Меҳнат вазирлигида қандай қилиб муддатидан олдин таътилга чиқариш мумкинлиги ҳақида тушунтириш бердилар

preview

Карантин жорий этилгани боис иш берувчиларда кўплаб мураккаб саволлар юзага келмоқда. Ходимларни режалаштирилмаган таътилга чиқариш билан боғлиқ саволлар ҳам улар сирасига киради. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бошқармаси бошлиғи Александр НАВОТНИЙ махсус Buxgalter.uz учун  бу саволларга жавоб берди:

– Ходим 6 ойдан кам ишлаган. ВМнинг 23.03.2020 йилдаги 176-сон қарори 2-бандига мувофиқ карантинни ҳисобга олган ҳолда уни меҳнат таътилига чиқаришимиз мумкинми?

– Вазирлар Маҳкамасининг 23.03.2020 йилдаги 176-сон қарори 2-б. 9-хатбошисига мувофиқ барча ташкилотларга ходимларни меҳнат таътилига чиқариш ҳақида кўрсатма берилган. Қолганлари учун эса – меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш. Бунда Меҳнат кодексида меҳнатга оид минимал ҳуқуқ ва кафолатлар белгиланган, қўшимчалари эса локал норматив ҳужжатлар ва меҳнат шартномаларида назарда тутилиши мумкин .

Шу сабабли корхонанинг локал ҳужжати ёки ходимларнинг меҳнат шартномаларида коронавирус сабабли карантин даврида 6 ойдан кам ишлаганларга ҳам ҳақ тўланадиган таътил беришнинг махсус «имтиёзли» тартибини қайд этиш мумкин.

Иш берувчи мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқувчиларининг ота-оналари бўлган ходимларига йиллик таътилдан фойдаланиш графигидан қатъи назар (шу жумладан, 6 ойдан кам ишлаганларга) йиллик таътил тақдим этиши шарт. Бу Президентнинг 19.03.2020 йилдаги ПФ-5969-сон Фармони 18-б. ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 28.03.2020 йилда 3227-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғида назарда тутилган .

Таътил ходимларнинг розилиги билан расмийлаштирилади. Бунда ундан тўлиқ фойдаланиш шарт эмас. Белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда таътилнинг бир қисмини бериш мумкин  .

– Фирмамиз ходимларининг бир қисми меҳнат таътилига чиқарилаяпти, бироқ айрим ходимлар ишлаётганига энди 6 ой бўлди. МКга мувофиқ улар ўз хоҳишларига кўра таътил олишлари мумкин. Келгусида муддатидан олдин ишдан бўшатилган тақдирда қайта ҳисоб-китоб қилмаслик учун уларни 7 кунлик таътилга чиқариш мумкинми?

– МК 146-моддасига мувофиқ ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлиш мумкин, унинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим. Бу ходим учун белгиланган кафолатнинг минимал даражаси, уни камайтиришга йўл қўйилмайди. Яъни ходим жорий иш йилида таътилнинг 12 иш кунидан албатта фойдаланиши керак. Қолган кунлари унинг танловига кўра иш йилининг охиригача берилади ёки кейингисига кўчирилади .

Савол маъносидан келиб чиқилса, 15 иш куни давом этадиган таътил ҳақида сўз бораяпти. Ҳозир таътилнинг 7 иш кунини берсангиз, қолган қисми атиги 8 иш кунини ташкил этади, бу МК 146-моддасига зид.

Сизнинг вазиятингизда таътилни бўлишнинг энг мақбул вариантларидан бири: 12 + 3. Ходим унинг учун таътил олиб бўлган иш йили тугагунча ишдан бўшаса, МК 141-моддаси қоидаларига мувофиқ таътил пулини ишланган вақтга мутаносиб равишда қайта ҳисоблаб чиқаришга тўғри келади.

– Кўчиришни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Буйруқ чиқариш керакми? Ё ходимнинг аризаси талаб этиладими? Биздаги таътиллар жадвалида «кўчириш» устуни йўқ.

– МК 144-м. 5-қисмига  мувофиқ таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти тарафларнинг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин. Таътилни кўчириш учун буйруқ расмийлаштирилади. Ходим у билан танишиб чиқиши ва имзо қўйган ҳолда розилик билдириши керак.

Компания масофадан туриб ишлаш режимига ўтган бўлса, истисно тариқасида электрон шаклдаги буйруқни расмийлаштириб, уни электрон почта орқали ходимга юбориш мумкин. Ходим буйруқни ўқиб чиққани ва унга розилик билдиргани далилини тасдиқлаш учун электрон рақамли имзосидан фойдаланиши мумкин. Ходимнинг ЭРИси бўлмаса, шахсий электрон почтасидан хат жўнатиши мумкин. Унда таътилга чиқишга розилик билдириши керак. Ходимга почта орқали хабарнома билан буюртма хат ҳам йўллаш мумкин.

Таътиллар жадвалида кўчиришларни қайд этишга келсак, амалдаги қонун ҳужжатларида ушбу локал ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш тартиби белгиланмаган. Шу сабабли таътил кўчирилишини жадвалда акс эттиришнинг имкони бўлмаса, ташвишга тушманг. Ушбу ахборот тегишли буйруқда қайд этилади, таътилдан ҳақиқатда фойдаланилган вақт эса Т-2 шаклидаги шахсий варақада кўрсатилади .