Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.02.2009 й. 40-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 11 февралдаги

40-сон қарорига

ИЛОВА


Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб

чиқариш амалиётини ўташ тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тартибини белгилайди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ўқувчиларига татбиқ этилмайди.

2. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг (кейинги ўринларда ўқувчилар деб аталади) корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ўрта махсус, касб-ҳунар таълими асосий таълим дастурининг таркибий қисми ҳисобланади.


3. Назарий таълим бериш жараёнида ўқувчилар томонидан олинган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, олинадиган мутахассислик бўйича зарур лаёқатга, кўникмаларга ва амалий иш тажрибасига эга бўлиш ишлаб чиқариш амалиётининг мақсади ҳисобланади.


4. Ишлаб чиқариш амалиёти ўқувчиларни меҳнат фаолиятига тайёрлаш шаклларидан бири ҳисобланади ҳамда уларни ишлаб чиқариш шароитларида олинган касб-ҳунар бўйича кўникмалари ва билимларини мустақил равишда қўллашга, ўқув дастурларида назарда тутилган ишларни сифатли ва унумли бажаришга ўргатишни вазифа қилиб қўяди.


5. Ўқувчиларнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги ишлаб чиқариш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тармоқ таълим стандартига мувофиқ амалга оширилади.


6. Ишлаб чиқариш амалиёти ўқувчиларнинг касб-ҳунар коллежи билан корхона, муассаса ёки ташкилот ўртасидаги шартнома асосида ишлаб чиқариш ёки техник жараёнда мунтазам ва бевосита қатнашиши йўли билан ўтказилади.


7. Касб-ҳунар коллежи тармоқ ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этади.


8. Ишлаб чиқариш амалиёти, қоидага кўра, корхона, муассаса ёки ташкилотнинг ихтисослашувига боғлиқ ҳолда ушбу мақсад учун махсус ажратилган, ўқувчилар ўқишни тугатгандан кейин ишга жойлашиши мумкин бўлган ўқув-ишлаб чиқариш жойларида ўтказилади.



II. КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИ, КОРХОНАЛАР,

МУАССАСАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АМАЛИЁТИНИ

ЎТКАЗИШДАГИ ФАОЛИЯТИ


9. Касб-ҳунар коллежлари ишлаб чиқариш амалиётини сифатли ташкил этиш ва муваффақиятли ўтказиш учун ўқув дастурларига мувофиқ ўқувчиларни олдиндан назарий жиҳатдан тайёрлашни таъминлайдилар, ўқувчилар томонидан техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг пухта ўрганилишини ташкил қиладилар.


10. Касб-ҳунар коллежлари ишлаб чиқариш амалиёти бошланишидан кечи билан бир ой олдин корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан уларнинг базасида ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш тўғрисида шартнома тузадилар.

Шартномада касблар бўйича ўқувчилар сони, ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш муддатлари ва ҳар бир ўқувчининг ишлаб чиқариш амалиёти дастурида назарда тутилган барча иш турларини мустақил равишда бажаришга ўрганиши учун ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш ёки техник фаолиятнинг бир туридан бошқасига ўтиш жадвали белгиланади.


11. Касб-ҳунар коллежи ишлаб чиқариш амалиёти вақтида:

ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига, жиҳозларга, мосламаларга ва бошқа меҳнат анжомларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишини;

хом ашё, материаллар ва электр энергиясининг тежамли сарфланишини;

ўқувчилар томонидан корхона, муассаса ва ташкилотнинг тегишли маъмурий ва ишлаб чиқариш ходими кўрсатмалари ва фармойишлари бажарилишини таъминлаши шарт.


12. Касб-ҳунар коллежи:

ишлаб чиқариш таълими усталарига ёки ишлаб чиқариш амалиёти раҳбари бўлган ўқитувчиларга уларни амалиёт ўтказиладиган жойларга юборишда хизмат сафари харажатларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланишини;

оиласи "Темир дафтар"га киритилган ўқувчи ёшларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида олти ойдан кўп бўлмаган муддатдаги ишлаб чиқариш амалиёти даври учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилишини;

ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш режаларида назарда тутилган экскурсияларини ташкил этиш бўйича харажатларнинг тўланишини таъминлайди.


13. Касб-ҳунар коллежи ишлаб чиқариш амалиётига услубий раҳбарликни, ўқув дастурларида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини, шунингдек кўрсатиб ўтилган тадбирларнинг ўқувчилар томонидан бажарилишини ва улар бажарган ишларнинг техник шартларга мувофиқлигини текширишни амалга оширади.


14. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ишлаб чиқариш амалиёти даврида қуйидагиларга мажбур:

ўқувчилар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва улардан олинадиган мутахассислик билан боғлиқ бўлмаган, шунингдек зарарли меҳнат шароитларида фойдаланишга йўл қўймаслик;

ўқувчиларни ишлаб чиқариш бинолари, тренинг кабинетлари, зарур материаллар, асбоб-ускуналар, техник ҳужжатлар билан ўз вақтида таъминлаш ва ўқувчиларнинг янги ишлаб чиқариш технологияларини, юқори унумли иш методларини ўзлаштириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларга йўл-йўриқлар беришни ва ишлаб чиқариш амалиётига техник раҳбарликни ташкил этиш, касб-ҳунар коллежининг педагог ходимларига ишлаб чиқариш амалиётини ўтказишда ёрдам кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларга ишлаб чиқариш амалиёти даврида тегишли мутахассисликлар ва касблар ишчилари учун назарда тутилган махсус кийим-бошлар, якка тартибда ҳимояланиш воситалари бериш;

зарур ҳолларда ўқувчиларни ишлаб чиқариш амалиёти ўтадиган жойга етказишни ва у ердан олиб келишни таъминлаш;

ўқувчилар бажарган ишларни ушбу корхона, муассаса ва ташкилотда белгиланган тартибда ҳисобга олиш ва қабул қилиш;

ишлаб чиқариш амалиёти тугагач ҳар бир ўқувчига унинг ишлари сифатини, эришган натижаларини, ишга муносабатини, шунингдек унга бериш учун тавсия этилаётган тариф разрядини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқариш тавсифномаси бериш.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АМАЛИЁТИНИ

ЎТКАЗИШ БОСҚИЧЛАРИ


15. Назарий жиҳатдан ўқитиш, ўрганилаётган мутахассислик бўйича зарур лаёқатни, кўникмаларни ва амалий иш тажрибани эгаллаш жараёнида ўқувчилар олган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш мақсадида:

касб-ҳунар бўйича бошланғич лаёқат ва кўникмаларни олиш бўйича  ўқув амалиёти;

мутахассислик соҳаси бўйича  ишлаб чиқариш амалиёти;

диплом ишини бажаришдан олдинги малака ошириш (тажриба орттириш) амалиёти ўтказилади.


16. Ўқув амалиёти ўқувчиларни касб бўйича умумий ва махсус фанларни онгли ва пухта ўрганишга тайёрлаш, уларнинг танланган мутахассислик бўйича амалий касб лаёқати ва кўникмаларини эгаллаши учун ўтказилади.


17. Ишлаб чиқариш амалиёти корхона, муассаса, ташкилот фаолиятини ўрганиш ва бошланғич амалий тажрибага эга бўлиш асосида махсус фанларни ўрганишда олинган билимларни мустаҳкамлашга, кенгайтиришга, чуқурлаштиришга ва тизимлаштиришга йўналтирилган.


18. Ўқувчиларнинг диплом ишини бажаришдан олдинги амалиёти ўқитишнинг якунловчи босқичи ҳисобланади ва уларнинг бошланғич касб тажрибасига ва малакага эга бўлиши, ўқувчиларнинг мустақил равишдаги меҳнат фаолиятига касб бўйича тайёрлигини текшириш ҳамда диплом лойиҳаси (иши)га зарур материаллар тўплаш мақсадида ўтказилади.


19. Ўқувчиларнинг тажриба орттириши диплом ишини бажаришдан олдинги амалиётни ўтказиш турларидан бири ҳисобланади ва якуний давлат аттестациясида диплом лойиҳаси (иши)ни бажариш назарда тутилмаган ҳолларда ўтказилади.



IV. АМАЛИЁТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


20. Амалиётни ташкил этиш унинг барча босқичларида:

олинадиган мутахассислик ва бериладиган малакага мувофиқ ўқувчиларни тайёрлашнинг зарур ва етарли даражасига бўлган талабларнинг бажарилишига;

ўқувчилар томонидан ишлаб чиқариш амалиёти дастурига мувофиқ касб (меҳнат) фаолияти кўникмаларини эгаллашнинг узлуксизлиги ва изчиллигига йўналтирилган.


21. Ишлаб чиқариш амалиёти барча босқичларининг мазмуни ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тармоқ таълим стандартига мувофиқ ишлаб чиқиладиган ишлаб чиқариш амалиётининг намунавий дастурида белгиланади.


22. Ўқув амалиёти ўқув, ўқув-ишлаб чиқариш устахоналарида, ўқув хўжаликларида, ўқув-тажриба участкаларида ва касб-ҳунар коллежининг ёки корхона, муассаса, ташкилотнинг бошқа ёрдамчи объектларида ўтказилади.


23. Ўқув амалиёти, қоидага кўра, ишлаб чиқариш таълими усталари томонидан ўтказилади. Ўқув амалиёти фанларни (геодезия, педагогика, тиббиёт ва бошқа фанларни) ўрганишнинг давоми ҳисобланадиган ҳолларда у махсус фанларнинг ўқитувчилари томонидан ўтказилади. Ўқув амалиётлари рўйхати касб-ҳунар коллежи томонидан белгиланади.


24. Ишлаб чиқариш амалиёти:

ишлаб чиқариш таълими дарслари;

амалий машғулотлар;

тайёрлаш технологияси ишлаб чиқариш амалиёти дастури талабларига жавоб берадиган товар маҳсулотларни ўқувчилар томонидан тайёрлаш бўйича ишлаб чиқариш фаолияти ;

ўқувчиларнинг тажриба-эксперимент, конструкторлик, ихтирочилик ишларида қатнашиши шаклларида ўтказилади.


25. Ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш муддатлари касб-ҳунар коллежи томонидан, ўқувчиларнинг назарий жиҳатдан тайёрланганлигини ва касб-ҳунар коллежларининг (устахоналар, ўқув полигонларининг), ўқув-ишлаб чиқариш базасининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


26. Ишлаб чиқариш амалиёти узлуксиз циклда, шунингдек амалиёт мазмуни билан назарий ўқитиш ўртасидаги алоқа таъминланган тақдирда кунлар (ҳафталар) бўйича назарий машғулотлар билан навбатма-навбат ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин.


27. Ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиш учун жойлар касб-ҳунар коллежлари билан корхоналар, муассасалар ёки ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномалар асосида белгиланади.


28. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўқувчиларга ҳақи тўланадиган иш жойлари, мустақил объектлар, ишлаб чиқариш амалиёти дастурларига мувофиқ ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлайдиган участкалар бериш ҳуқуқига эга.


29. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташда қуйидагиларга мажбур:

ишлаб чиқариш амалиёти дастурида назарда тутилган топшириқларни тўлиқ бажариш;

корхона, муассаса ёки ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш;

техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ўрганиш ва уларга қатъий риоя қилиш.


30. Баҳо ва (ёки) синов ишлаб чиқариш амалиёти ҳар бир босқичининг натижаси ҳисобланади.


31. Ишлаб чиқариш амалиётининг касб-ҳунар коллежидаги раҳбарлари:

корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқариш амалиётининг иш дастурини тузадилар;

якка тартибдаги топшириқлар мавзусини ишлаб чиқадилар;

ўқувчиларни мутахассисликлар бўйича тақсимлашда ёки уларни иш турлари бўйича бир жойдан иккинчи жойга ўтказишда қатнашадилар;

амалиёт даврида ўқувчилар меҳнатидан тўғри фойдаланилишини назорат қиладилар;

ўқувчилар томонидан якка тартибдаги топшириқларни бажаришда ва диплом лойиҳаси (иши)га материаллар тўплашда уларга услубий ёрдам кўрсатадилар;

ўқувчилар томонидан ишлаб чиқариш амалиёти дастурининг бажарилиши натижаларини баҳолайдилар.


32. Корхона, муассаса ёки ташкилотнинг раҳбари ёхуд унинг ўринбосари ёки етакчи мутахассислардан бири ишлаб чиқариш амалиётига умумий раҳбарлик қилади.


33. Ўқувчиларнинг ҳисобот бериш шакли касб-ҳунар коллежи томонидан белгиланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 7-сон, 71-модда.