Аввалги иш жойи бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш ЯММТда рўйхатдан ўтказилмаган бўлса

preview

«Янги ходимни (асосий иш жойига) штатга ишга қабул қилиш тўғрисидаги маълумот ЯММТга киритилганда, кадрлар хизмати у эски асосий иш жойи бўйича ишдан бўшатилмаганлигини аниқлади, аниқроғи ишдан бўшатиш тўғрисидаги маълумотлар ЯММТга киритилмаган». 

«Нормa» ва kadrovik.uz илтимосига кўра бундай вазиятда нима қилиш кераклигини ЯММТ дирекциясида тушунтиришди:

 

– «ЯММТ» идоралараро дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 60-бандига мувофиқ иш берувчи меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тартибига риоя қилиш учун жавобгардир. Шу жумладан – меҳнат шартномасини бекор қилишни рўйхатдан ўтказиш учун.

Иш берувчилар меҳнат шартномасини бекор қилишни Низомнинг 7-бобига мувофиқ рўйхатдан ўтказадилар.

Агар хато сабабли нотўғри маълумотлар  киритилган бўлса, иш берувчи уларни беш иш куни ичида тузатиши мумкин. Агар бу муддат аллақачон ўтган бўлса, иш берувчи ЯММТ дирекциясига ёрдам учун мурожаат қилиши керак .

Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ходимга бир нечта иш берувчилар билан шартномалар тузишга имкон беради. Бунда улардан фақат биттаси асосий иш жойи, қолганлари – ўриндошлик асосидаги иш бўлиши мумкин.

Кўриб чиқилаётган вазиятда аввалги иш берувчи бирон сабабга кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида маълумот киритишга улгурмаган бўлиши мумкин. Ходим учун иккита асосий иш жойининг бўлиши ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Агар сиз бундай вазиятни аниқлаган бўлсангиз, бу ҳақда ишга қабул қилинаётган ходимга хабар беринг. У ўз хоҳишига кўра қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:

1) олдинги иш берувчига шартнома бекор қилинганини тегишли тартибда расмийлаштиришни илтимос қилиб мурожаат қилиши. Ана шунда сизнинг ташкилотингиз билан меҳнат шартномаси унинг учун  «асосий иш жойи бўйича» тузилади;

2) агар янги иш берувчи бундай шартларга рози бўлса, янги иш берувчи билан ўриндош сифатида меҳнат муносабатларини расмийлаштириш.

Kadrovik.uz тавсия қилади

Валерия ЛЯНДРЕС, «Норма» кадрлар хизмати раҳбари:

– Юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш учун ходимни асосий иш жойи бўйича расмийлаштираётган иш берувчига меҳнат шартномасини тузишдан олдин нафақат қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини, балки меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисидаги ёзув билан электрон меҳнат дафтарчасидан ҳам кўчирма сўрашни ва бу маълумотларни солиштиришни тавсия қиламан.

Олег ГАЕВОЙ  тайёрлади