Август ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
ЯММТ маълумотларини солиқ базаси билан солиштириш функцияси ишга туширилди: бу иш берувчилар учун нимани англатади
ЯММТда маълумотларни солиқ базаси билан солиштириш функцияси ишга туширилди. Тизим тафовутларни автоматик тарзда аниқлаб, акс эттириб боради. Масалан, агар солиқ органига ЯММТда рўйхатдан ўтмаган ходимлар тўғрисида маълумот тақдим этсангиз, бу my.mehnat порталида акс эттирилади. Қўшимча равишда ЯММТга декрет тўловларининг онлайн-мониторинги киритилди. Янги функцияларни қуйида – kadrovik.uz материалида батафсил таҳлил қилдик.
My.mehnat тизими энди қандай тафовутларни кўради
ЯММТ иккита – ўзининг ва солиқ органининг маълумотлар базасини –таққослайди ҳамда улар мос келмаган ҳолатларни автоматик равишда чиқаради. Айни пайтда тизим икки турдаги тафовутни аниқлайди.
Биринчи турдаги тафовут: меҳнат шартномаси бор, лекин иш ҳақи ҳисобланмаяпти. Ходим ЯММТда расман рўйхатдан ўтказилган, бироқ иш берувчининг ҳисоботларида унга иш ҳақи ҳисоблангани ва даромад солиғи тўлангани тўғрисида маълумот йўқ. Бу меҳнат шартномаси амалда бекор қилинганлиги, бироқ ишдан бўшатиш ЯММТда рўйхатдан ўтказилмаганини англатиши мумкин.
Иккинчи турдаги тафовут: иш ҳақи ҳисобланган, аммо меҳнат шартномаси йўқ. Солиқ базасида ходимнинг иш ҳақи ва солиқлари акс эттирилган, бироқ у билан тузилган меҳнат шартномаси ЯММТда рўйхатдан ўтказилмаган.
Эътибор беринг
My.mehnat ва солиқ органи ўртасидаги тафовутлар – бу меҳнат қонунчилиги бузилганлигидан дарак беради. Хусусан, МК 25-моддаси: иш берувчи меҳнат шартномаларини, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ЯММТда ўз вақтида рўйхатдан ўтказиши шарт.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Иш берувчи ҳозирнинг ўзида нима қилиши керак
Тизим сизда тафовутларни ҳали аниқламаган бўлса ҳам, маълумотларингизни текшириб чиқинг. ЯММТдаги ходимлар рўйхатини солиқ ҳисоботларига кўра иш ҳақи ҳисобланадиган ходимлар рўйхати билан солиштиринг. Қуйидагиларга алоҳида эътибор беринг:
- • ишдан бўшатилиши ЯММТда ўз вақтида акс эттирилмай қолган собиқ ходимларга;
- • меҳнат шартномалари ҳали рўйхатдан ўтказилмаган янги ходимларга.
Ўқиш учун тавсия этамиз
Декрет тўловлари қандай кузатиб борилади
2026 йил 1 январдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади. Шу муносабат билан my.mehnat тизимида ушбу тўловларни кузатиб бориш учун янги бўлим киритилди.
Энди иш берувчи ва ходим ЯММТда қуйидагиларни кўра оладилар: нафақа тайинлаш мақомини ёки рад этиш сабабини; ҳисоб-китоб тартибини ва тўловнинг аниқ суммасини. Маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги базасидан автоматик тарзда келиб тушади.
Эътибор беринг
2026 йилдан бошлаб иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан декрет пулини ҳисоблаб чиқармайди ва тўламайди. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги барча маълумотлар ЯММТдаги шахсий кабинетда акс эттирилади.