Кадрлар бўйича мутахассис ишга кўмилиб кетганига директорни қандай ишонтириш мумкин

preview

«Биз штат сони бўйича 200га яқин ходимга эга бўлган хусусий компаниямиз. Бутун корхонага битта кадрлар бўйича мутахассис хизмат кўрсатади. Кадрлар қўнимсизлиги юқори, иш ҳажми жуда катта. Битта кадрлар бўйича мутахассис учун қандайдир юклама меъёрлари борми? У қанча штат сонига хизмат кўрсатиши керак? Директор штатни кўпайтиришдан ва яна битта кадрлар бўйича мутахассисни ишга олишдан бош тортмоқда».

 

- Афсуски, амалдаги қонунчиликда мутахассислар сони борасида кадрлар бўйича мутахассисларга нормативлар белгиланмаган. Иш берувчилар бу масалани мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эга.       

Албатта, бу ерда ташкилотнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда оқилона ёндашув зарур. Кадрлар бўйича мутахассиснинг юкламасини қуйидагилар сезиларли даражада оширади:

  • корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти;
  • тиббий кўриклар зарур бўлган зарарли меҳнат шароитлари бўлган иш жойлари;
  •  ходимларни мунтазам ўқитиш ва аттестациядан ўтказиш;
  • ҳарбий рўйхатга олиш;
  •  меҳнат ва статистика органларига ҳисоботларни тақдим этиш ва б.

Кадрлар бўйича мутахассис ишидаги жуда катта юклама унинг ишида хато ва камчиликлар хавфини келтириб чиқаради. Бу ўз навбатида меҳнат қонунчилигининг айрим талабларига, назорат қилувчи органларнинг шикоятларига ва маъмурий жарималарга риоя қилмасликка олиб келиши мумкин.   

Яна бир хавф «инсон омили»га боғлиқ: кадрлар бўйича мутахассис бошқа ходимлар сингари касал бўлиши, таътилга чиқиши, хизмат сафарига кетиши мумкин. Аммо шу муносабат билан кадрлар ишини ҳеч ким бекор қилмайди. Ушбу даврда кадрлар билан боғлиқ жараённи расмийлаштириш керак бўлиб қолиши мумкин – ходимни зудлик билан ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш ва ҳоказо. Бундай вазиятда кўпинча ходимлар бўйича мутахассис ўрнини босувчи ва  ҳамма ишни, жумладан ЯММТда тўғри расмийлаштира оладиган малакали ходимни топиш билан боғлиқ қийинчиликлар пайдо бўлади.

 

Нима қилмоқ керак

1. Агар сиз раҳбарга ортиқча юклама, вақт етишмаслиги, бошқа муаммолар ва унга тегишли хатарлар тўғрисида хабар берсангиз, буни ёзма равишда амалга оширинг. Мисол учун, ёзма ҳисоботда.

Корхонада касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи бўлса, уларга мурожаат қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Агар келажакда сизнинг профессионал номувофиқлигингиз ҳақида савол туғилгудек бўлса, қўлингизда ишни сизнинг айбингиз билан эмас, балки объектив сабабларга кўра эплай олмаётганингиз  ҳақида далил бўлади.

2. Кадрлар бўйича мутахассис сифатида ўзингизнинг ишингизни меъёрлашни бошланг. Бунинг учун ҳар бир жараёнга сарфланган вақтни тахминий ҳисоблаб чиқинг. Олинган натижалар кадрлар бўйича мутахассис қанча вазифаларни бажаришини ва бунга қанча вақт сарфлашини кўрсатади.

 

Юклама қандай ҳисобланади

Хронометражни амалга оширинг: камида бир ой давомида (юкламанинг табиий тебранишларини ҳисобга олиш учун яхшиси 2-3 ой) бир иш кунида қандай иш турларини бажаришингизни ва битта иш учун ўртача қанча вақт сарфлашингизни ҳисобланг.

Масалан, ишга қабул қилишда ходимни маҳаллий қоидалар билан таништириш учун 10 дақиқа, меҳнат шартномасини тузиш учун 15 дақиқа, ходимни my.mehnat.uzдаги ЯММТда рўйхатдан ўтказиш учун -10 дақиқа, Т-2 шахсий варақани тўлдириш – 20 дақиқа, ходимни меҳнат шартномаси, буйруқ ва бошқалар билан таништириш учун  2-10 дақиқа сарфланади.

Олинган натижаларни қўшинг, шунда битта ходимни ишга қабул қилиш жараёнига сарфланган умумий вақтга эга бўласиз. Кейин бундай жараёнларнинг бир ой учун тахминий сонини аниқланг ва уларни бажариш вақтига кўпайтиринг.

Мисол учун:

  • битта янги ходимни ишга қабул қилишни расмийлаштириш учун зарур бўлган умумий вақт – 120 дақиқа;
  • ойига бундай жараёнларнинг ўртача сони – 15та;
  • жами: 120 × 15 = 1 800 дақиқа (ёки 30 соат ёхуд 3,75 иш куни).

Шу тарзда  барча кадрлар билан боғлиқ жараёнларни (ишдан бўшатиш, ўтказишлар, касаллик варақасини расмийлаштириш, иш вақти табелини тўлдириш ва ҳ.к.) ҳисоблашингиз керак бўлади.

Бу кўп вақт талаб этадиган иш, аммо у бунга арзийди, чунки бу сизга аниқ – рақамлар тилида – иш берувчингизга иш жараёнингизни кўрсатишга ва бепарволик, паст касбий лаёқат ва ҳоказолар каби саволларни келтириб чиқармасликка имкон беради.

Меҳнат кодексининг 177-моддасига кўра иш берувчи сизнинг меҳнат шароитингизни яхшилаши, эҳтиёж ва талабларингизга эътиборли бўлиши керак. Хронометраж эса унга муаммонинг моҳиятини етказишда ёрдам беради.