Ташкилотларда норасмий бандлик устидан назорат кучайтирилади ва тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги қайта кўриб чиқилади

preview

Норасмий бандлик ҳолатлари аниқланганда иш берувчиларга ДМИ текширувлари тайинланади. Бу Президентнинг 05.02.2026 йилдаги ПҚ-49-сон қароридан келиб чиқади.  Бундан ташқари, шундай ҳолатлар аниқланган компанияларнинг тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингидаги баллари пасайтирилади. Норасмий бандликни аниқлаш бўйича янги тизим қандай ишлайди, ДМИ текширувини тайинламаслик ва маъмурий жавобгарликдан озод этишлари учун нима қилиш керак? Бу тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингига қандай таъсир кўрсатади? Kadrovik.uz нашрида ушбу саволларга ойдинлик киритилди.

 

Норасмий бандликни аниқлаш бўйича янги тизим қандай ишлайди

Норасмий бандликни ҳоким ёрдамчилари текширув чоғида аниқлаши мумкин. Агар компанияда меҳнат шартномалари расмийлаштирилмаган ходимлар ишлаётганлиги аниқланса, ДМИ иш берувчига ЯММТнинг шахсий кабинетига огоҳлантириш хати юборади. Иш берувчи ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузиш орқали уч иш куни ичида қоидабузарликни бартараф этиши мумкин. 

Эътибор беринг

Агар иш берувчи огоҳлантириш хатини олган кундан эътиборан уч иш куни ичида қоидабузарликларни бартараф этмаса, ДМИ текширув тайинлаши мумкин.

 

Маъмурий жавобгарликни қандай олдини олиш мумкин

Агар компаниянгизда норасмий бандлик ҳолатлари аниқланса, директорни жаримага тортмасликлари учун нима қилиш кераклигини англаб олиш муҳимдир.

1. Қоидабузарлик аниқланган кундан эътиборан 3 иш куни ичида ходимлар билан меҳнат шартномаларини расмийлаштиринг.

2. Огоҳлантириш хати олинган пайтдан эътиборан 1 ой ичида ходимга бутун иш даври учун иш ҳақини тўлиқ тўланг.

Эътибор беринг

Жавобгарликдан фақат бир вақтнинг ўзида иккита шарт бажарилганда озод қилиш мумкин: меҳнат шартномасини расмийлаштириш ва ишланган давр учун иш ҳақини тўлиқ тўлаш.

Мисол

Компания 10 февраль куни 5 нафар ходимнинг ҳужжатсиз ишлаётгани аниқлангани тўғрисида огоҳлантириш хатини олди. 13 февралга қадар (3 иш куни) қоидабузарликни ихтиёрий равишда бартараф этиш керак эди. Компания улгурмади – энди унга ДМИ текшируви таҳдид солмоқда. Агар 12 мартга қадар барча ходимлар расмийлаштирилмаса ва иш ҳақи тўланмаса – жарима муқаррар.

 

1 мартдан бошлаб Барқарорлик рейтингида нималар ўзгаради

1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингига иккита янги мезон киритилади. Улар рейтингда тадбиркорлик балларини пасайтиради:

  1. Тасдиқланган норасмий бандлик ҳолатлари.
  2. Ходимларга белгиланган МҲТЭКМдан кам миқдорда иш ҳақи ҳисоблаш.

Маълумот учун.

Барқарорлик рейтингидаги балларнинг пасайиши нималарга таъсир қилиши мумкин

1. Давлат харидларида иштирок этиш имкониятига.

2. Имтиёзлар ва преференциялар олишга.

3. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурларидан фойдаланиш имкониятига.

 

Иш берувчилар ҳозир нима қилишлари керак

1-қадам. Компанияда меҳнат шартномаси расмийлаштирилмаган ходимлар бор-йўқлигини текширинг.

2-қадам. Барча ходимлар МҲТЭКМ (1 271 000 сўм)дан кам бўлмаган иш ҳақи олишига ишонч ҳосил қилинг.

3-қадам. Билдиришномаларни ЯММТдаги шахсий кабинетда текширишни унутманг. Акс ҳолда, агар огоҳлантириш хатини олган бўлсангиз, қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини ўтказиб юборишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз

Агар билдиришномани ўтказиб юборсангиз, аниқланган қоидабузарликларни тузатиш муддатларини ҳам ўтказиб юборасиз. Бу компанияда ДМИ текширувини ўтказиш хавфини туғдиради

Ситуация

Иш берувчи огоҳлантириш хати ҳақида ЯММТга юборилганидан кейин 5 кун ўтгач хабар топган. Шунда 3 иш куни муддати тугаган бўладими?

Ҳа, муддат иш берувчи хатни ўқиб чиққан пайтдан эмас, балки шахсий кабинетга хат юборилган пайтдан бошлаб ҳисобланади. ЯММТдаги шахсий кабинетни мунтазам равишда текшириб туриш муҳимдир.

 

Норасмий бандлик иш берувчилар учун қандай хавф туғдиради?

1-хавф. Режадан ташқари текширув. Ходимларни меҳнат шартномасисиз расмийлаштириш ДМИ текширувини тайинлаш хавфини туғдиради.

2-хавф. Маъмурий жавобгарлик. Агар қоидабузарлик бир ой ичида бартараф этилмаса ва ходимларга ишланган давр учун иш ҳақи тўланмаса, иш берувчи расмийлаштирилмаган ҳар бир ходим учун МЖтКнинг 49-моддаси бўйича жавобгарликка тортилади.

3-хавф. Молиявий зарарлар. Ҳатто ходимга иш ҳақи тўланган бўлса ҳам, иш берувчи яна бутун давр учун иш ҳақини, тўлашига тўғри келади, лекин энди расмий равишда.

4-хавф. Барқарорлик рейтингини пасайтириш. 1 мартдан бошлаб норасмий бандликнинг ҳар бир ҳолати Рейтингдаги балларни автоматик равишда пасайтиради.

 

kadrovik.uz

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text213544_tashkilotlarda_norasmiy_bandlik_ustidan_nazorat_kuchaytiriladi_vatadbirkorlarning_barqarorlik_reytingi_qayta_kurib_chiqiladi