Иш вақтидан ташқари мажлис ва йиғилишлар

preview

Корхона раҳбари оғзаки фармойиш билан ходимларни соат 18.00 дан сўнг, иш куни тугаганда мунтазам равишда мажлисда қолдиради. Мажлисларда ҳар бир ходимнинг кун давомидаги иши ўрганилгани боис улар анча узоқ давом этади. Бунда иш берувчи мажлис ва йиғилишлар иш эмас дея рўкач қилиб, ортиқча ишланган вақт учун ҳақ тўламайди. Ходимлар уйга кетиб қолмасликлари учун ишдан бўшатишгача интизомий жазо қўллашини айтиб пўписа қилади. Иш берувчининг хатти-ҳаракатлари тўғрими?  

Саволга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

– «Ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади . Ходимларнинг мажлис ва йиғилишларда қатнашиши – иш жараёнининг бир қисми бўлиб, улар давомида амалий масалалар ҳал қилинади. Шу сабабли бундай тадбирларни иш вақти доирасида ўтказиш лозим.

Иш вақти режими (кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти ва ҳ.к.) корхонада Ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ), иш графиги ёки бошқа локал ҳужжатлар билан ёхуд бевосита ходимнинг меҳнат шартномасида белгиланади . Шу сабабли, мисол учун, корхонада ИМТҚ билан иш вақти соат 9.00 дан 18.00 гача этиб белгиланган бўлса, йиғилишларни ана шу вақт оралиғида ўтказиш зарур. Бу ҳолда ходимларнинг соат 18.00 дан сўнг ишдан кетиши меҳнат интизомини бузиш деб ҳисобланмайди, тегишинча, ходимга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаб бўлмайди.  

Иш берувчи риоя этишга мажбур бўлган иш вақти нормаси ҳам мавжуд. Иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. 5 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати кўпи билан 8 соатни, 6 кунлик иш ҳафтасида эса 7 соатни ташкил этади . Корхонада иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий қилинган тақдирдагина МК 123-м. қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ушбу нормаларга риоя этмаслик мумкин.

Кўрсатилган муддатдан ортиқ иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Чунки у иш берувчининг ташаббуси билан иш куни муддатидан ташқари вақтда бажарилади .

Бундан ташқари, қонун билан айрим тоифадаги ходимлар учун меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланган . Шунингдек ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланадиган тўлиқсиз иш вақти белгилаб қўйилиши мумкин .

Тегишинча, юқорида кўрсатилган ходимларнинг кундалик иш вақти нормаси умумбелгиланган нормадан камроқ бўлади. Кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаганда иш вақтидан ташқари ишни бажарган деб ҳисобланадилар.

Мисол учун, ходимга иш берувчи билан келишувга биноан 4 соатлик тўлиқсиз иш куни белгиланган бўлса , унинг учун кундалик 4 соатдан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Шу тариқа, кўриб чиқилаётган вазиятда раҳбар ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш тартибини бузган.

 

Иш берувчи учун оқибатлар

Ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш қоидаларига риоя этмаганлиги учун иш берувчининг мансабдор шахсини МЖТКнинг 49-м. бўйича маъмурий жавобгарликка тортишлари мумкин.

 

Қандай тузатилади 

Иш берувчи йиғилишларни иш куни тугаганда ўтказишни истаса:

1. Аввал ҳар бир ходимнинг иш вақтидан ташқари ишлашга розилигини олинг .

МКда розилик беришнинг аниқ шакли белгиланмаган бўлса ҳам, буни ёзма равишда қайд этган маъқул. Ходим тегишли ариза ёзиши ёки буйруқда бу ҳақда шундай деб қайд этиши мумкин: «…2022 йил 22 февралда соат 18:00 дан 20:00 гача иш вақтидан ташқари ишлашга қарши эътироз билдирмайман»; «...2022 йил 22 ва 23 февралда иш сменаси тугагач 1 соат давомида – соат 17:00 дан 18:00 гача иш вақтидан ташқари ишлашга розиман» и ҳ.к. Ходимнинг розилигига асосланиб, иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг. Ходимни буйруқ билан тилхат олиб таништиринг.

Эътибор беринг
Ҳужжатларни тўғри расмийлаштирганда ҳам ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш имконини суиистеъмол қилмаслик керак. Бу масалада белгиланган чеклов ва тақиқлар мавжуд. Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — 1 кунда 2 соатдан) ва йилига 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим .
Мисол
Иш вақтидан ташқари вақтни ҳисоблаш

1-ходим кунлардан бирида 4 соат иш вақтидан ташқари ишлади. Келаси куни ушбу ходимни – ҳатто розилик берса ҳам, иш вақтидан ташқари ишга жалб этиб бўлмайди.

2-ходим биринчи куни 3 соат иш вақтидан ташқари ишлади. Келаси куни уни кўпи билан бир соатга (4 – 3 = 1) иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш мумкин.

Эътибор беринг

Қуйидаги шахсларни розилик билдирсалар ҳам, иш вақтидан ташқари ишга жалб этиб бўлмайди:

  • I ва II гуруҳ ногиронларини, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса ;
  • 18 ёшга тўлмаган шахсларни ;
  • иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлган ходимларни ;
  • меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларни бажарувчи ходимларни .

 

2. Иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ёхуд ходимнинг розилигига биноаниш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул бериб, бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши керак .

Мисол
Иш вақтидан ташқари иш учун отгул бериш

Ходим бир ой давомида иш вақтидан ташқари 16 соат ишлади. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтасида 8 соатлик иш куни белгиланган.

16 соат муддати бўйича 2 иш кунига (8 х 2 = 16) тенг келиши сабабли, ходимга унинг розилиги билан сурункасига ёки бошқа исталган келишилган даврда 2 кун отгул бериш мумкин.

Амалдаги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ходим айнан қандай – оғзаки ёки ёзма шаклда отгул сўраши кераклиги белгиланмаган. Келгусида низоли вазиятларнинг олдини олиш учун ходимлардан ёзма ариза олган маъқул.

Ходим айнан қачон отгул олиши мумкинлиги масаласи томонларнинг келишувига кўра ҳал қилинади».

Эътибор беринг

Иш берувчингиз иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш қоидаларига риоя этмасдан, иш вақтидан ташқари вақтда ходимларни мунтазам равишда мажлисда қолдирса, бевосита мулоқот мутахассисларига бу ҳақда хабар беринг:

  • Давлат меҳнат инспекциясининг қисқа рақами: 1176;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан бевосита мулоқот қилиш учун: 71 200-06-00;
  • сайт: dmi.mehnat.uz