Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.09.2022 й. 515-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг

2022 йил 20 сентябрдаги

515-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик

ва туғиш нафақасини тайинлаш ҳамда

тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда (кейинги ўринларда - юридик шахслар) меҳнат шартномасига асосан охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини (кейинги ўринларда - нафақа) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимининг алоҳида модули - идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик асосида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини "проактив" шаклда тайинлаш ва тўлашни назарда тутувчи "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимининг таркибий қисми (кейинги ўринларда - "Ягона реестр" AT);


Ижтимоий суғурта жамғармаси - Молия вазирлигида (кейинги ўринларда - Молия вазирлиги) юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат бюджета ҳамда бошқа маблағлар ҳисобидан шакллантириладиган Жамғарма (кейинги ўринларда - Жамғарма);


нафақа олувчи - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги юридик шахсда меҳнат шартномасига асосан охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёл;


тўлов рўйхат (ведомост)лари - нафақа олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт маълумотлари, банк пластик картаси орқали тўланганда тегишли тижорат банки ҳамда нафақа олувчининг банк пластик картаси реквизитлари ва тўланиши лозим бўлган нафақа суммасига доир маълумотлар акс эттирилган, АТ "Халқ банки"га электрон кўринишда тақдим этиладиган ҳужжат;


ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси - ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг акушер-гинекологи томонидан бериладиган, нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат (кейинги ўринларда - меҳнатга лаёқатсизлик варақаси).


3. Ушбу Низом бюджет ташкилотларида, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлайдиган аёлларга татбиқ этилмайди.


4. Нафақа ходимнинг фарзанди туғулгунига қадар минимал истеъмол харажатларининг (кейинги ўринларда - МИХ) 4 баравари миқдорида тўланади.

МИХ миқдори ўзгарганда, МИХ миқдори эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб нафақа миқдори эълон қилинган МИХнинг янги миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

Табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимларга нафақа тайинлашда туман коэффициента қўлланилмайди.


5. Нафақани тўлаш ва тўлаш билан боғлиқ харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


6. Юридик шахсларнинг нафақа тўлаш бўйича мажбуриятлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан тўланган нафақа миқдорида камайтирилади.


7. Нафақа "Ягона реестр" AT томонидан фуқароларнинг мурожаатларисиз "проактив шакл"да Жамғарма маблағлари ҳисобидан тайинланади ва тўланади.


8. Нафақа ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича тайинланади ва тўланади.



2-БОБ. НАФАҚАНИ ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


9. Белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади.


10. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ундаги маълумотлар ҳудудий амбулатор-поликлиниканинг ёки туғруқхона муассасасининг масъул ходими томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Тиббиёт" ахборот тизимига (кейинги ўринларда - "Тиббиёт" AT) киритилади.

Бунда "Тиббиёт" АТга меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг серияси, рақами, санаси ҳамда нафақа олувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (кейинги ўринларда - ЖШШИР), телефон рақами ва меҳнатга лаёқатсизлик даври киритилади.


11. "Тиббиёт" АТ томонидан ушбу Низомнинг 10-бандидаги маълумотлар "Электрон хукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинган маълумотлар асосида автоматик тарзда текширилади.


12. "Тиббиёт" АТ томонидан текширилган маълумотлар автоматик равишда "Ягона реестр" АТга юборилади.


13. "Ягона реестр" АТ томонидан нафақа олувчининг охирги олти ой давомида:

услуксиз иш стажига эга эканлиги - "Ягона миллий меҳнат тизими" идораларо дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда - "ЯММТ" ИДАК) орқали;

меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжудлиги - Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базаси (кейинги ўринларда - ДСҚ базаси) орқали;

бюджет ташкилотларида ишлаши ёки ишламаслиги Молия вазирлигининг "UzASBO" дастурий мажмуаси (кейинги ўринларда - "UzASBO" ДМ) орқали автоматик равишда текширилади.


14. Нафақа олувчининг охирги 6 ой давомидаги узлуксиз иш стажини ҳисоблашда, "ЯММТ" ИДАКдаги бюджет ташкилотларидан ташқари юридик шахсларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кунга қадар 6 ой узлуксиз иш стажи инобатга олинади.

Бунда ушбу даврда ўттиз бир кундан кўп бўлмаган танаффуслар бўлганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кундан олдинги ўн икки ой давомидаги кетма-кет даврлар иш стажини ҳисоблашда қўлланилади. Агар охирги 6 ой давомидаги узлуксиз иш стажи даврида ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжуд бўлмаса, ушбу давр иш стажини ҳисоблашда инобатга олинмайди.

Болани парваришлаш учун таътилда бўлган аёлнинг иш стажини ДСҚ базаси орқали текширишда унинг таътилга чиқишидан олдинги даври ҳисобга олинади.


15. Нафақа ходим йиллик (асосий ва қўшимча) меҳнат таътилида, болани парваришлаш учун таътилда, ишни вақтинча тўхтатиш ёки ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, таълим ташкилотларида таҳсил олиши муносабати билан берилган таътилда бўлганда ҳамда иш жойи сақланадиган бошқа ҳолларда ҳам тўлаб берилади.


16. Нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи давридаги меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжуд бўлса ва "ЯММТ" ИДАКда иш стажи тўғрисидаги маълумот бўлмаган тақдирда, бу ҳақда "Ягона реестр" АТ томонидан икки иш куни ичида нафақа олувчининг "Тиббиёт" АТда қайд этилган мобил телефон рақамига СМС-хабар, шунингдек, иш берувчининг ДСҚ базасидаги ва "ЯММТ" ИДАКдаги шахсий кабинетларига хабарнома юборилади.

Нафақа олувчининг иш стажи номутаносиблиги (нотўғри киритилганлиги ёки киритилмаганлиги) хабарнома олинган ойдан кейинги ойнинг охирги иш кунига қадар "ЯММТ" ИДАКда иш берувчи томонидан тўғриланиши лозим.


17. Хабарнома юборилган нафақа олувчиларнинг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг охирги иш кунида қайта текширилади.

Номутаносиблик тўғриланмаган ҳолларда, нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор "Ягона реестр" АТ томонидан автоматик тарзда шакллантирилади.


18. "Ягона реестр" АТ томонидан нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари ва унинг юридик шахсларда ишлаши тасдиқланганда, нафақани тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади.


19. "Ягона реестр" АТ томонидан:

нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, нафақанинг тўлов шакли ва муддати бўйича;

нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, рад этиш сабаблари бўйича нафақа олувчининг "Тиббиёт" АТда қайд этилган мобил телефон рақамига СМС-хабар, шунингдек, иш берувчининг ДСҚ базасидаги ва "ЯММТ" ИДАКдаги шахсий кабинетларига автоматик тарзда хабарнома юборилади.



3-БОБ. НАФАҚАНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


20. "Ягона реестр" АТ томонидан ҳар ойнинг 4-санасига қадар нафақа бўйича тўлов рўйхат (ведомост)лари AT "Халқ банки"га тақдим этилади ҳамда Жамғарманинг ғазна ҳисобварағидан зарур маблағлар белгиланган тартибда AT "Халқ банки"га ўтказиб берилади.

Ушбу бандда кўрсатилган муддатнинг охирги куни байрам ва дам олиш кунларига тўғри келганда, тўлов рўйхат (ведомост)лари ва зарур маблағлар кейинги 2 иш куни мобайнида AT "Халқ банки"нинг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этилиши ва молиялаштирилиши мумкин.


21. Нафақани тўлаш учун AT "Халқ банки" ва унинг бўлимларида алоҳида махсус банк ҳисобварақлари очилади.


22. "Ягона реестр" АТ томонидан тўлов рўйхат (ведомост)лари банк пластик картаси бўйича шакллантирилади. Бунда тегишли банклараро репроцессинг марказларидан нафақа олувчининг номига очилган, актив ҳолатда бўлган, охирги 60 кун давомида охирги транзакция амалга оширилган банк пластик картаси танлаб олинади.

Нафақа олувчининг банк пластик картаси бўлмаганда, тўлов нақд пул кўринишида амалга оширилади.


23. AT "Халқ банки" ва унинг бўлимлари томонидан нафақа:

нафақа олувчиларнинг банк пластик картасига тўлов амалга ошириладиган ойнинг 10-санасига қадар ўтказилади;

нақд пул кўринишида тўлов амалга ошириладиган ойнинг 27-санасига қадар берилади.


24. AT "Халқ банки" ва унинг бўлимлари томонидан нафақани нақд пул кўринишида нафақа олувчининг мурожаатига асосан, бироқ нафақа тайинланганлиги тўғрисида СМС-хабар юборилган кундан бошлаб тўқсон кун давомида белгиланган тартибда тўланади.


25. Жорий ой мобайнида нафақа олувчилар томонидан талаб қилинмаган маблағларни AT "Халқ банки" махсус ҳисобварақлардан келгусида тўлаш учун Жамғарманинг ғазна ҳисобварағига қайтариши керак.


26. AT "Халқ банки" ва унинг бўлимлари ҳар ойнинг охирги иш кунига қадар ушбу ой учун ва йил бошидан амалга оширилган тўловлар ҳамда тўланмаган маблағлар ҳақидаги маълумотларни "Ягона реестр" АТга такдим этади.


27. Нафақа тўловлари бўйича AT "Халқ банки" кўрсатадиган хизматлар учун қонунчилик хужжатларида белгиланган миқдорда Молия вазирлиги билан AT "Халқ банки" ўртасида тузиладиган шартномага асосан ҳақ тўланади.



4-БОБ. НАФАҚА ТАЙИНЛАНГАНЛИГИНИ

МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ


28. Нафақа тайинланганлигини мониторинг қилиш тегишли ҳудудий молия органлари томонидан амалга оширилади.


29. "Ягона реестр" АТ томонидан нафақа тайинлангандан кейин тўқсон кунда "ФҲДЁ ягона электрон архиви" ахборот тизими орқали автоматик равишда бола туғилганлиги, шу жумладан, ўлик туғилганлиги ёки туғилган болани фарзандликка олиш тўғрисидаги маълумотлар текширилади.

Текпшриш натижасида бола туғилганлиги, шу жумладан, ўлик туғилганлиги ёки туғилган болани фарзандликка олиш қайд этилмаган ҳолатлар бўйича нафақа олувчиларнинг рўйхати худудлар кесимида шакллантирилади.


30. Шакллантирилган рўйхат Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бош бошқармалари масъул ходимлари ва (ёки) туман (шаҳар) молия бўлимлари ходимлари томонидан ҳар ой якунига қадар ФҲДЁ органлари ва (ёки) тиббиёт муассасасига борган ҳолда танлов асосида ўрганилади.

Ўрганиш натижалари бўйича ФҲДЁ органлари ва (ёки) тиббиёт муассасасининг масъул ходимлари иштирокида далолатнома расмийлаштирилади ҳамда "Ягона реестр" АТда қайд этилади.


31. Нафақа ходимга ноқонуний тўланганлиги аниқланган тақдирда, хатоликка йўл қўйган ташкилотнинг бўйсунув тартибида юқори турувчи ташкилотига масъул ходимларнинг хатти-ҳаракатига баҳо бериш учун ёзма хабар берилади ҳамда туман (шаҳар) молия бўлимларининг масъул ходимлари томонидан нотўғри тўланган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1030-моддасига мувофиқ қайтариш чоралари кўрилади.

Нафақа олувчининг виждонсизлиги ёки ҳисоб-китоблардаги хатоликлар туфайли нотўғри тўланган нафақа нафақа олувчи томонидан Жамғармага бир ой ичида қайтарилиши лозим. Бунда ихтиёрий равишда Жамғармага қайтарилмаган ёки тўлиқ қайтарилмаган маблағ суд тартибида ундирилади.

Ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган асослардан бошқа сабаблар билан нотўғри тўланган нафақа хатоликка йўл қўйган ташкилот ходимидан белгиланган тартибда ундирилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларидан нафақа олувчи тўғрисида электрон шаклда автоматлаштирилган тарзда олинган маълумотлар "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳимояланади.

Тегишли давлат органлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида нафақа олувчи тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


33. Нафақа бола тирик ёки ўлик туғилиши, туғилган болани фарзандликка олиш ёхуд ҳомила тушишидан қатъи назар тўлаб берилади.


34. "Ягона реестр" АТда ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида техник носозликлар ҳамда маълумотлар алмашинуви жараёнида узилишлар юзага келганда, ушбу ҳолатлар тўлиқ бартараф этилгунга қадар меҳнатга лаёқатсизлик варақасидаги электрон маълумотларни киритиш, нафақани тайинлаш ва тўлаш муддатлари узайтирилиши мумкин.


35. Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат инспекцияси томонидан назорат қилинади.


36. Қуйидагилар:

меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг санаси, серияси ва рақами, фуқаронинг телефон рақами ва меҳнатга лаёқатсизлик даври тўғрисидаги маълумотларнинг белгиланган тартибда, тўлиқ, тўғри ва ўз вақтида киритилиши учун - ҳудудий амбулатор-поликлиникалар ёки туғруқхона муассасасининг маълумотларни киритувчи масъул ходими;

нафақа тайинланиши лозим бўлган аёлнинг "ЯММТ" ИДАКда меҳнат шартномаси ва бандлиги ҳақидаги маълумотларнинг киритилиши ҳамда иш стажи бўйича номутаносибликларнинг ўз вақтида тўғриланиши учун - иш берувчи;

AT "Халқ банки"нинг махсус ҳисобварақларига зарур маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши учун - Молия вазирлиги масъул ходими;

махсус ҳисобварақлардаги маблағлар ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун - туман (шаҳар) AT "Халқ банки" бўлими раҳбарлари масъул этиб белгиланади.


37. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.




Низомга

ИЛОВА

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини

тайинлаш ҳамда тўлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари


































1-босқич


Ҳудудий амбулатор- поликлиника, туғруқхона муассасаси масъул ходими


Ҳомиладор ходимнинг меҳнатга лаёқатсизлик варақасидаги электрон маълумотларни "Тиббиёт" ахборот тизимига киритади.


Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилган кундан бошлаб беш иш куни ичида


































2-босқич


"Тиббиёт"

ахборот тизими


1. Киритилган маълумотларни "Электрон хукумат" тизими орқали текширади.


2. Текширилган маълумотларни "Ягона реестр" АТга йўналтиради.


Автоматик тарзда


































3-босқич


"Ягона реестр" ахборот тизими


1. Нафақа олувчининг охирги 6 ой давомида услуксиз иш стажи, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари, бюджет ташкилотларида ишлаши ёки ишламаслигини текширади.


2. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарорни автоматик тарзда шакллантиради.


3. Тўлов рўйхатларини шакллантиради.


4. Нафақанинг тўлов шакли ва муддати бўйича нафақа олувчига СМС-хабар юборади.


5. Тўлов рўйхатларини AT "Халқ банки"га тақдим этади.


Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тизимга киритилган ойдан кейинги ойнинг 4-санасига қадар








































4-босқич


Молия вазирлиги


Нафақа тўлаш учун маблағларни AT "Халқ банки"га ўтказиб беради.


Тўлов амалга ошириладиган ойнинг 4-санасига қадар


































5-босқич


AT "Халқ банки"


Нафақа олувчиларнинг банк пластик карталарига тўловни амалга оширади.


Тўлов амалга ошириладиган ойнинг 10-санасига қадар


























Нафақа олувчининг банк пластик картаси бўлмаганда, нафақани нақц пул кўринишида тўлайди.


Тўлов амалга ошириладиган ойнинг 27-санасига




























Амалга оширилган тўловлар ҳамда тўланмаган маблағлар ҳақидаги электрон маълумотларни "Ягона реестр" АТга тақдим этади.


Тўлов амалга ошириладиган ойнинг охирига қадар











Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 20 сентябрь