ЯММТда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қандай рўйхатдан ўтказилади

preview

Эътибор беринг
Ҳозирги вақтда функция қайта ишланмоқда. ЯММТ тизими ишлаб чиқувчиларининг маълум қилишларича, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ЖШШИР бўйича рўйхатдан ўтказиш амалдаги меҳнат шартномаларини қайта расмийлаштиришни талаб этмайди. Барча ишлар тугагач, ЯММТ дирекцияси билан қўшма тушунтиришни эълон қиламиз.

ЯММТда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ЖШШИР бўйича рўйхатдан ўтказишнинг техник имконияти пайдо бўлди. Бунда иш берувчилар СТИР билан ишга қабул қилинган ходимларни расмий ишдан бўшатиш ва уларни ЖШШИР билан янгидан ишга қабул қилишларига тўғри келади. Амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқлиги нуқтаи назаридан бу қанчалик тўғри? Buxgalter.uz вазиятни таҳлил қилди:

 

“Аллақачон расмийлаштирилган чет эллик ходимларни бекор қилиш ва ЖШШИР бўйича қайтадан базага киритиш зарурми” - деган саволга - дирекция вакили тушунтириш берди: 

 


МКда бундай “ишдан бўшатиш” учун асослар мавжуд эмас

 

Валерия ЛЯНДРЕС, “Норма”нинг кадрлар масалалари бўйича эксперти:

- Меҳнат шартномаларини фақат Меҳнат кодексида назарда тутилган асослар бўйича бекор қилиш мумкин. ЖШШИР - меҳнат шартномасини тузиш учун зарур ҳужжат эмас.

 

Назаримда, чет элликларни рўйхатдан ўтказишда биргина-ягона функцияни - СТИРни ЖШШИРга ўзгартириш имкониятини киритиш етарли бўларди.

Меҳнат шартномаларини бекор қилиш заруратисиз - қайта расмийлаштириш муаммони ҳал қилишнинг бошқа усули бўлиши мумкин.

Тизимда ишдан бўшатиш ва қайтадан қабул қилиш - нотўғри тартиб-таомил, бунинг устига у буйруқлар чиқарилишини талаб қилади. Агар қайта расмийлаштиришсиз иложи бўлмаса, эҳтимол бошқа ифодани қўллаш лозим бўлади. Мисол учун “тизимдан олиб ташлаш (ишдан бўшатиш эмас) ва такроран расмийлаштириш”. Бунда қабул қилиш ва меҳнат шартномаларини тузиш саналарини илгаригидек қолдириш ЗАРУР.

 

Кўрсатилган кадрларга доир ҳаракатларни “қоғозда” ҳам амалга оширишга тўғри келади, бу - нотўғри ечим

 Ленара ХИКМАТОВА, “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти, юрист:

- Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ЯММТда қайта расмийлаштиришнинг кўрсатилган усули - вазиятдан чиқиш йўли эмас, деб ҳисоблайман. Агар ишлаб чиқувчилар ушбу ходимларни ЖШШИР бўйича қайта расмийлаштириш мақсадида тизимда “ишдан бўшатиш” ва “ишга янги қабул қилиш”ни расмийлаштиришни таклиф қилишса, демак, ушбу кадрларга доир ҳаракатларни “қоғозда” ҳам амалга ошириш зарур. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқлар чиқаришни ҳеч ким бекор қилмаган.

Қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари ҳақида ҳам унутмаган маъқул, уларнинг меҳнат фаолияти фақат ЯММТда қайд этиладиган 2020 йил 1 январдан кейин биринчи марта ишга кирганлар бундан мустасно. Иш берувчи амалдаги қонунчиликка асосан ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги ёзувларни қоғоз шаклидаги дафтарчаларга ҳам киритиши шарт.

Бундан ташқари, ишдан бўшатишда ходимнинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар билан танишганлиги тўғрисидаги барча имзоларини тўплаган ҳолда Шахсий варақани (Т-2-шакл бўйича) “ёпиш”, ишга қабул қилингандан кейин эса - яна уни “очиш” зарур. Яъни ишдан бўшатиш ва янги қабул қилиш тартиб-таомилларини барча қоидалар бўйича амалга оширишга тўғри келади. “Қоғоздаги тартиб-таомилларсиз” фақат ЯММТда ишдан бўшатиш ва янги қабул қилиш - нотўғри. Қоғоз ва электрон шаклдаги меҳнат дафтарчалари ёзувларидаги тафовутлар кейинчалик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Бунинг устига савол туғилади - иш берувчилар қандай асосга кўра  ушбу вазиятда шартномаларни бекор қилишади? Уларга биноан инсонни ишдан бўшатиш мумкин бўлган барча сабаблар Меҳнат кодексида санаб ўтилган ва уларнинг ҳеч бири “ЯММТда қайта расмийлаштириш муносабати билан ишдан бўшатиш”га тўғри келмайди.

Ҳа, ходимлар “ҳолатни тушунишлари” ва уларни кейин қайта ишга қабул қилишлари ва ЯММТда рўйхатдан ўтказишлари учун ўз хоҳишига биноан ишдан бўшатиш тўғрисида ариза ёзишлари мумкин, ахир бу уларнинг ҳам манфаатларига мос келади. Бироқ бу ерда қуйидаги ўзига хос жиҳатларни унутмаслик лозим. Ходим қайта расмийлаштиришдан кейин қуйидагиларни йўқотади:

1) мазкур корхонадаги узлуксиз стажни. Буни нимага олиб келади? Мисол учун, локал тартибда компанияда муайян узлуксиз стажга эга бўлган ходимлар учун қўшимча кафолатлар (қўшимча таътиллар, қўшимча ҳақ ва ҳ.к.) ўрнатилган бўлиши мумкин;

2) меҳнат шартномаси бекор қилингунга қадар бўлган давр учун йиллик меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини. Агар ходим ишдан бўшатилгунга қадар иш йили учун таътил олмаган бўлса, қабул қилингандан сўнг у фақат 6 ой ишлагандан кейин таътил олишга ҳақли (истисно - МКнинг 143-моддаси 3-бандига мувофиқ ходимлар тоифалари рўйхати). Бунинг устига таътил олишга улгурмаган ходимни ишдан бўшатишда, иш берувчи фойдаланилмаган таътил учун пул коменсациясини тўлаши керак.

Шу боис “ишдан бўшатиш-янги қабул қилиш” усулидан фойдаланмаган ҳолда  ходимларни ЖШШИР бўйича қайта расмийлаштириш имконини берадиган бундай функционални ЯММТга жорий қилиш энг яхши йўл бўлган бўларди.

 

Таҳририятдан:

Эслатиб ўтамиз, ЯММТда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммо СТИР бериш бекор қилиниб, ЖШШИР фуқароларнинг барча тоифалари учун ягона идентификаторга айлангандан кейин юзага келди. Бунда ЯММТ томонидан чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун мазкур функционал техник жиҳатдан амалга оширилмаган ва ходимларнинг ушбу тоифаси электрон меҳнат дафтарчалари расмийлаштирилмаган ҳолда ишга жойлаштирилган.

ЖШШИР олиш учун чет эл фуқароси (фуқаролиги бўлмаган шахс) вақтинча ҳисобга олиш ёки доимий яшаш жойидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш масалалари бўйича туман бўлимига мурожаат қилиши керак .

 Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади

 

ЯММТ ЯММТ ЯММТ /uz/publish/doc/text175548_yammtda_chet_el_fuqarolari_va_fuqaroligi_bulmagan_shahslar_qanday_ruyhatdan_utkaziladi1