Меҳнат шартларини ўзгартириш лозим бўлган ҳолатлар

preview

Айрим ҳолатларда ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли бўлади, иш берувчи эса ушбу талабни бажариши лозим. Айнан қандай ҳолатларда буни амалга ошириш кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан «Норма» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА сўзлаб берди:


– Умумий қоидага кўра, меҳнат шартлари ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ўзгартирилади. Узрли сабаблар мавжуд бўлганда ҳамда корхонада бунга имконият бор-йўқлигини инобатга олган ҳолда ходимнинг илтимосини қаноатлантиришингиз мумкин.

Бироқ қуйидаги ҳолатларда сиз ходимнинг бундай талабларини албатта бажаришингиз шарт:

  • ҳомиладор аёл, 14 ёшга тўлмаган боласи (16 ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёл, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёл ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахслар томонидан тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилаш сўралганда .

Мазкур ҳолатда, ҳатто ишга қабул қилишда тўлиқ иш вақти белгиланганига қарамай, ходимнинг илтимосини қаноатлантиринг;

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги белгиланган ходимга (мазкур ишларни бажариш тақиқланмаган бўлса). Ходим меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланишини талаб қилишга ҳақлидир .

Бундай ходимга 30 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади ;

  • ходим олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган бўлса. У диплом лойиҳасини (ишини) бажариш ёки битирув имтиҳонлари топширишдан олдинги 10 ўқув ойи давомида машғулотларга тайёргарлик кўриш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда иш вақти қисқартирилишини сўрашга ҳақлидир .

Бундай ходимлар 6 кунлик иш ҳафтаси бўлганда ҳафтада бир кун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этиладилар, иш ҳафтаси 5 кунлик бўлганда ишдан озод этиладиган кунлар миқдори иш сменасининг муддатига қараб ўзгаради, ишдан озод этиладиган соатлар миқдори эса сақланиб қолади;

  • ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли бўлган ҳолатлар жамоа битимида, жамоа шартномасида ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида  ёхуд меҳнат шартномасида  қайд этилган бўлса . Масалан, жамоа шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан ходим ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантирилиш даврида унинг илтимосига кўра ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланган ҳолда тўлиқ бўлмаган иш вақтини белгилаш бўйича иш берувчининг мажбурияти қайд этилади.

Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси берилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши лозим . Ходим ўз аризасида меҳнат шартларни ўзгартириш сабабларини кўрсатганлигини албатта текширинг ҳамда зарурат бўлганда, қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишини талаб қилинг:

– тиббий хулоса – ҳомиладор аёллар учун;

– ТМЭК тавсияномаси – ногиронлик белгиланганда;

– даволаш-профилактика муассасасининг тиббий маълумотномаси – оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилишда;

– боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси – 14 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар учун ва ҳ.к.

Меҳнат шартлари ўзгартирилганда буйруқ чиқаринг. Меҳнат шартномасида қайд этилган меҳнат шартларини ўзгартириш тўғрисида буйруқ чиқариш учун меҳнат шартномасига тузиладиган қўшимча битим асос бўлади.

Янги меҳнат шартлари амалга киритиладиган санани кўрсатинг. Ходимни буйруқ билан имзо чектириб таништиринг.

Ходимнинг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги талабларини рад этадиган бўлсангиз, унга рад этишнинг сабабини (масалан, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслигини) ёзма шаклда маълум қилишингиз керак .


Иш вақти Иш вақти Иш вақти /uz/publish/doc/text175484_qanday_holatlarda_ish_beruvchi_hodimning_talabiga_kura_mehnat_shartlarini_uzgartirishi_shart1