Август ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
ДМИ ҳокимни потенциал ҳуқуқ бузарлик ҳақида огоҳлантирди: иш берувчилар нималарга эътибор беришлари керак
Меҳнат инспекцияси, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва талабаларига шаҳар кўчаларини кузатиб боришни топшириш режалаштирилганидан сўнг, Самарқанд ҳокимига потенциал ҳуқуқбузарлик тўғрисида расмий огоҳлантириш юборди. Нима учун бундай ташаббус ҳуқуқбузарликка олиб келиши мумкинлиги ва иш берувчилар бу вазиятдан қандай хулоса чиқаришлари кераклигини таҳлил қиламиз.
Самарқандда ҳоким университетлар ўртасида, уларнинг йўналиши ва ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, шаҳар кўчаларини, масофасига қараб, тақсимлаш ташаббусини илгари сурди. Олий таълим муассасалари ходимлари ва талабалари тозалик, дарахт ва туплар, суғориш тизимлари, йўлаклар ҳолати ва бошқа ободонлаштириш масалаларини кузатиб бориши, ҳамда аниқланган муаммолар ҳақида масъул хизматларга хабар бериб боришлари мўлжаллаштирилган эди. ДМИ ташаббуснинг амалга оширилишини кутмади ва, у оммага эълон қилиниб, жамоатчиликда резонанс келтириб чиқарганидан сўнг, дарҳол расмий огоҳлантириш юборди.
Нима учун ДМИ ташаббусни ҳуқуқбузарлик деб баҳолади
Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик жисмоний шахсни меҳнатга мажбурлашни тақиқлайди. Хусусан, МК 5-моддаси 3-қисмида: «Мажбурий меҳнат тақиқланади» деб тўғридан-тўғри кўрсатилган. Ходимни унинг меҳнат шартномасида ва лавозим йўриқномасида назарда тутилмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш, гарчи бу «мониторинг» ёки «ижтимоий мажбурият» сифатида тақдим этилса-да – ҳуқуқбузарлик аломати ҳисобланади.
Маълумот учун
ДМИ потенциал ҳуқуқбузарликни қандай асослади:
Агар ушбу ташаббус амалиётда жорий этилса ва педагоглар ўз фаолиятига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилинса, бу мажбурий меҳнат ҳолатларига олиб келади.
Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга педагогларни ўз касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид эканлиги ва бундай ҳолатлар учун жавобгарлик назарда тутилганлиги тўғрисида огоҳлантириш юборилди. Ҳар қандай ташаббусларни амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиш ҳамда педагогларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш зарур».
Kadrovik.uz тавсия қилади
Юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, иш берувчилар нималарни ҳисобга олишлари керак
Амалиётда педагоглар, шифокорлар, тарбиячилар ва бошқа ходимлар кўпинча шаҳарни ободонлаштиришга қаратилган меҳнатга мажбурланади. Бу, Давлат меҳнат инспекцияси белгилаганидек, меҳнат қонунчилигининг тўғридан-тўғри бузилишидир: «Ҳар қандай ташаббусларни амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилиш ҳамда педагогларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш зарур».
Агар ходим топшириқни бажаришдан бош тортса, аввало бу унинг меҳнат шартномаси ёки лавозим йўриқномасига кўра мажбуриятлари доирасига кириш-кирмаслигини текширинг. Агар кирмаса, уни жазолаб бўлмайди. Бунинг устига, вазиятдан келиб чиқиб, ходим меҳнатга мажбурлангани учун ДМИга шикоят қилиши мумкин ва бу ҳолда иш берувчига огоҳлантириш ёки бошқа жазо чоралари таҳдид солади.