текширилади.

Н-1 шаклидаги далолатноманинг 3-бандида ходимни йўллаган ташкилот номи кўрсатилади. Бахтсиз ҳодиса жабрланувчи қайси ташкилот ходими бўлса ўша ташкилот томонидан ҳисобга олинади.


Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси органи тизимидаги бошқа корхона ходими билан юз берган бахтсиз ҳодиса, бахтсиз ҳодиса юз берган корхона (объект) қайси орган назорати остида бўлса, шу орган томонидан ҳисобга олинади.

Бахтсиз ҳодиса юз берган корхона Н-1 шаклидаги далолатноманинг бир нусхасини бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф этиш учун ўзида олиб қолади, колган 3 та тасдиқланган нусхасини жабрланувчи ходими бўлган ташкилотга, ҳисобга олиш, сақлаш ва 4-бандда кўрсатиб ўтилган манзилларга жўнатиш учун юборади.


8. Иш берувчининг ёзма фармойиши билан вақтинча бошқа ташкилотга ишга ўтказилган ёхуд ўриндошлик бўйича ишлаётган ходим билан бахтсиз ҳодиса юз берса бахтсиз ҳодиса содир бўлган ташкилот томонидан текширилади ва ҳисобга олинади.

9. Бошқа корхонанинг ажратилган участкасида иш олиб бораётган корхона ходими билан бахтсиз ҳодиса юз берса, у иш олиб бораётган корхона томонидан текширилади ва ҳисобга олинади.


10. Ҳарбий қисм билан корхона ўртасидаги шартнома, битим бўйича халқ хўжалиги объектларига ишга жалб қилинган ва унинг маъмурий-техник ходими бошчилигида иш олиб бораётган ҳарбий қурилиш отряди (қисми) шахсий состави билан юз берган бахтсиз ҳодиса иш берувчи томонидан ҳарбий қурилиш отряди (қисми) қўмондонлиги иштирокида текширилади. Бахтсиз ҳодиса корхона томонидан ҳисобга олинади.

Ҳарбийлаштирилган кон ва газ қутқарувчилари қисмлари шахсий состави билан юз берган бахтсиз ҳодиса иш берувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки Ўзэнергоинспекцияси вакили иштирокида текширилади.

11. Корхонадаги меҳнатга жалб қилиниб, ишни унинг маъмурий-техник ходими бошчилигида бажараётган ахлоқ тузатиш-меҳнат муассасасида (кейинги ўринларда - АТММ), даволаш-меҳнат ва тарбия-меҳнат профилакторияларида (кейинги ўринларда - ДМП ва ТМП) сақланаётган шахслар билан бахтсиз ҳодиса юз берса, у АТММ, ДМП ва ТМП вакиллари иштирокида иш берувчи томонидан текширилади. Бахтсиз ҳодиса корхона томонидан ҳисобга олинади.

АТММ, ДМП ва ТМПларда хўжалик ишларини бажараётган шахс билан, шунингдек, ўзининг ишлаб чиқаришида бахтсиз ҳодиса юз берса, у Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда текширилади ва ҳисобга олинади.


12. Автокорхона ёки бошқа корхона томонидан тузилган йиғма автоколонна таркибида қишлоқ хўжалиги ишларига юборилган автомобиль ҳайдовчиси билан юз берган бахтсиз ҳодиса шу корхона томонидан текширилади ва ҳисобга олинади. Текширишда ходимни юборган корхона вакили қатнашади.


13. Корхона ходими раҳбарлигида ишлаб чиқариш амалиёти ўтаётган ёки иш бажараётган ўқувчилар, талабалар билан юз берган бахтсиз ҳодиса корхона томонидан таълим муассасаси вакили билан биргаликда текширилади ва корхона томонидан ҳисобга олинади.

Корхона томонидан ишлаб чиқариш амалиёти учун ажратилган участкада ўқитувчилари раҳбарлигида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ёки иш бажараётган ўқувчилар, талабалар билан юз берган бахтсиз ҳодисалар таълим муассасалари томонидан корхона вакили билан биргаликда текширилади ва таълим муассасаси томонидан ҳисобга олинади.

14. Мазкур бўлимнинг 10, 11, 12 ва 13-бандларида кўрсатилган ҳолларда, тасдиқланган Н-1 шаклидаги далолатноманинг бир нусхаси жабрланувчининг доимий иш, хизмат ёки ўқиш жойига юборилади.



III. БАХТСИЗ ҲОДИСАЛАРНИ МАХСУС ТЕКШИРИШ


1. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш - мазкур Низомга мувофиқ махсус текшириш комиссияси томонидан гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлашга қаратилган текширув.

Қуйидаги бахтсиз ҳодисалар махсус текширилади:

бир вақтнинг ўзида икки ва ундан зиёд ходимлар билан саломатликка етказилган зарарнинг оғирлиги даражасидан қатъи назар, юз берган гуруҳли бахтсиз ҳодисалар;

оқибати ўртача оғир ёки оғир бахтсиз ҳодисалар;

ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар.

Изоҳ: Саломатликка етказилган зарарнинг оғирлиги даражаси тўғрисидаги тиббий хулосани даволаш муассасаси беради.

2. Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса тўғрисида иш берувчи дарҳол схемага биноан (3-илова) қуйидагиларга хабар бериши керак:

ҳудудий меҳнат органининг давлат меҳнат инспекциясига;

юқори турувчи хўжалик органига;

бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг маҳаллий органига ва "Ўзэнергоинспекция"нинг ҳудудий органига, агар бахтсиз ҳодиса назорати остидаги корхона (объект)да юз берган бўлса;

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига.

3. Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш махсус ваколатли орган билан олдиндан келишилмаган ва хабардор этмаган ҳолда махсус ташкил этилган комиссия томонидан текширилади.

Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва уч кишигача ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисани ҳудудий меҳнат органи буйруғига асосан қуйидаги таркибдаги комиссия махсус текширади;

раис - ҳудудий меҳнат органининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори ёки Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакили ёхуд "Ўзэнергоинспекция" вакили назорати остидаги корхона (объект) бўйича;

аъзолар - юқори турувчи хўжалик органи вакили, иш берувчи, II бўлимнинг 7, 10, 11, 12 ва 13-кичик бандларида кўзда тутилган ҳолларда жабрланувчининг асосий иш жойи касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа вакиллик органи раиси ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг вакили.

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекция" органи назорати остидаги корхона (объект)ларда юз берган гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисани тегишли ҳудудий меҳнат органининг Давлат меҳнат инспекцияси билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекция" республика ёки маҳаллий органлари буйруғи асосида тузилган комиссия юқори турувчи хўжалик органи вакили иштирокида текширади. Комиссия раиси қилиб шу орган вакили тайинланади. Комиссия таркибига меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектор киради.

Гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар юз берганда, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи вакиллари таркибида иш берувчининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия томонидан Н-1 шаклидаги далолатнома махсус текшириш далолатномаси тузилгандан сўнг бир кун ичида комиссия хулосаларига мувофиқ расмийлаштирилади.

уч нафардан ўн бир нафаргача инсон сабаб бўлган бахтсиз ҳодисани махсус текшириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарорига асосан қуйидаги таркибдаги комиссия томонидан ўтказилади:

раис - Ўзбекистон Республикаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори;

аъзолар - юқори турувчи орган раҳбарларидан бири, иш берувчи, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ташкилот ходимларининг бошқа вакиллик органи раиси.

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекция" назорати остида бўлган ташкилот (объект)даги бахтсиз ҳодиса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси билан келишилган ҳолда, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекция" органининг буйруғи асосида тузилган комиссия томонидан юқори турувчи орган раҳбари иштирокида текширилади. Комиссия раиси этиб Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекцияси" органи раҳбарларидан бири тайинланади. Ўзбекистон Республикаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори комиссия таркибига киритилади.

Ўн бир нафар ва ундан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган бахтсиз ҳодисалар Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида тузилган комиссия томонидан текширилади.

4. Махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади, корхона (бўлинма, цех)даги меҳнатни муҳофаза қилиш аҳволини, агар зарур бўлса, тармоқнинг бошқа корхоналарида ҳам текширишни ташкил этади, махсус текшириш далолатномасини тузади (4-илова) ҳамда III бўлимнинг 7-бандида кўзда тутилган бошқа ҳужжатларни расмийлаштиради.

Комиссия аъзолари жабрланувчилар ёки уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ташкил этадилар, зарур бўлса тегишли органларга таклифлар киритадилар ёки ижтимоий тусдаги ёрдам масалаларини жойида ҳал қиладилар, жабрланувчига ёки ўлганнинг оила аъзоларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтирадилар.

5. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори махсус текшириш комиссияси чиқарган хулосалардан норози бўлса, шунингдек, у зарур деб ҳисоблаган бошқа ҳолларда ўз хулосасини чиқаради (5-илова).

Комиссия аъзоси махсус текшириш ўтказаётган комиссия хулосасидан норози бўлганда ўзининг алоҳида фикрини билдириши мумкин.

6. Махсус текшириш комиссияси талабига кўра иш берувчи:

бахтсиз ҳодисани текширишда иштирок этиш учун ўзларининг ораларидан эксперт гуруҳи тузиш мумкин бўлган эксперт-мутахассисларни таклиф қилиши;

техник ҳисоблашлар, лаборатория тадқиқотлари, синовдан ўтказиш ва бошқа ишларни амалга ошириши;

бахтсиз ҳодиса юз берган жойни суратга олиши ва бошқа зарур ҳужжатларни тақдим этиши;

текшириш учун зарур бўлган транспорт ва алоқа воситалари, махсус кийим-бош, махсус пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаши;

комиссия аъзолари ишлаши учун уларга жиҳозланган алоҳида хона ажратиб бериши;

бахтсиз ҳодисани махсус текшириш материалларини машинкада ёзишни ва етарли миқдорда кўпайтиришни таъминлаши шартдир.

Техник ҳисоблашлар, лаборатория тадқиқотлари синовдан ўтказиш ва таклиф қилинган мутахассислар амалга ошираётган бошқа ишлар, шунингдек, транспорт ва алоқа воситалари харажатларини бахтсиз ҳодиса юз берган корхона тўлайди.

Комиссия аъзолари текшириш давомида иш берувчидан, корхона ва унинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари, гувоҳлар ва бошқа шахслардан ёзма ва оғзаки тушунтиришлар олишга ҳақлидирлар.


Изоҳ: Эксперт гуруҳи текшириш комиссияси раисининг фармойишига мувофиқ тузилади. Эксперт хулосасини талаб қилувчи масалалар ва эксперт гуруҳи хулосаси бўлган материаллар ёзма равишда расмийлаштирилади.


7. Махсус текшириш материалларига қуйидагилар киради:

махсус текшириш далолатномаси;

ҳар бир жабрланувчига алоҳида тузилган Н-1 шаклидаги далолатнома;

режалар, схемалар, текшириш протоколи ва бахтсиз ҳодиса юз берган жойнинг фотосуратлари;

йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жой схемаси;

сўроқлар протоколи, жабрланувчининг ва бахтсиз ҳодисани кўрган гувоҳлар ва бошқа алоқадор шахсларнинг, шунингдек, ГОСТ, ССБТ стандартлари, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларига риоя қилинишига масъул бўлган мансабдор шахсларнинг тушунтиришлари, эксперт гуруҳи тузиш тўғрисидаги фармойиш ва бошқалар;

жабрланувчиларнинг хавфсизлик техникаси бўйича ўқитилганлиги ва йўриқномалар олганлиги ҳақидаги қайд дафтарларидан кўчирмалар;

жабрланувчига етказилган жароҳатнинг хусусияти ва оғирлиги, ўлими сабаблари тўғрисидаги тиббий хулоса;

эксперт гуруҳининг (зарур бўлганда) бахтсиз ҳодиса сабаблари ҳақидаги хулосаси, лаборатория ва бошқа тадқиқотлар, тажрибалар, таҳлиллар ва ҳоказоларнинг натижалари;

авария туфайли кўрилган моддий зарар ҳақидаги маълумотнома;

махсус текшириш комиссияси тузиш ҳақидаги буйруқ ёки қарор;

йўриқномалар, низомлар, буйруқлардан ва меҳнат хавфсизлиги меъёрларини ва унга масъул бўлган шахсларни белгиловчи бошқа далолатномалардан кўчирмалар;

корхона (бўлинма, цех)да меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини текшириш тўғрисидаги махсус текшириш комиссиясининг далолатномаси;

зарур бўлган ҳолларда Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспекторининг хулосаси;

ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотнома - етказилган зарарни қоплаш суммасини ҳисоблаб чиқиш учун;

боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги буйруқ нусхаси - ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса юз берганда.

8. Махсус текшириш тугагандан сўнг ўн беш кун мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат меҳнат техник инспектори, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги қўмитаси органи ёки "Ўзэнергоинспекция" органи назоратчиси текшириш материалларини:

гуруҳли, оқибати ўртача оғир ёки оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса юз берган жойдаги ҳудудий ички ишлар органига юборади;

махсус текшириш бўйича барча материалларнинг нусхаларини ҳудудий меҳнат органига, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шунингдек, тегишли бошқарув органи, ташкилотга ва жабрланган ходимни юборган ташкилотга юборади;

Агар бахтсиз ҳодиса назорати остидаги ташкилот (объект)да юз берган бўлса, махсус текшириш материаллари нусхалари Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекция" органига юборилади.

9. Бахтсиз ҳодиса юз берган корхона иш берувчиси (юқори турувчи хўжалик органи раҳбари) махсус текшириш материалларини зудлик билан кўриб чиқишга, бахтсиз ҳодиса келиб чиқиши сабабларини бартараф этиш тўғрисида комиссия таклиф қилган чора-тадбирларни бажариш ҳақида, меҳнатни мухофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича лавозими ва касбига оид вазифаларнинг бажарилмаслиги (бузилиши)га йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида буйруқ чиқаришга мажбурдир.

Иш берувчи махсус текшириш комиссияси таклиф қилган чора-тадбирларнинг бажарилганлиги ҳақида махсус текшириш ўтказишни бошқарган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспекторига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекциясининг" объектлар назорати остида бўлган маҳаллий органларига ёзма равишда ахборот беради.

10. Агар жабрланувчи бахтсиз ҳодиса оқибатида вақтинча иш қобилиятини йўқотган даврда шу бахтсиз ҳодиса сабабли ўлиб қолса, иш берувчи бу ҳақда дарҳол меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспекторига ва ушбу Низомнинг III бўлими 2-бандида кўрсатилган ташкилотларга хабар беришга мажбурдир.

Ушбу бахтсиз ҳодиса ўлим содир бўлган вақтдан бошлаб ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса сифатида ҳисобга олиниши керак.


IV. БАХТСИЗ ҲОДИСАЛАР ТЎҒРИСИДА ҲИСОБОТ

ВА УЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ САБАБЛАРИ

ТАҲЛИЛИ


1. Н-1 шаклидаги далолатнома бўйича расмийлаштирилган барча бахтсиз ҳодисалар ҳисоботга ҳамда уч иш куни ичида "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилади.

2. Н-1 шаклидаги далолатномалар асосида иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар чоғида жабрланувчилар тўғрисида статистика органи тасдиқлаган шаклларда ҳисобот тайёрлайди ва уни тегишли ташкилотларга белгиланган тартибда тақдим этади.

Шунингдек, жабрланувчилар тўғрисидаги маълумотлар иш берувчи томонидан "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилиши лозим.

3. Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар сабабларини таҳлил қилиши, уларнинг меҳнат жамоасида кўриб чиқилишини таъминлаши ва ишлаб чиқаришда жароҳатланишнинг олдини олишга оид чора-тадбирларни амалга ошириши шартдир.


4. Бошқарув органлари барча бахтсиз ҳодисаларнинг ҳисобини ва таҳлилини олиб боради, уни ўзига қарашли корхоналар ва ташкилотларга маълумот учун юборади. Тегишли касаба уюшмаси ёки бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади.

5. Ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса юқори турувчи касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан биргаликда юқори турувчи хўжалик органларида ва Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва "Ўзэнергоинспекция" ҳайъатида (агар бахтсиз ҳодиса шу орган назорати остидаги объектда юз берган бўлса) меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори иштирокида муҳокама қилинади.

6. Икки ва ундан зиёд киши ҳалок бўлган бахтсиз ҳодиса Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳайъатида, вилоят (Тошкент шаҳар) бандлик бош бошқармаси кенгашида, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ёки "Ўзэнергоинспекцияси" ҳайъатида, бахтсиз ҳодиса шу орган назорати остидаги корхона (объект)да юз берган бўлса, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича бош давлат техник инспектори иштирокида кўриб чиқилади. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳайъати, вилоят (Тошкент шаҳар) бандлик бош бошқармаси кенгаши чиқарган қарор бажарилиши шартдир.

7. Бахтсиз ҳодиса юзасидан махсус текшириш олиб бораётган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспекторининг талабига биноан ҳудудий ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш органлари (суд-тиббий экспертиза), йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати, ёнғин хавфсизлиги давлат хизмати 3 суткадан кечиктирмай, бахтсиз ҳодисага тааллуқли ҳужжатлар ва материаллар нусхаларини тақдим этишлари шартдир.

8. Ҳудудий ички ишлар органлари Давлат меҳнат инспекциясига, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ҳамда "Ўзэнергоинспекция"га ишнинг бориши тўғрисида ахборот бериб туради.

9. Ушбу Низомни бузишда айбланувчилар мавжуд қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.






Низомга

1-ИЛОВА

"ТАСДИҚЛАЙМАН"

Иш берувчи

____________________________

(имзо, имзо ёйилмаси)


19 _____ йил _________________



корхона муҳри



Н-1 шакли

Бир нусхадан юборилади:

- жабрланувчига (ўлган бўлса оиласига);

- меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати раҳбари (муҳандиси, мутахассиси)га;

- ҳудудий меҳнат органининг Давлат меҳнат инспекциясига

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва саломатликка

бошқа хил зарар етказилиши тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА N

1. Корхонанинг номи


1.1. Корхонанинг манзили



(вилоят, шаҳар, туман, кўча, уй)

1.2. Мулкчилик шакли



(давлат, акциядорлик, хусусий ва ҳоказо)

1.3. Бахтсиз ҳодиса юз берган жой



(бўлинма, цех)

2. Вазирлик, хўжалик бошқаруви органи


3. Ходимни йўллаган корхона



(номи, манзили, вазирлик

        

хўжалик бошқаруви органи)

4. Жабрланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми


5. Жинси: эркак, аёл (тагига чизилсин)

6. Ёши (тўлиқ йиллар сони кўрсатилсин)


7. Касби, лавозими


7.1. Разряди, класси


8. Бахтсиз ҳодиса юз берганда бажарилаётган иш бўйича иш стажи


            

9. Меҳнат хавфсизлиги бўйича йўриқнома, ўқитиш:

9.1. Кириш йўриқномаси (сана)


9.2. Меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиш (сана)


9.3. Дастлабки (даврий) йўриқнома (сана)


9.4. Ўта хавфли ишлар учун билимларни текшириш (сана)


9.5. Ишга кираётганида ва даврий тиббий кўрикдан ўтганлиги


10. Бахтсиз ҳодиса юз берган сана ва вақт



(йил, кун, ой)

         

(иш бошлашдан тўлиқ соатлар сони)

11. Бахтсиз ҳодиса ҳолати


      


       


      


      


      


        

11.1. Бахтсиз ҳодиса сабаблари


      


       


      


      


      


        

11.2. Жароҳат етказилишга сабаб бўлган асбоб-ускуна


11.3. Жабрланувчининг ҳушёрлиги (алкоголь ёки наркотиклар таъсиридалиги)

 

(тиббий хулосага биноан)

11.4. Ташхис



(дастлабки, охирги)

12. Бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф этиш тадбирлари:

Т/р

Тадбирлар номи


Бажариш муддати


Бажарувчи


Бажарилиши

ҳақида белги


   

      

      

 

13. Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрлари бузилишига йўл қўйган шахслар

             

(Ф.И.Ш., лавозими, корхона номи)

       

(улар томонидан бузилган қонунлар, қоидалар ва

        

меъёрий ҳужжатларнинг моддалари, бандлари)

14. Бахтсиз ҳодиса гувоҳлари


Далолатнома тузилди



(йил, кун, ой)

Комиссия раиси



(Ф.И.Ш., имзо)

Комиссия аъзолари



(Ф.И.Ш., имзо)

Н-1 шаклдаги далолатномани тўлдириш


7-банд. Агар жабрланувчи бир неча касб эгаси бўлса, унда бахтсиз ҳодиса юз берганда бажараётган касби кўрсатилади.

8-банд. Иш стажининг тўлиқ йиллар сони кўрсатилади, агар иш стажи бир йилдан кам бўлса, унда ой ва кунлар сон кўрсатилади.

11.1-банд. Бахтсиз ҳодисанинг асосий техник ва ташкилий сабаблари - асосийси биринчи бўлиб, қолганлари аҳамиятига яраша тартибда кўрсатилади.

11.2-банд. Жароҳатга сабаб бўлган асбоб-ускунанинг номи, тури, русуми, чиқарилган йили, тайёрланган корхона номи.

11.3-банд. Суд-тиббий муассаса маълумотномаси (хулосаси)га асосан жабрланувчининг ҳушёрлиги (алкоголь ёки наркотиклар таъсиридалиги) кўрсатилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни қайд қилиш

ДАФТАРИ

          

(корхона, муассаса, ташкилот номи)





Низомга

3-ИЛОВА



Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз

ҳодиса тўғрисида хабар бериш

СХЕМАСИ


1. Корхона, юқори турувчи хўжалик органи, вазирлик, хўжалик бошқаруви органи номи.

2. Ҳодиса юз берган сана, вақт, жой, бажарилаётган иш ва бахтсиз ҳодиса юз бергандаги ҳолатнинг қисқача тавсифи.


3. Жабрланувчилар, шу жумладан, ҳалок бўлганлар сони.


4. Жабрланувчи (ҳалок бўлган)нинг фамилияси, исми, отасининг исми, ёши, касби, лавозими.


5. Хабар юборилган сана, вақт, хабарни имзолаган шахснинг фамилияси, лавозими.






Низомга

4-ИЛОВА



Бахтсиз ҳодиса (ҳалокат)ни махсус текшириш

ДАЛОЛАТНОМАСИ

19 ___ йил "____" ____________________ соат _________________________ минутда

          

(жабрланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми)

билан юз берган



(гуруҳий, ўлим билан тугаган, оқибати оғир)

           

(касби, лавозими, иш жойи,

      

корхона, юқори турувчи хўжалик органи, вазирлик,

         

хўжалик бошқаруви органи номи)

       

(буйруқ)

асосан қуйидаги таркибда тузилган комиссия:

раис



(Ф.И.Ш., лавозими, иш жойи)

комиссия аъзолари:



(Ф.И.Ш., лавозими, иш жойи)

             

таклиф этилган мутахассислар иштирокида


         

(Ф.И.Ш., лавозими, иш жойи)

19 ___ й. "___" ______________ дан 19 ___ й. "___" гача мазкур бахтсиз ҳодисани махсус текширди ва ушбу далолатномани тузди.

      


Изоҳ. Гуруҳий бахтсиз ҳодисалар текширилганда ҳар бир жабрланувчи ҳақида алоҳида маълумотлар кўрсатилади. Оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар фақат ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар текширилганда кўрсатилади.



1. ЖАБРЛАНУВЧИ (ЖАБРЛАНУВЧИЛАР)

ҲАҚИДА МАЪЛУМОТЛАР


Фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, касби, лавозими, умумий ва касб бўйича (шу жумладан, ушбу корхонадаги) иш стажи, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитиш, йўриқномалар бериш, билимларни текшириш вақти, жабрланувчининг оилавий аҳволи, қарамоғидаги оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми) туғилган йили, жабрланувчи билан қариндошлик муносабатлари).



2. КОРХОНА, БЎЛИНМА, ЦЕХ, ИШ ЖОЙИНИНГ ТАВСИФИ


Бахтсиз ҳодиса юз берган жойни қисқача тавсифлаб, жабрланувчига қайси хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсир қилган бўлиши мумкинлигини кўрсатиш керак.

Агар бахтсиз ҳодиса объектдаги ҳалокат натижасида юз берган бўлса, далолатномага қуйидагилар қўшимча қилиб киритилади:

объект тавсифи (қозонлар ва кўтарма иншоотлар объектлари учун объект номи ва хили, унинг асосий ўлчовлари, завод берган тартиб рақами, тайёрловчи завод, тайёрланган ва ўрнатилган йили, сўнгги текширувдан ўтгани, шунингдек, тайинланган текширувдан ўтиш муддати);

ҳалокат тоифаси ва тавсифи ҳақида маълумотлар;

нобуд бўлган маҳсулотлар (натура ифодасида ва сўм ҳисобида), ҳалокат натижасида етказилган зарар (сўм ҳисобида).



3. БАХТСИЗ ҲОДИСАНИНГ ШАРТ-ШАРОИТЛАРИ


Бахтсиз ҳодиса юз беришигача нималар бўлгани, меҳнат жараёни қандай кечгани, бу жараёнга ким бошчилик қилганини кўрсатиш, жабрланувчи (жабрланувчилар) ва бахтсиз ҳодисага алоқадор бўлган бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларини тавсифлаш, воқеалар изчиллигини баён қилиш, жароҳатланишга сабаб бўлган хавфли (зарарли) ишлаб чиқариш омили, машина, асбоб ёки ускунани кўрсатиш зарур.



4. БАХТСИЗ ҲОДИСА САБАБЛАРИ


Бахтсиз ҳодисанинг асосий техник ва ташкилий сабабларини кўрсатиш, меҳнат қонунчилиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрлари, лавозим йўриқномалари, ишларни бехатар олиб бориш бўйича меъёр ва йўриқномаларнинг аниқ қайси талаблари бузилганлигини (тегишли моддалар, бандларга ҳавола қилинган ҳолда), шунингдек, давлат андозалари бузилганини баён қилиш, қайси хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омили белгиланган меъёр ва даражалардан ошиб кетганлигини кўрсатиш керак.



5. БАХТСИЗ ҲОДИСА САБАБЛАРИНИ, АНИҚЛАНГАН

МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИ ВА МЕЪЁРЛАРИ

БУЗИЛИШЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


Комиссия таклиф этган чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат бўлиши керак:

бахтсиз ҳодисали ҳалокат оқибатларини йўқотиш чоралари;

бахтсиз ҳодиса сабабларини бартараф этиш ва яна шундай ҳодиса юз беришининг олдини олиш чоралари;

улар илова қилинаётган шаклдаги жадвал ёки матнда чора-тадбирлар мазмуни, бажариш муддати ва масъул шахслар кўрсатилган ҳолда баён қилиниши мумкин.

Чора-тадбирлар


Бажариш муддати


Бажарилишига масъул


6. КОМИССИЯНИНГ МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИ

ВА МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИ

ВА МЕЪЁРЛАРИ БУЗИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙГАН

ШАХСЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ХУЛОСАСИ


Бу бўлимда хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизликлари бахтсиз ҳодиса (бахтсиз ҳодисали ҳалокат)га олиб келган жавобгар шахслар номини кўрсатиш, улар риоя қилмаган, белгиланган тартибда тасдиқланган қонунчилик, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар ва меъёрий ҳужжатлар, лавозим йўриқномалари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар моддалари, бандлари кўрсатилиши керак. Текшириш комиссияси томонидан жавобгар шахсларга нисбатан жазо чоралари юзасидан таклифлар қилинади. Таклиф этилган жазо чоралари жиноий жавобгарликдан (вужудга келган тақдирда) озод қилмайди. Махсус текшириш далолатномасида комиссия аъзолари жабрланувчи(лар) ёки уларнинг оила аъзолари билан учрашганлари, моддий ёрдам кўрсатиш ва ижтимоий тусдаги масалаларни жойида кўриб чиққанлари, мавжуд қонунчиликка мувофиқ уларнинг қонуний ҳуқуқларини тушунтириб берганлари ёзилиши керак.

Махсус текшириш далолатномасининг якуний қисмида Низомнинг III бўлими 7-бандига мувофиқ илова қилинаётган материаллар рўйхати берилади.

Комиссия раиси



(Ф.И.Ш., сана, имзо)

Комиссия аъзолари



(Ф.И.Ш., сана, имзо)

       





Низомга

5-ИЛОВА



Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош)

давлат техник инспекторининг

ХУЛОСАСИ

19 ___йил "___" _____ соат ______ минутдаги

          

(жабрланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми)

        

(жабрланувчининг лавозими ёки касби, корхона, юқори турувчи хўжалик

          

органи, вазирлик, хўжалик бошқаруви органи номи, жабрланувчининг лавозими ёки касби)

Комиссия томонидан ___________ йилдан ______________ йилгача ўтказилган махсус текшириш материаллари асосида қуйидаги хулосага келдим, яъни

      

       

    

      

       

Бундан кейин меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори махсус текшириш олиб борган комиссиянинг қандай хулосалари билан келиша олмаслигини қуйидагиларга мувофиқ асослаб беради:

комиссия сўроқ қилмаган ёхуд ўзининг дастлабки кўрсатмасига ўзгартириш киритмоқчи бўлган бахтсиз ҳодиса гувоҳларидан олинган қўшимча тушунтиришлар;

жабрланувчига етказилган жароҳатлар тавсифи, ўлими сабаблари тўғрисида тиббий хулоса;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар ва меъёрий ҳужжатларнинг қайси талабларига амал қилинмагани учун бахтсиз ҳодиса юз беришига шароит яратилганлиги;

бошқа эксперт гуруҳларининг хулосаси;

мазкур бахтсиз ҳодисага алоқаси бўлган бошқа ҳужжатлар.

Асослаб берганидан сўнг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори махсус текшириш далолатномасининг қайси бўлими (бўлимлари) ушбу бахтсиз ҳодисага алоқаси бўлган қўшимча ахборот (ҳужжатлар) ҳисобга олинмаган ҳолда баён этилган деб ҳисобласа, шу бўлим (бўлимлар)ни ифодалаб бериши керак.

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори хулосаси, зарур ҳолларда Н-1 шаклидаги далолатнома мазмунини бахтсиз ҳодисани қўшимча текшириш натижасида белгиланган маълумотларга мувофиқлаштириб, қайта тузиш тўғрисида иш берувчига қўйилган талаб билан тугатилади.

Хулоса меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича (бош) давлат техник инспектори бланкасида тузилади ва ушбу Низомнинг III бўлими 8-бандида кўрсатилган инстанцияларга юборилади.