1 августдан бошлаб иш берувчилар ва кадрлар бўйича мутахассилар нималарни ҳисобга олишлари керак

preview

1 августдан бир қатор ўзгартиришлар кучга киради, уларнинг бир қисми кадрлар бўлими ишига ҳамда ташкилотнинг текширувчилар ва давлат органлари билан ўзаро муносабатларига бевосита дахлдордир. Асосийси: инспекторнинг ҳар қандай ташрифи энди QR-код орқали рўйхатдан ўтказилиши шарт – усиз ҳудудга киритишни рад этиш мумкин. Шунингдек энди меҳнат низолари бўйича ихтисослаштирилган судьялар бўлади, хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарлар учун давлат пул мукофотини тўлайди, архив иши эса электрон форматга ўтади. Материалда ҳар бир ўзгаришни батафсил кўриб чиқамиз.

 

Текширувчининг ҳар қандай ташрифи энди QR-код орқали қайд этилади

Бу ойдаги энг амалий ўзгартиришлардан бири бизнесни текшириш тартибига тааллуқлидир. 1 августдан бошлаб мансабдор шахснинг ҳар қандай ташрифи – режали текширув, профилактика тадбири, ҳар қандай иш юритиш доирасидаги ташриф – «Ягона давлат назорати» тизимида «Бизнес ҳимоя» QR-коди орқали олдиндан рўйхатга олинган бўлиши лозим. Бу Президентнинг 17.04.2026 йилдаги ПФ-63-сон Фармонидан келиб чиқади. Бунда янгилик ҳатто назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотлар ҳисобига ҳам тегишлидир.

Агар инспектор бундай QR-кодни тақдим эта олмаса, иш берувчи уни корхона ҳудудига киритмасликка ва мулоқотга киришмасликка ҳақли. Ташкилот QR-кодни govcontrol.uz порталида олиши мумкин.

Эътибор беринг

Ушбу қоида ташкилотга текширув билан келадиган барча назорат органларига, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ва меҳнат шартлари билан боғлиқ ташрифларга ҳам тааллуқлидир. Кадрлар бўйича мутахассис учун бу шуни англатадики: текширувчини ичкарига киритишдан ва ҳужжатларни тақдим этишдан олдин, ташриф янги қоидалар бўйича рўйхатга олинганлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.

 

Хавфли ишлаб чиқаришдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабар учун энди ҳақ тўланади

1 августдан бошлаб фуқаролар Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги ҳуқуқбузарликларнинг фото ва видеодалилларини – жойи, санаси ва вақтини кўрсатган ҳолда, юборишлари мумкин бўлади. Мурожаат уч иш куни ичида, жойига мажбурий чиққан ҳолда, кўриб чиқилади. Агар ҳуқуқбузарлик ўз тасдиғини топса, мурожаат қилувчи ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида пул мукофотини олади.

Эътибор беринг

Норма хавфли ишлаб чиқариш объектларига тааллуқли бўлса-да, унинг мантиғи ҳар қандай иш берувчи учун муҳимдир: энди ходимлар ва бегона шахсларда ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш учун тўғридан-тўғри молиявий рағбат мавжуд. Агар ташкилот шахсий ҳимоя воситалари берилиши лозим бўлган, алоҳида меҳнат режими ёки хавфсизлик устидан қўшимча назорат ўрнатилган шароитларда ишлаётган бўлса – ходимлардан бири ёки учинчи шахслардан келиб тушган хабар нафақат соҳавий қўмитанинг, балки бир вақтнинг ўзида бир нечта назорат органларининг режадан ташқари ташрифига сабаб бўлиши мумкин.

 

Архив иши электрон форматга ўтмоқда

1 августдан бошлаб архив иши билан боғлиқ бўлган бир қатор функциялар тўлиқ электрон форматга ўтади: Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш, йиғмажилдлар рўйхатини тузиш ва расмийлаштириш, архив ҳужжатларини қабул қилиш ва бериш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг йиғмажилдлар номенклатурасини шакллантириш.

Ушбу ўзгариш энг аввало давлат архивлари фаолиятини тартибга солади. Бироқ ташкилотлар учун ҳам бевосита боғлиқ жиҳат мавжуд – қайта ташкил этиш жараёнида ҳужжатларни сақлашни келишиб олиш. Агар корхона қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган бўлса, архив ҳужжатларини, шу жумладан кадрларга оид ҳужжатларни, топшириш ва сақлаш масаласи эндиликда электрон тизим орқали келишилади. 

Эътибор беринг

Ташкилотнинг йиғмажилдлар номенклатурасини шакллантириш ҳам – ушбу жараённинг бир қисмидир. Агар ташкилотингиз йиғмажилдлар номенклатурасини келишиши шарт бўлса, бундай келишиш тартиби ҳам рақамли форматга ўтади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низолари учун алоҳида судьялар бўлади

1 августдан бошлаб фуқаролик судларида меҳнат низолари бўйича ихтисослашув жорий этилади. Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида меҳнат низоларини 4 нафар судья, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида эса – 3 нафардан судья ўз зиммасига олади. Шунга ўхшаш ихтисослашув бутун мамлакат бўйича туманлараро судларда ҳам жорий этилади – Нукус ва Бухородан тортиб, Фарғона ва Урганчгача, ҳудудга қараб, 1-2 нафардан судья ажратилган.

Ушбу қоида 2026 йил 1 августдан кейин келиб тушган аризаларга тааллуқлидир – улар ихтисослашган судьялар ўртасида тақсимланади. 31 июлга қадар (шу кун ҳам киради) келиб тушган ишлар, шу жумладан ҳозирда иш юритувида бўлганлари эса – аввалги тартибда кўриб чиқилади.

 

kadrovik.uz

Янгиликлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text216519_1_avgustdan_turtta_yangilik_tekshiruvlar_mehnat_nizolari_huquqbuzarliklar_haqida_habar_berish_vaarhivlar_uchun_yangi_qoidalar