Бола 2 ёшга тўлгунга қадар нафақа тўлаш тартиби

preview

 Ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимага бундай нафақа берилиши мумкинми? Бир нечта бола туғилган ёки ходима яна «декрет» таътилига кетмоқчи бўлган ҳолатларда нима қилиш керак? Нафақа олувчи бюджет ёки нобюджет соҳасида ишлашининг фарқи борми? Она тўлиқсиз иш вақти шароитида ишласа, нафақа бериладими ва ҳ.к.

Нафақа тўлови юзасидан долзарб саволларга «Норма» компанияси эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Болани парваришлаш таътилида бўлган ходима катта фарзанди 2 ёшга тўлмасдан яна «декрет»га кетмоқчи бўлса, нима қилиш керак?

– Бундай ҳолатда нафақа кичик бола 2 ёшга тўлгунга қадар бир баравар миқдорда тўланади .

Бунда, агар она бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши даврида иккинчи бола учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил олиш ҳуқуқини берувчи касаллик варақасини тақдим этса, онанинг танлови асосида нафақанинг фақат бир тури тўланади .


– Ўриндошликда ишлайдиган ходима бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тўлашни сўраб ариза тақдим этди. Бундай талаб қонунийми?

– Йўқ, ноқонуний.  Ушбу нафақа тури фақат асосий иш жойидан тўланади .

Солиштириш учун – ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда тўланади. Бинобарин, бу нафақа ҳам асосий иш жойидан, ҳам ўриндошликдаги иш жойидан тўланиши лозим. Бола 2 ёшга тўлгунга қадар парвариши бўйича нафақа қатъий белгиланган миқдорда тўланади. Ушбу нафақа иккала иш жойидан тўланиши мумкин эмас.

 

– Бюджет ва нобюджет соҳасида ишлайдиган оналарга нафақа тўлашда фарқлар мавжудми? Масалан, бола 2 ёшга тўлгунга қадар парвариши бўйича нафақа ҳозир қандай миқдорда тўланади? Ташкилот нобюджет соҳасида фаолият юритади, оила кам таъминланган оилалар тоифасига киритилмаган.

– Ҳа, фарқлар мавжуд. ПФ-6277-сон Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб нобюджет соҳасида ишлайдиган оналарга иш берувчилар томонидан МҲЭКМнинг 60%и миқдорида (материал эълон қилинган пайтда – 493 200 сўм) нафақа тўланади. Бюджет соҳасида ишлайдиган ходимларга БҲМнинг 200%и миқдорида тўланмоқда (материал эълон қилинган пайтда – 540 000 сўм .

Бюджет соҳасида ишлайдиган оналарга бола парвариши бўйича нафақа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тўланади .

 

– Бола 2 ёшга тўлгунга қадар парвариши бўйича нафақа оналардан ташқари яна кимларга берилади?

– Нафақани тўлаш тартиби Ишловчи оналарга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган.

Ишловчи ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган оналарга, шунингдек онанинг ўрнини босувчи шахсларга нафақа иш жойидан, таълим олиш, хизмат ўташ жойидан тўланади .

Нафақа, қоидага кўра, боланинг онасига тўланади. Бироқ, бола 2 ёшга тўлгунга қадар парвариши бўйича нафақа унинг отасига, фарзандликка, васийликка олган шахсларга ёки ҳақиқатда болани парваришлаётган бошқа қариндошларга тўланиши мумкин .

Бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади :

  • бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси;
  • бола парвариши бўйича таътил бериш ва нафақа тайинлаш тўғрисида ариза.

 

Боланинг онаси ўрнига нафақа олувчи шахслар томонидан қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади :

  • боланинг (болаларнинг) онаси вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома;
  • суд органлари томонидан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлик тўғрисида берилган маълумотнома;
  • бола парвариши бўйича нафақани боланинг (болаларнинг) онаси олиш имкони мавжуд эмаслигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

Нафақа тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор корхона раҳбари томонидан буйруқ ёки фармойиш шаклида қабул қилинади.

 

– Эгизаклар туғилганда қандай миқдорда нафақа тўланади?

– Бола парвариши бўйича нафақа болалар сонидан қатъий назар, ҳар ойда қатъий белгиланган миқдорда тўланади .

Масалан, ходима эгизак фарзандли бўлганда, иккала болани парваришлаш учун нафақа бир баравар миқдорда тўланади.

 

– Ходима ишга жойлашиши билан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқди. Сўнгра болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилини олди. Бундай ҳолатда ҳеч бўлмаганда болани парваришлаш нафақасини тўламаса бўладими?

– Бола парвариши бўйича нафақа уни олувчи шахснинг меҳнат стажидан қатъий назар ҳар ойда тўланади .

Нафақа уни олиш учун мурожаат қилинган ойдан бошлаб, аммо ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан сўнг тайинланади .

Масалан, ходимага 2022 йил 2 февралдан 5 июнга қадар ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган (5 июнь ҳам ҳисобга киритилган). Айтайлик, у 1 июнда болани 2 ёшгача парваришлаш таътили берилишини ва нафақа тўланишини сўраб ариза тақдим этган. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили 5 июнда тугайди, 6 июндан ишга чиқиши керак. Шу кундан бошлаб ходимага болани парваришлаш таътили берилади ва нафақа тайинланади.

 

– Нафақани тайинлаш санаси ойнинг ўртасига тўғри келиб қолди. Тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа қандай тўланади?

– Тўлиқ бўлмаган ой учун нафақа онанинг ёки она ўрнини босувчи шахснинг ушбу ойда таътилда бўлган календарь кунларига мос улушда тўланади .

 

Валерия ЛЯНДРЕС,

«Норма» эксперти

Ижтимоий таъминот Ижтимоий таъминот Ижтимоий таъминот /uz/publish/doc/text180335_bola_2_eshga_tulgunga_qadar_parvarishi_buyicha_beriladigan_nafaqa_kimga_va_qanday_tulanadi