СУД АМАЛИЁТИ: иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда маош тўлаш шартларини ўзгартирди

preview

Меҳнат шартномасига қўшимча келишув билан ходимнинг лавозим маошига қўшимча тўловлар белгиланди. Кейинчалик унинг лавозими қисқартирилди, у бошқа ишдан бош тортди. Иш берувчи ходим билан 2020 йил 25 майда меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида (ўз хоҳиши билан) буйруқ чиқарди . Бироқ пандемия туфайли юзага келган молиявий қийинчиликлар сабабли 2020 йил 1 июнда иш берувчи буйруқ билан ходимларга 2020 йил май учун қўшимча тўловларни бекор қилди. Ходим 2020 йил апрель-май ойлари учун қўшимча тўлов суммаларини иш берувчидан ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилди.

 

Даъвогарнинг позицияси

Иш берувчи ходимга меҳнат шартномасида назарда тутилган барча қўшимча тўловларни меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга (шу куннинг ўзи ҳам киради) қадар тўлашга мажбур.

 

Жавобгарнинг позицияси

Иш берувчида пандемия сабабли молиявий қийинчиликлар юзага келди, шу сабабли барча ходимларга май ойидаги қўшимча тўловлар бекор қилинди.

 

Суд ажрими

Биринчи инстанция суди ходимнинг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидақарор чиқарди.

Ишни апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқиш натижасида суд ходимнинг даъво талабларини қаноатлантириш, иш берувчидан ходим фойдасига 2020 йил апрель-май ойлари учун қўшимча тўлов суммаларини ундириш тўғрисида ажрим чиқарди.

 

Суд ажримини асослантириш

Ходимни штат бирлигининг келаётган қисқариши тўғрисида хабардор қилган кундан 2020 йил 25 майга қадар меҳнат шартномаси ва унга қўшимча келишувлар амал қилишини сақлаб қолган. Мос равишда, меҳнат шартномаси ва қўшимча келишувларда назарда тутилган қўшимча тўловлар ҳақидаги шартлар ҳам меҳнат шартномаси бекор қилинган кун – 2020 йил 25 майгача амал қилган.

МК нинг 67-м.га асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиришнинг 2 ойлик муддати давомида аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолинади.

2020 йил 1 июнда қабул қилинган қўшимча тўловларни тўхтатиш тўғрисида буйруқ ходим ва иш берувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга тадбиқ қилиниши мумкин эмас, сабаби улар ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин қабул қилинган.

 

Эксперт шарҳи

МК нинг 153-м. га асосан меҳнат ҳақи миқдори иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга асосан белгиланади.

Иш берувчи молиявий аҳволидан қатъи назар МК нинг 161-м. да белгиланган муддатларда ходимга бажарилган иш учун белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлашга мажбур .

Қўшимча тўловлар миқдорини белгиловчи меҳнат шартномаси ва унга қўшимча келишувлар ўзгармаганлиги ва ходим билан меҳнат шартномаси ҳақиқатда бекор қилингунга қадар амал қилганлиги сабабли, иш берувчи уларни меҳнат шартномасида белгиланган миқдорда ходимга тўлаб беришга мажбур.

 

Эксперт тавсиялари

Меҳнат шартномасини бекор қилишда, шу жумладан, ходимлар штат бирлигини қисқартириш муносабати билан, иш берувчи  молиявий аҳволидан қатъи назар меҳнат шартномаси ва маҳаллий ҳужжатларда назарда тутилган тўловларни тўлиқ миқдорда ҳисоблашга ва тўлаб беришга мажбур.

Меҳнат шартомасида назарда тутилган иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдори қўшимча келишувни расмийлаштириш йўли билан ўзгартирилиши мумкин.