2026 йилда кадрлар бўйича мутахассисларнинг ЯММТдаги янги мажбуриятлари: фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар ва таътилларни рўйхатдан ўтказиш

preview

2026 йил 1 январдан бошлаб my.mehnat тизимида иккита янги функция пайдо бўлди: фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ижтимоий таътиллардан ташқари бошқа турдаги таътилларни рўйхатдан ўтказиш. Агар илгари тизимда фақат ижтимоий таътиллар қайд этилган бўлса, энди меҳнат таътиллари, иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар ва иш ҳақи қисман сақланадиган таътилларни ҳам рўйхатдан ўтказиш керак. Мақолада рўйхатдан ўтиш тартибини батафсил кўриб чиқамиз.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни ЯММТда мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилди. 2026 йилгача бундай талаб йўқ эди – бу иш берувчиларнинг янги мажбурияти.

Қайси фуқаролик шартномалари рўйхатдан ўтказилиши керак:

  1. 2026 йил 1 январдан бошлаб ва ундан кейин тузилган барча фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар.
  2. 2026 йилгача тузилган, улар бўйича ҳозиргача иш олиб борилаётган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар.

Мисол. Қайси фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар рўйхатдан ўтказилиши керак

2025 йил ноябрь ойида компания дизайнер билан 2026 йил март ойигача фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузди. Бундай шартномани ЯММТда рўйхатдан ўтказиш зарур.

Агар компания 2025 йилда копирайтер билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган бўлса ва шартнома бўйича иш ўша йили тўхтатилган бўлса – уни рўйхатдан ўтказиш керак эмас.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш муддатлари тартибга солинмаган, бироқ тизимда маълумотларнинг йўқлиги суғурта бадаллари ҳисоблашнинг тўғрилигига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун бу кадрлар бўйича мутахассис учун устувор вазифа ҳисобланади, чунки рўйхатдан ўтказмаслик меҳнат қонунчилигини бузиш сифатида баҳоланиши – бунинг учун иш берувчи жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани ЯММТда қандай рўйхатдан ўтказиш керак 

ЯММТда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун «ЯММT» ИДАК ташкилотининг шахсий кабинетига киринг ва қуйидагиларни бажаринг:

1-қадам. Бош саҳифада иш жойини яратиш функцияси ёнидаги «Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар» белгисини босинг. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги  шартномани рўйхатдан ўтказиш ойнаси очилади.

2-қадам. «Шартномани рўйхатдан ўтказиш» тугмасини босинг ва очилган шаклда ижрочининг паспорт маълумотларини тўлдиринг. Маълумотлар тўғри киритилгандан сўнг ижрочи ҳақида маълумот пайдо бўлади. 

3-қадам. Ижрочи билан имзоланган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартноманинг қоғоз шаклини «Файлни танлаш» тугмаси устига босиш орқали юклаб олинг.

4-қадам. Ижрочи билан тузилган Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тўғрисидаги асосий маълумотларни киритинг: шартнома рақами, тузилган санаси, шартнома бўйича хизматларнинг номи, хизматлар кўрсатишни бошлаш ва тугатиш санаси.

5-қадам. Барча маълумотларни киритгандан кейин, «Сақлаш ва имзолаш» тугмасини босиб, шартномани имзоланг.

Маълумот учун

Рўйхатдан ўтказилган барча шартномалар «Амалдаги шартномалар» бўлимида акс эттирилади.

Эътибор беринг

ЯММТда фақат Ўзбекистон фуқаролари билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани рўйхатдан ўтказиш мумкин. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун функционал ишлаб чиқилмоқда.

 

Ходимларга бериладиган таътилларни рўйхатдан ўтказиш

2026 йилгача ЯММТда фақат ижтимоий таътиллар: ҳомиладорлик ва туғиш бўйича, болани парваришлаш бўйича, ўқув ва ижодий таътилларни рўйхатдан ўтказиш зарур эди. Шунингдек ходимнинг СЧР хизматига кетиши ҳам рўйхатдан ўтказилиши керак. 2026 йилдан бошлаб my.mehnat сайтида қуйидагиларни рўйхатдан ўтказиш шарт: меҳнат таътилини, иш ҳақи сақланмайдиган таътил ва иш ҳақи қисман сақланадиган таътилини.

Маълумот учун

ЯММТдаги таътиллар бўйича маълумотлар ходимларга автоматик нафақалар тайинлаш учун асос бўлади.

 

Меҳнат таътилини ЯММТда қандай рўйхатдан ўтказиш керак

ЯММТда ходимнинг таътилга чиққан ва ундан қайтган санасини рўйхатдан ўтказиш зарур. Ходим таътилини қайд қилиш учун, қуйидаги кўрсатмаларга амал қилинг.

1-қадам. Электрон меҳнат дафтарчаси бўлимини очинг. Бунинг учун ходимнинг фамилияси устига босинг ва охирги катакчадаги «Кўриш» ҳаволасига ўтинг.

2-қадам. «Таътилни рўйхатдан ўтказиш» тугмасини босинг ва очилган ойнадан таътил турини – «Меҳнат таътили»ни танланг.

 

3-қадам. Меҳнат таътилининг бошланиши ҳақидаги маълумотларни тўлдиринг. Сўнгра «Юбориш» тугмаси босинг ва меҳнат таътили тизимда қайд этилади.

Таътил расмийлаштирилгандан кейин бош саҳифада тегишли лавозим бўйича бўш иш ўрни акс эттирилади. Асосий ходим йўқ бўлган даврда иш берувчи вақтинчалик ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузишга ҳақли.

Тавсиянома

Муддатли меҳнат шартномасини қандай тузиш ҳақида батафсил Kadrovik PRO экспертларининг тавсияномасида ўқинг.

 

4-қадам. Таътил тугагач, унинг қайтишини рўйхатдан ўтказиш керак. Бунинг учун ходим саҳифасида «Таътилдан қайтариш» тугмасини босинг ва очилган ойнада меҳнат таътилининг тугаши ҳақидаги маълумотларни тўлдиринг.

 

Ходим таътилдан қайтганлиги тўғрисидаги маълумотлар киритилгандан сўнг унинг лавозими бўш бўлмайди ва у ҳақидаги маълумотлар қуйидагича акс эттирилади:

 

Янги талабларга риоя қилиш учун, кадрлар бўйича мутахассис нима қилиши керак

1. Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома инвентаризациясини ўтказинг. Амалдаги шартномаларни аниқланг ва уларни тизимга киритинг.

2. 2026 йилдан бери берилган барча таътиллар ўз вақтида рўйхатдан ўтказилганлигини текширинг.

3. ЯММТ билан ишлайдиган ходимларга йўриқнома ўтказинг.

Тавсиянома

Компанияда кадрлар ишини юритишни қандай ташкил этиш ва шошилинч ишларнинг кўпайиб кетишига қарши қандай курашиш ҳақида батафсил Kadrovik PRO маълумот-эксперт тизимидаги мутахассисларнинг тавсияномаларида ўқинг

 

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text213032_2026_yilda_kadrlar_buyicha_mutahassislarning_yammtdagi_yangi_majburiyatlari_fuqarolik-huquqiy_tusdagi_shartnomalar_vatatillarni_ruyhatdan_utkazish