МКда иш ташлаш механизми белгиланади ва кимга тўлиқсиз иш куни белгиланиши шартлиги аниқлаштирилади

preview

Меҳнат кодексида илк маротаба иш ташлашни ўтказиш тартиби мустаҳкамлаб қўйилди. Бу 2026 йил 11 июндаги ЎРҚ-1150-сон Қонундан келиб чиқмоқда. Шунингдек, ходимларга тўлиқсиз иш вақтини белгилашга оид талабларни мустаҳкамловчи моддаларга ўзгартишлар киритилди. Иш берувчилар, кадрлар бўйича мутахассислар ва ходимларнинг ўзлари учун ишда нималар ўзгаришини ушбу мақолада таҳлил қилдик.

2026 йил 11 июнь куни ЎРҚ-1150-сон Қонун эълон қилиниб, у билан айрим қонун ҳужжатлари, шу жумладан, Меҳнат кодексига ўзгартишлар киритилмоқда Илк маротаба ходимлар томонидан иш ташлаш ўтказиш тартиби ва уни бузганлик учун жавобгарлик мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шунингдек, МКнинг ходимлар учун тўлиқсиз иш вақти белгилаш тартибини мустаҳкамловчи моддаларнинг таърифлари тизимлаштирилди.

Эътибор беринг

Ўзгартиришлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

Ходимлар қандай тартибда иш ташлашни ўтказиши мумкин

Иш ташлашда қатнашишга ёки ундан воз кечишга мажбурлаш мумкин эмас. Жамоавий меҳнат низосини яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари орқали ҳал этишнинг имкони бўлмаганда ёки иш берувчи уларни ўтказишдан бош тортганда, меҳнат жамоаси иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Қарор иш ташлаш бошланишидан камида бир ой олдин умумий йиғилишда оддий кўпчилик (50 фоиздан кўпроқ) овоз билан қабул қилинади. Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

  • иш ташлаш учун асос бўлиб хизмат қилган келишмовчиликлар рўйхати;
  • иш ташлашнинг бошланиш санаси, вақти ва жойи;
  • иш ташлашга раҳбарлик қилувчи ва унинг ваколатлари тўғрисидаги маълумотлар;
  • яраштирув-воситачилик тартиб-таомилларидаги ходимлар вакилларининг рўйхати.

Касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлаш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида иш берувчини бир иш кунидан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилади. Иш берувчи ҳам айни шу муддатда жамоавий меҳнат низоларини тартибга солувчи давлат органларини ёзма равишда огоҳлантиради.

Кимлар иш ташлашда қатнашишга ҳақли эмас

Қонунда иш ташлашда иштирок этишга ҳақли бўлмаган ходимлар тоифаси тўғридан-тўғри кўрсатиб қўйилган. Уларга қуйидагилар киради:

  • тиббиёт ходимлари;
  • Лавозимларнинг давлат реестрига киритилган давлат фуқаролик хизматчилари;
  • махсус ёки ҳарбий унвонга эга бўлган ҳарбий хизматчилар, судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари;
  • энергия ва сув таъминоти тизимлари ходимлари;
  • алоқа тизимлари ходимлари.

Фавқулодда ҳолат ёки уруш ҳолати шароитида ва умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш ўтказиш тўлиқ тақиқланади.

Эътибор беринг

Фаолияти аҳолининг кундалик ҳаёти учун муҳим бўлган ташкилотлар учун зарур ишларнинг энг кам ҳажми жорий этилиши мумкин. Унинг рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ичида тасдиқлайди.

 

Иш ташлаш вақтида ходимларга қандай кафолатлар тақдим этилади

Иш ташлашда қатнашаётган ходимнинг иш жойи ва лавозими сақлаб қолинади. Уни айнан иш ташлашда иштирок этганлиги учун интизомий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Бунда, иш берувчи иш ташлаш даври учун иш ҳақини тўламасликка ҳақли.

Иш ташламаган, лекин ишсиз туришга мажбур бўлган ходимларга бекор туриб қолиш расмийлаштирилади ва ҳақ тўланади. Шунингдек, иш берувчи уларни вақтинчалик бошқа ишга ўтказиши мумкин.

 

Иш ташлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун қандай жавобгарлик белгиланмоқда

МЖтКга 201²-модда қўшилади. Янги моддага кўра, тақиқланган иш ташлашда қатнашганлик учун БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача, ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилганлик учун эса – БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади. Бунда, иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашишдан бош тортишга мажбурлаш БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Бундай ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, баённомаларни расмийлаштириш ва ишларни судга юбориш билан ДМИ инспекторлари шуғулланади.

Жиноят кодексига 218¹-модда қўшилади: аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилганлик учун БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар ушбу ҳаракатлар одамлар ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

 

Тўлиқсиз иш вақти белгилашни кимларга рад этиб бўлмайди

ЎРҚ-1150-сон Қонунда Меҳнат кодексининг 398-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Тузатишлар тўлиқсиз иш вақтига ҳақли бўлган шахслар доирасини ўзгартирмади, бироқ моддани талқин этилишини янада аниқроқ ва тизимлироқ қилди.

Ҳозир қандай Қандай бўлади
Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг), шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра уларга тиббий хулосага мувофиқ тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт.

Меҳнат кодексининг 398-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Энди иш берувчи қуйидаги шахсларга уларнинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақти белгилаши шарт эканлиги тўғридан-тўғри мустаҳкамлаб қўйилди:

– ҳомиладор аёлга;

– ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирига (ота-онанинг ўрнини босувчи шахсга);

– тиббий хулосага мувофиқ оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахсга.

Ариза топширган ва ушбу уч тоифадан бирига мансуб бўлган ходимга рад жавобини бериш мумкин эмас. Тўлиқсиз иш вақти режими МК 186-моддасида назарда тутилган тартибда белгиланади.

Эътибор беринг

Ўзгартиришлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text215605_mkda_ish_tashlash_mehanizmi_belgilanadi_va_kimga_tuliqsiz_ish_kuni_belgilanishi_shartligi_aniqlashtiriladi