Меҳнат шартномасини ходимлар сони (штати) ўзгариши муносабати билан бекор қилиш тартиби

20.01.2025
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

- ходимлар сони (штати) ўзгариши деганда нима тушунилади

- ходимлар сони (штати) ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг босқичма-босқич алгоритми

Ходимлар сони (штати) ўзгариши деганда нима тушунилади

Меҳнат шартномасини МКнинг 161-модда 2-қисм 2-бандига кўра бекор қилиш қуйидагиларда ходимлар сони ёки штати ўзгарганда амалга оширилади:

- ташкилотда;

- ташкилотнинг алоҳида бўлинмасида (филиал, ваколатхона);

- якка тартибдаги тадбиркорда.

Меҳнат шартномасини ушбу асос бўйича бекор қилиш фақат ходимлар сони ёки штати ўзгариши технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан боғлиқ бўлган тақдирдагина асосли бўлади. Иш берувчи меҳнат низоси юзага келган тақдирда ходимлар сони ёки штатини сақлаб қолиш ушбу сабабларга кўра имконсиз эканлигини исботлаши керак. Бунда бундай ўзгаришларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги ишлаб чиқариш масаласи муҳокама қилинмайди.

«Ходимлар сонининг ўзгариши» ва «штат ўзгариши» тушунчалари ўртасида қандай фарқ бор?

Ходимлар сонининг ўзгариши – бу маълум лавозим бўйича штат бирликлари сонининг камайиши. Масалан, ташкилотнинг штат жадвалидаги сотув менежери лавозимининг иккита бирлиги ўрнига битта бирлик қолдирилди. Штат ўзгариши – бу штат жадвалидан айрим лавозимларнинг тўлиқ чиқарилиши. Масалан, сотув менежери лавозими штат жадвалидан тўлиқ чиқарилди.

Кейинги ўринларда матнда қулайлик учун «штат ўзгариши» қисқартирилган ибораси қўлланилади, у ҳам сон ўзгаришини, ҳам штат ўзгаришини англатади.

Эътибор беринг

Нима учун «штат қисқартирилиши» эмас, штат «ўзгариши» ибораси қўлланилади.

Меҳнат шартномасини МКнинг 161-модда 2-қисми 2-бандига кўра бекор қилиш фақат ходимлар сони камайганда ёки штат бирликлари сони қисқартирилгандагина амалга оширилмайди. Бу асос бўйича ишдан бўшатишга ташкилотга бошқа мутахассисликдаги ходимлар керак бўлганда, аввалги ходимлар билан эса меҳнат муносабатларини ишни давом эттириш учун зарур бўлган билим ва кўникмалар йўқлиги сабабли сақлаб қолиш имконсиз бўлган ҳолларда йўл қўйилади. Масалан, компаниянинг қайта ихтисослашуви ёки ишлаб чиқариш автоматлаштирилиши муносабати билан. Бу ҳолда ташкилот ходимларининг сони нафақат камайиши, балки кўпайиши ҳам мумкин. Айнан шу сабабли Меҳнат кодексида «ходимлар сони (штати) қисқартирилиши» эмас, «ходимлар сони (штати) ўзгариши» атамаси қўлланилади.

Штат ўзгариши қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги билан асослантирилган бўлиши керак:

  • технологиядаги ўзгаришлар. Масалан, ташкилотда янги дастгоҳлар, машиналар, ускуналар, ишлаб чиқариш линиялари жорий этилмоқда. Бу ўз навбатида бундай ускуналарда ишлаш учун тегишли малака ва мутахассисликка эга бўлмаган ходимларни қисқартириш заруратига олиб келади;
  • ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар. Масалан, ташкилотда у ёки бу хизматлар, бўлимлар, бошқармалар ёки бошқа бўлинмаларни тугатишни назарда тутувчи янги штат тузилмаси тасдиқланади. Ёхуд аввалги бўлинмалар ўрнига бошқа мутахассисликдаги ходимлар талаб этиладиган янги бўлинмалар ташкил этилади;
  • ишлар ҳажмларининг қисқариши. Бу ҳолда иш берувчида ташкилотда ҳақиқатан ҳам иш ҳажми қисқарганлиги ва бу ходимлар сонини камайтириш заруратига олиб келганлигини тасдиқловчи далиллар бўлиши керак.

Меҳнат шартномасини МКнинг 161-модда 2-қисм 2-бандига кўра бекор қилиш фақат юқорида кўрсатилган сабаблар ходимларга аввалги ишни бажаришни давом эттириш имконини объектив равишда бермаса, асосли деб топилишини ҳисобга олинг 20.11.2023 й. 26-сон ОСПҚ 28-б. Агар ўзгаришлар штат ўзгаришига эмас, балки фақат меҳнат шартларининг ўзгаришига (иш тартиби, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими, меҳнат таътилининг давомийлиги ва бошқалар) олиб келса, меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 161-модда 2-қисм 2-бандига кўра бекор қилиш мумкин эмас. Бу ҳолда иш берувчи меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз МКнинг 137-моддасида белгиланган тартибда ўзгартиришга ҳақли. Ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этса, у билан меҳнат шартномаси МКнинг 137-модда 4-қисмига кўра бекор қилинади.

Эътибор беринг
Ходим билан штат ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш буйруқ билан расман расмийлаштирилган иш бўйича эмас, у ҳақиқатда бажараётган иш бўйича амалга оширилиши керак.
Вазият
Штат қисқартирилиши муносабати билан меҳнат шартномасини ноқонуний бекор қилиш

Ходим расмий равишда кичик муҳандис лавозимига расмийлаштирилган, ҳақиқатда эса у котиб-референт бўлиб ишлаган. Кичик муҳандис лавозими штат жадвалидан чиқарилгани муносабати билан ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Бу қонунийми?

– Иш берувчининг ҳаракатлари ноқонуний. Ходим котиб-референт сифатида ишни бошлаган пайтдан бошлаб у билан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади, гарчи у тегишли тарзда расмийлаштирилмаган бўлса ҳам. Котиб-референт лавозими қисқартирилмагани сабабли ходимни аввалги ишига тиклаш керак.

Штат ўзгариши муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг босқичма-босқич алгоритми

1-ҚАДАМ. Янги штат жадвалини тасдиқлаш ёки амалдагисига ўзгартиришлар киритиш ва шу муносабат билан ходимлар штатини ўзгартириш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • штат ўзгаришининг асоси...
lock

Давомини ўқиш учун Kadrovik Pro га обуна бўлинг