Ёш ходимларга энди МҲЭКМнинг 2 бараваридан кам ҳақ тўлаш мумкин эмасми? ПҚ-210-сон қарордаги янги шарт кимларга тааллуқли

preview

Президентнинг 01.06.2026 йилдаги ПҚ-210-сон қарори эълон қилинганидан сўнг ОАВда ишсиз ёшларни ишга қабул қилишда иш берувчилар МҲЭКМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи белгилаши шартлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу таъриф саволларни юзага келтирди: ушбу талаб барча иш берувчиларга татбиқ этиладими ёки фақат айрим дастурлар иштирокчиларигами. Материалда буни кўриб чиқамиз.

Маълумот учун

Ёшлар учун МҲЭКМнинг 2 баравари миқдорида иш ҳақи тўғрисидаги талабни талқин қилиш масаласини тушунишга Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ДМИ текширувларини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Отабек Бобомуродовнинг ҳамкасбларимиз – buxgalter.uz сайтида эълон қилинган шарҳи ёрдам беради.

Аслида, МҲЭКМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган иш ҳақи тўғрисидаги норма барча иш берувчилар учун амал қилмайди. У ПҚ-210-сон қарор доирасида имтиёзли кредит олиб, ишсиз ёшларни ишга жойлаштирадиган тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган.

Агар компания ушбу дастурларда иштирок этмаса ва имтиёзли кредит олмаган бўлса, МҲЭКМнинг 2 баравари миқдоридаги талаб унга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолда иш берувчилар Меҳнат кодексининг умумий қоидаларига амал қилишда давом этади: белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ходимнинг иш ҳақи МҲЭКМнинг 1 бараваридан кам бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, қарорда дастур иштирокчилари учун қўшимча мажбуриятлар ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, улар ишга жойлаштирилган ёшлар учун иш ўринларини камида икки йил сақлаб қолишлари, бундай ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда эса – унинг ўрнига бир ой ичида бошқа ишсиз ёшни ишга қабул қилишлари керак.

Шу тариқа, МҲЭКМнинг 2 баравари миқдори тўғрисидаги талаб – барча иш берувчилар учун умумий қоида эмас, балки фақат имтиёзли кредитлаш дастурлари доирасида амал қиладиган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шартидир.

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text215601_esh_hodimlarga_endi_mhekmning_2_baravaridan_kam_haq_tulash_mumkin_emasmi_pq-210-son_qarordagi_yangi_shart_kimlarga_taalluqli