Агар ота-онаси талаб қилса, вояга етмаган билан меҳнат шартномасини бекор қилиш зарурми

preview

Веб-дизайнер бўлган 17 ёшли ходиманинг ота-онаси  унинг ишга жойлаштирилишига  розилик бермаганлиги боис, қизларини ишдан бўшатишни талаб қилиб директорга мурожаат қилишди. Компьютер олдида мунтазам ишлаш унинг кўриш қобилиятини ёмонлаштиради ва ўқишига салбий таъсир кўрсатади. Иш берувчи бу ҳолда унинг истагига қарамай ходимни ишдан бўшатиши шартми? Агар шарт бўлса, қандай асосга биноан?

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни “Норма” эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:


- Ҳақиқатан, ота-оналар ва васийлар (ҳомийлар), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш устидан назорат қилувчи органлар ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, агар 18 ёшга тўлмаган шахслар бажараётган ишни давом эттириш уларнинг соғлиғига зиён қиладиган ёки уларга бошқача тарзда зарар етказадиган бўлса, бундай шахслар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақлидирлар .

Ишдан бўшатиш бу ҳолда тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича амалга оширилади. Айнан - МКнинг 106-моддаси 6-банди бўйича қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда. Ахир МКнинг 106-моддаси 1-5-бандларида келтирилган асослардан ташқари, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бошқа ҳолатлар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин, агар улар:

  • бевосита қонун билан назарда тутилган бўлса;
  • меҳнат шартномаси тарафларининг (иш берувчи ва ходим) ихтиёрига боғлиқ бўлмаса.

МКнинг 106-моддаси 6-банди бўйича ишдан бўшатишга қонун фақат МКнинг 106-моддаси 1-5-бандларида келтирилмаган бошқа ҳолатлар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишга рухсат берганда йўл қўйилади. Бундай ҳолатлар жумласига, хусусан, вояга етмаганни ота-оналар, васийлар (ҳомийлар) ва бунга ваколатли органларнинг талаби бўйича ишдан бўшатиш киради.

Вояга етмаганни ишга жойлаштиришга ота-онадан бирининг ёзма розилиги фақат 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахсни ишга қабул қилишда талаб қилинади. 16 ёшдан бошлаб вояга етмаган ишга бундай ҳужжатни тақдим этмаган ҳолда жойлашиши мумкин.

Эътибор беринг!
Умумий қоидаларга кўра, ишга 16 ёшдан қўйилади. 15 ёшга тўлгач умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун қабул қилиш мумкин. Бунинг учун ота-онасидан бирининг (ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг) ёзма розилиги талаб қилинади .

Иш вақтининг муддати 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатни, 15 дан 16 ёшгача бўлган ходимлар учун эса ҳафтасига - 24 соатни ташкил этади .

Ўқишдан бўш вақтларида ишлаётган ўқувчиларнинг ўқув йили давомидаги иш вақти муддати юқорида кўрсатилган иш вақти энг кўп муддатининг ярмидан ортиб кетиши мумкин эмас .


Ким вояга етмаган билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли?

1. Ота-она. Ота-она - ўз болаларининг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ҳамда ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар билан бўлган муносабатларда, шу жумладан судда алоҳида ваколатсиз уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладилар .

2. Васийлар ва ҳомийлар. Васийлик ва ҳомийлик етим болаларга ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий, шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади  . Васийлик 14 ёшга тўлмаган болалар ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, ҳомийлик эса - 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ва суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга белгиланади.

3. Меҳнатни муҳофаза қилишни назорат қилиш органлари :

  • шунга махсус вакил қилинган давлат органлари ва уларнинг инспекциялари;
  • касаба уюшмалари.

4. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия. Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар тўғрисидаги низомнинг 15-бандига асосан туман (шаҳар) комиссиялари, агар ишларни давом эттириш вояга етмаганларнинг соғлиғига хавф соладиган ёки улар учун бошқача зиён келтирадиган бўлса, вояга етмаганлар ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақлидир.


Қонунчилик эмансипацияни ҳисобга олади

Вояга етмаганни эмансипация қилиш  - унинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши, шунингдек 18 ёшга   тўлганда никоҳга кириши ҳолларида - у мустақил равишда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишга ҳақли.

Жумладан, 16 ёшга тўлган вояга етмаган, агар у меҳнат шартномаси бўйича ёки ота-онаси, фарзандликка олувчи ёки ҳомийнинг розилиги билан ишласа, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланса, тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши мумкин. Эмансипация васийлик ва ҳомийлик органи қарори билан ота-она, фарзандликка олувчи ёки ҳомийнинг розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса - суд қарори билан белгиланади.

Тегишинча, вояга етмаган эмансипация белгиланганда ёки у никоҳга кирганда, МКнинг 247-моддасида кўрсатилган шахслар ва органлар у билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли эмас.


Меҳнат шартномасини МКнинг 106-моддаси 6-банди бўйича бекор қилиш

Мазкур асос бўйича (бошқа асослар каби) меҳнат шартномасини ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга шахс бекор қилади. Бунинг учун тегишли буйруқ расмийлаштирилади . МКнинг 106-моддаси 6-банди бўйича ишдан бўшатишда қуйидагилар шарт эмас:

  • ходимга ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш, иш қидириш даврида унинг ўртача иш ҳақини сақлаш ;
  • касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш ;
  • олдиндан ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш.

Шунингдек, маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олиш шарт эмас, у иш берувчининг ташаббуси бўйича вояга етмаганларни ишдан бўшатишда талаб этилади .

Мазкур асос бўйича ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёллар, шунингдек таътилда бўлган ходимлар ва уларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.

Буйруқнинг мазмунида ким (ота-она, васий ва ҳ.к.) ходимни ишдан бўшатишни талаб этганлигини кўрсатинг ва МКнинг 106-моддаси 6-бандига ҳавола беринг. Меҳнат шартномасини бекор қилиш кунида:

1) ишдан бўшатишни ЯММТда рўйхатдан ўтказинг;

2) ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ва буйруқ нусхасини беринг;

3) ходимга у томондан низолашилмаган иш ҳақи суммаси ва барча фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун пул компенсациясини тўланг (агар ишдан бўшатиш кунида бундайлар бўлса).


Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида талабнома шакли

МК ота-она ва васийларга (ҳомийларга) бундай талабни ёзма шаклда баён этиш мажбуриятини юкламайди. Бироқ, кейинчалик низоларни олдини олиш учун, улардан ёзма ҳужжат олишни тавсия қиламиз.

Меҳнатни муҳофаза қилишни назорат қилиш органлари иш берувчига кўрсатма тарзида талабнома тақдим этадилар, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар эса - қабул қилинган қарордан кўчирма тарзида.

Buxgalter.uz тавсия қилади
Тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлар бўйича ишдан бўшатиш тартиби  тўғрисида бу ерда танишиш мумкин.

 

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /uz/publish/doc/text175471_agar_ota-onasi_talab_qilsa_voyaga_etmagan_bilan_mehnat_shartnomasini_bekor_qilish_zarurmi1