Бир вақтнинг ўзида ҳайфсан эълон қилиш ва мукофотдан маҳрум қилиш мумкинми

preview

Интизомий жазо қўллашнинг ўзига хос жиҳатларини меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

- Айнан битта ножўя хатти-ҳаракат учун ходимни мукофотдан маҳрум қилиш ва ҳайфсан эълон қилиш мумкинми?

- Ҳаммаси меҳнат интизомини бузган ходимни мукофотдан маҳрум қилиш сифатидаги таъсир кўрсатиш чораси ташкилотнинг локал норматив ҳужжати – жамоа шартномаси, мукофотлаш тўғрисидаги низом ва ҳ.к.да назарда тутилганлигига боғлиқ. Бунинг устига, фақат мазкур локал ҳужжатда уни бутунлай тўламаслик ёки миқдорини камайтириш мумкин бўлган аниқ қоида ва шартлар ёзилган тақдирда мукофотни тўламаслик мумкин.

Сўндирилмаган интизомий жазо мавжуд бўлган тақдирда муайян давр учун мукофот тўланмаслиги локал тартибда белгиланган бўлса, ходимни – ҳайфсан, жарима ёки ишдан бўшатиш кўринишидаги жазога қўшимча равишда – мукофотдан маҳрум қилишга рухсат берилган. Бу меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланмайди, сабаби мукофотлаш шартларини компания мустақил равишда белгилайди.

МКнинг 153-моддасидан келиб чиқиб, меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади. Шу тариқа, қонун иш берувчига фақатгина меҳнат жамоаси фикрини инобатга олиш зарурати билан чекланган, ўзининг мукофотлаш тизимини барпо этиш бўйича деярли тўлиқ эркин ҳаракатларни тақдим этган.

Мукофотдан маҳрум қилиш имкониятини Ички меҳнат тартиби қоидаларида ҳам белгилаш мумкин. Масалан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган Намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида тегишли бандда (3.10-банд) бундай дейилади: “Ходимларга меҳнат интизомини бузганлик учун интизомий жавобгарликдан ташқари, локал ҳужжатлар билан бошқа таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилиши мумкин (мукофотдан, йиллик иш якунига кўра бериладиган қўшимча рағбатлантириш тўловларидан тўлиқ ёки қисман маҳрум қилиш).

Агар ходим меҳнат интизомини бузган бўлса, битта буйруқ билан ходимга интизомий жазо бериш ва уни мукофотдан маҳрум қилиш мумкин. Буйруқни эркин шаклда расмийлаштириш мумкин, қонун ҳужжатлари бундай ҳужжатнинг бирхиллаштирилган бланкасини ўз ичига олмаган. Намунага қаранг.

Бунда унутмангки, мукофотдан маҳрум қилиш – интизомий жазо тури эмас, балки ходимга мустақил таъсир кўрсатиш чорасидир.

Меҳнат интизомини бузганлик учун ходимга қўллаш мумкин бўлган интизомий жазонинг тўлиқ рўйхати МКнинг 181-моддасида келтирилган. Бу – ҳайфсан, жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш. Мукофотдан маҳрум қилиш эса – ходимларга “сўм” билан таъсир кўрсатишнинг қўшимча усули.

Эътибор беринг
ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорининг 31-бандига асосан ходимга нисбатан интизомий жазо чорасининг қўлланиши айбдорга нисбатан меҳнат қонунлари ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган интизомий жазо ҳисобланмайдиган таъсир чораларини (мукофотдан маҳрум этиш, йиллик иш якунига кўра бериладиган қўшимча рағбатлантириш тўловларидан маҳрум этиш ёки миқдорини камайтириш ва б.) қўллаш имкониятини истисно қилмайди.

Бироқ мукофотдан мукофотнинг фарқи бор! Бизга маълумки: мукофот тўлаш ёки ундан маҳрум қилиш, шунингдек унинг миқдорини камайтириш масаласи локал тартибда ҳал қилинади. Шу билан бирга бир ҳолатда меҳнат қонунчилиги интизомий жазо амал қилиб турган муддат мобайнида ходимни рағбатлантириш чораларига тўғридан-тўғри тақиқни ўз ичига олади. Бу меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган ишдаги муваффақиятлар учун “бир марталик” рағбатлантириш чораларига тааллуқли . Буни қандай тушуниш керак?

Гап шундаки, “мукофот” каби тушунчани иккиёқлама талқин қилиш мавжуд. Бир томондан, мукофот ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тизимининг бир қисми ҳисобланади, бошқа томондан – меҳнат учун рағбатлантириш. Мукофот тўлашни тўғри қўллаш ва расмийлаштириш учун ушбу тушунчаларни аниқ чегаралаш лозим.

Мукофот меҳнатга ҳақ тўлаш тизимининг бир қисми сифатида – бу локал норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган рағбатлантириш тусидаги пул тўловлари. Ва кўрсаткичларни бажараётган ва мукофотлаш шартларига риоя қилаётган ходим уни олиш ҳуқуқига эга.

Иш берувчи ходимларни меҳнатда эришган алоҳида ютуқлари (режани ошириб бажариш, рационализаторлик таклифлари) ёки корхонада узоқ муддатли ва бенуқсон иши учун бир марталик рағбатлантирадиган мукофотлар эса рағбатлантирувчи мукофотлар дейилади. Шунингдек, бир марталик рағбатлантиришлар жумласига ташаккурнома, қимматбаҳо совға, санаторийга йўлланма ва ҳ.к. каби унинг пулсиз шаклларини ҳам киритиш мумкин. Айнан шундай рағбатлантириш, агар сўндирилмаган интизомий жазоси мавжуд бўлса, ходимга тўғри келмайди.

- Интизомий жазо даври қанча давом этади?

- Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб 1 йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Агар ходим шу муддат ичида яна интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади . Сўндирилиш бир йил ўтгач автоматик тарзда рўй беради, шу боис бунинг учун алоҳида буйруқ чиқариш зарур эмас.

Шунингдек, иш берувчи интизомий жазони:

  • ўз ташаббуси билан;
  • ходимнинг илтимосига биноан;
  • меҳнат жамоаси ёки ходимнинг бевосита раҳбари илтимосномасига кўра муддатидан олдин олиб ташлаши мумкин .

Бу ҳолда буйруқ зарур.

Интизомий жазо вақтида ходим мукофотдан маҳрум қилинган ҳолатда, рағбатлантиришни тўлаш унинг амал қилиш муддати тугагач ёки жазони муддатидан олдин олиб ташлаш тўғрисида буйруқ чиқарилган пайтдан эътиборан тикланади.