Август ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Байрамлар дам олиш кунларига тўғри келиб, ва дам олиш куни бошқа кунга кўчирилса, албатта, бу жуда яхши – ҳамма қўшимча дам олишдан хурсанд бўлади. Лекин кадрлар бўйича мутахассислар ва бухгалтерларнинг кайфияти бироз бузилади. Ҳар йили улар учун «таътил бошқотирмаси» пайдо бўлади: агар бундай кўчирилган дам олиш куни меҳнат таътили даврига тўғри келса – уни таътилга қўшиш ва ҳақ тўлаш керакми? Шубҳаларни бартараф этиш ва билимларни янгилаш учун, аниқ мисолни кўриб чиқамиз – 2026 йил 9 март, яъни 8 март байрам куни якшанба кунига тўғри келса.
1-савол. 2026 йил 9 март таътилнинг давомийлигига киритиладими?
МК 221-моддасига асосан, ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигига ишланмайдиган байрам кунлари киритилмайди. Демак:
- 8 март – ишланмайдиган байрам куни → таътилга киритилмайди;
- 9 март – кўчирилган дам олиш куни → таътилга киритилади, чунки у байрам куни эмас.
Дам олиш кунини кўчириш унинг ҳуқуқий табиатини ўзгартирмайди: у байрам куни эмас, дам олиш куни бўлиб қолаверади.
Kadrovik.uz тавсия қилади
2-савол. 9 март учун таътил куни сифатида ҳақ тўланадими?
МК 233-моддаси ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлашда якшанба куни ҳисобга олинмаслигини белгилайди.
Қўшимча равишда ушбу жиҳат 14.11.2024 йилдаги 758-сон ВМҚга 5-илованинг 8-бандида
ойдинлаштирилади. Унда айтилишича, меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда ўртача иш ҳақи ўртача кунлик иш ҳақини таътил кунлари (якшанба ва байрам кунларидан ташқари) сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Бундан келиб чиқадики:
- ҳақ тўланадиган таътил кунларидан фақат якшанба ва байрам кунлари чиқариб ташланади;
- кўчирилган дам олиш куни бундай кунларга кирмайди.
Демак, 2026 йил 9 март таътил давомийлиги ҳисоб-китобига киритилади ва унга ҳақ тўланади.
Ўқишни тавсия қиламиз
Мисолда кўриб чиқамиз.
Ходимга 2026 йил 23 февралдан бошлаб давомийлиги 21 календарь кун бўлган ҳар йилги меҳнат таътили берилди.
Календарь ҳисоб-китоби:
|
Сана |
Таътилга киритилади |
Ҳақ тўланади |
|
23–28 февраль |
✔ |
✔ |
|
1 март (як) |
✔ |
✖ |
|
2–7 март |
✔ |
✔ |
|
8 март (як, байрам) |
✖ |
✖ |
|
9 март (кўчириш) |
✔ |
✔ |
|
10–14 март |
✔ |
✔ |
|
15 март (як) |
✔ |
✖ |
|
16 март |
✔ |
✔ |
Қандай ҳисоблаймиз:
- 23 февраль – 7 март: 13 кун;
- 8 мартни ҳисобга олмаймиз;
- 9 – 16 март: яна 8 кун.
Жами: 21 календарь кун таътил.
Таътилнинг охирги куни – 16 март.
Ишга чиқиш – 17 март.
Шундай қилиб:
2026 йилда 8 март якшанба кунига тўғри келганда:
- 8 март таътилнинг давомийлигидан чиқариб ташланади ва унга ҳақ тўланмайди;
- 9 март таътилга киритилади ва унга ҳақ тўланади.
Kadrovik.uz тавсия қилади