Бош бухгалтер ФҲШ бўйича ишлай оладими? Бу ҳолда у нима учун жавоб беради?

preview

Жисмоний шахс иккита кичик корхонада – ҳар бирида 0,5 ставкадан бош бухгалтер бўлиб ишлайди. Бунда фуқаролик-ҳуқуқий шартнома (ФҲШ) бўйича яна битта фирмага бош бухгалтер бўлиб ишга жойлашиши мумкинми? Аслида бош бухгалтер ФҲШ бўйича ишлай оладими?

Меҳнатга оид ҳуқуқ бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА ва юридик масалалар бўйича эксперт Альберт САФИН бош бухгалтер ишга жойлашишининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тушунтириш бердилар:

– Компания раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш учун ўз хоҳишига кўра қуйидаги ҳуқуққа эга :

  • ўз бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш;
  • шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер хизматидан фойдаланиш;
  • бухгалтерия ҳисобини юритишни ихтисослаштирилган ташкилотга (аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ва уставида тегишли хизматни кўрсатиш назарда тутилган бошқа ташкилотлар) шартнома асосида юклаш;
  • бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.

Бунда шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер компанияда бош бухгалтер бўлиб ишлаши эмас, айнан бухгалтерия ҳисоби соҳасида хизмат кўрсатишини ёдда тутиш лозим.


Фарқи нимада?

Бош бухгалтер – Классификатор  бўйича лавозим , у меҳнат шартномаси тузилишини тақозо этади.

Ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, башарти ушбу ҳуқуқ ва мажбуриятлар қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, шартнома асосида белгилашда эркиндирлар .

Шундай қилиб, бухгалтер билан ФҲШ тузиш мумкин, бироқ – ходим каби бош бухгалтер сифатида эмас, балки ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи сифатида.

Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш, буюртмачи эса унинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади . Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш қоидалари  алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади. 

Бунда меҳнат шартномаларини юзаки равишда фуқаролик-ҳуқуқий тусдагиларига алмаштириш керак эмас, сабаби бу ҳолда улар меҳнат муносабатларининг яширин шакли деб тан олиниб, буюртмачи-иш берувчи учун ҳар хил салбий оқибатларни (маъмурий жарима, қўшимча солиқ ҳисоблаш) келтириб чиқариши мумкин.


Бухгалтер билан ФҲШни қандай қилиб тўғри тузиш мумкин

ФҲШни расмийлаштираётганда шартнома предметини аниқ шакллантириш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг «ходим», «лавозим», «иш ҳақи», «ишга қабул қилиш», «синов муддати», «меҳнат шартномасини бекор қилиш», «иш режими» сингари ва бошқа атамаларини қўлламаслик лозим.

Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича, меҳнат шартномасидан фарқли равишда, муайян муддатларда индивидуал-аниқ вазифа (топшириқ, буюртма ва б.) бажарилади, якуний меҳнат натижаси эса унинг предмети бўлиб хизмат қилади. Масалан,  тайёрланган бухгалтерия ҳисоботи, иш ҳақи, хизмат сафари харажатлари, таътил пули ҳисоб-китоби ва ҳ.к.

Меҳнат шартномаси бўйича бухгалтер иш куни давомида ўз фаолият соҳасига оид ҳар қандай операцияларни бажарса, фуқаролик-ҳуқуқий тусдагиси бўйича – иш кунига боғланмай, фақат буюртмачи топширган индивидуал-аниқ ишни бажаради.

Меҳнат шартномасининг ФҲШдан асли фарқи шундаки, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар – Меҳнат кодекси билан, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалардан келиб чиқадиганлари эса Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

ФҲШ тузаётганда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • бухгалтер кўрсатадиган хизматлар рўйхати (шартномага илова шаклида ёки оддий рўйхат кўринишида расмийлаштириш мумкин. Масалан: «барча регистрлар бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш, ходимларнинг иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш, солиқлар ва йиғимларни ҳисоб-китоб қилиш, солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш»);
  • бажарилган хизматларни топшириш муддатлари (масалан, «ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган муддатларда амалга оширилади»);
  • ижрочига ҳақ тўланиши (ҳақ қатъий белгиланган ойлик сумма ёки ҳар битта тайёрланган ҳужжат бўйича нархлар кўринишида белгиланиши мумкин);
  • натижаларнинг бажарилган ишлар далолатномаси билан расмийлаштирилиши;
  • ижрочига зарур асбоб-ускуналар, материаллар тақдим этилиши ва ахборотнинг очиб берилиши;
  • буюртмачи ва ижрочининг жавобгарлиги (пеня ёки жарима шаклида).


Олий маълумотли бўлиш ва стажга эга бўлиш ҳақидаги талаб ФҲШ бўйича бухгалтерга нисбатан татбиқ этиладими?

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши керак бўлган корхоналар учун олий маълумот ва муайян иш стажи ҳақидаги талаб қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади  :

  • бош бухгалтер – штатдаги ходим;
  • шартнома асосида бухгалтерия ҳисобини юритувчи ихтисослаштирилган ташкилот ходими.

Сизга ФҲШ асосида бухгалтерия ҳисоби бўйича хизматларни кўрсатаётган жисмоний шахсга (ихтисослаштирилган ташкилот ходими эмас) ушбу талаблар татбиқ этилмайди.


ФҲШ бўйича хизматлар кўрсатаётган бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш керакми?

Йўқ, ФҲШ бўйича бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома туза олмайсиз. У фақат меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган, пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш функционал мажбуриятларига кирадиган компания ходими билан тузилади .

Бундай шартномаларни тузиш мумкин бўлган ходимлар тоифалари рўйхати жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра белгиланади. Жамоа шартномаси эса – корхонадаги иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва профессионал муносабатларни тартибга соладиган норматив ҳужжат . Яъни моддий жавобгарликнинг юклатилиши меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари билан тартибга солинади, шу сабабли фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномага нисбатан қўллаб бўлмайди.

Бироқ ФҲШ бўйича жалб қилинадиган бухгалтерга зарур асбоб-ускуналар бут сақланишини таъминлаш шарти билан вақтинча топширилиши мумкин. Бу ҳақдаги шарт шартноманинг ўзида қайд этилади.


ФҲШ бўйича бухгалтерга бошланғич ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқини бериш мумкинми?

Компания раҳбарининг ўзи ёки унинг томонидан белгиланадиган шахслар молиявий ва бошқа ҳисоботларни, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятларини, шунингдек пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва топшириш учун ҳужжатларни имзолаши мумкин . Директор имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга – корхонада раҳбарлик функцияларини, иккинчисига бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув функцияларини бажарадиган шахслар киради. ФҲШ бўйича бухгалтер компания ходими ҳисобланмаслиги ва меҳнат функциясини бажармаслиги, балки хизматлар кўрсатиши сабабли у бошланғич ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмас деб ўйлаймиз.

Бироқ қонун ҳужжатларида раҳбарнинг, мисол учун, ФҲШ бўйича  бухгалтерга корхона ЭРИсини бериб, солиқ ҳисоботини топшириш учун ишончнома  расмийлаштириши тақиқланмаган. Ёдингизда бўлсин: бу ҳолда тўғри ва ўз вақтида топширилган ҳисобот учун бутун жавобгарлик раҳбарнинг зиммасига юклатилади.

ЭРИ ёрдамида юридик шахс номидан кўп ишларни бажариш мумкин. Шу сабабли ишончнома расмийлаштираётганда бухгалтерга ЭРИ айнан нима учун берилаётганини кўрсатинг. Масалан: «ЭРИдан фақат солиқ органларига ҳисобот топшириш учун фойдаланилади».

ЭРИдан фойдаланиб қонунбузарликка йўл қўйилган бўлса, жавобгарлик ташкилот раҳбари зиммасига юклатилади

ЭРИдан ҳуқуққа зид (ишончномада белгиланган ваколатларга акс) равишда фойдаланиш натижасида ташкилотга зарар етказилган бўлса, бухгалтер бунинг учун ФҲШ доирасида ташкилот олдида жавобгар бўлади.


ФҲШ бўйича бухгалтердан жарима ундириш мумкинми?

Бухгалтерия ҳисобини юритмаганлик ёки уни қонунбузарликка йўл қўйган ҳолда юритганлик учун мансабдор шахс  маъмурий жавобгарликка тортилади  .

Бунинг устига, айрим қонунбузарликлар учун нафақат мансабдор шахсга, балки корхонанинг ўзига ҳам жарима солинади:

  • солиқ ҳисоботини ўз вақтида топширмаганлик ;
  • солиқ базасини яширганлик ;
  • ҚҚС қисмида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибини бузганлик .

ФҲШ бўйича бухгалтер корхонанинг мансабдор шахси  ҳисобланмаслиги сабабли у маъмурий  жавобгарликка тортилмайди. Барча оқибатлар учун раҳбар ёки корхонанинг ўзи жавоб беради.

Бироқ хизмат кўрсатиш шартномасини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик натижасида етказилган зарарларни қоплаш мажбуриятини ФҲШ бўйича бухгалтер зиммасига юклаш мумкин. Бу ҳолда зарарлар тўлиқ ҳажмда, бироқ шартнома бўйича хизматлар қийматининг 2 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда қопланади . Ихтисослаштирилган ташкилот (масалан, аудиторлик ташкилоти) компанияда бухгалтерия ҳисобини юритиш билан шуғулланадиган бўлса, у билан тузилган шартномада ундан ҳам ортиқ жавобгарликни белгилаш мумкин